Жамият | 13:04 / 03.11.2020
17807
2 дақиқада ўқилади

Маъмурий ишларни кўриб чиқиш ваколати судлардан профилактика инспекторларига ўтказилиши мумкин

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати судлардан ички ишлар органлари профилактика инспекторларига ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодексга ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамасида Ички ишлар вазири ўринбосари Азизбек Икромов айтиб ўтган.

Kun.uz мухбири хабар беришича, ИИВ ташаббуси билан Қонунчилик палатасига Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун киритилган.

Мазкур қонун лойиҳаси қабул қилиниши билан айрим тоифадаги ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш жараёнида ҳуқуқбузар содир этган қоидабузарлигига иқрор бўлиб, белгиланган жаримани судгача бўлган муддатда тўлаш истагини билдирса ёки жабрланувчининг ҳуқуқбузарлик субъектига нисбатан даъво аризалари йўқлиги маълум бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан ички ишлар органлари профилактика инспекторлари ваколатига ўтказилиши мумкин.

Бундай ваколатларнинг маъмурий судлардан ички ишлар органлари профилактика инспекторларига ўтказилишига асос сифатида вазирлик вакиллари томонидан ҳудудлардаги маъмурий судларнинг аҳоли яшаш пунктларига узоқлиги ҳамда айрим ички ишлар органлари профилактика инспекторлари томонидан тузилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомалар ўз вақтида судлар томонидан кўриб чиқилмаётгани келтириб ўтилган.

Шунингдек, муҳокамалар жараёнида Азизбек Икромов маъмурий ҳуқуқбузарликларга мисол сифатида республика бўйича 2019 йилда 401та, 2020 йилнинг 9 ойи давомида 505та ҳолатда ёввойи наша ўз вақтида йўқ қилинмаганлиги ҳолатлари қайд этилганини айтиб ўтган.

Мавзуга оид