Ўзбекистон | 14:48 / 03.11.2020
3308
7 дақиқада ўқилади

НамДУ ректори: «Таълим-тарбия ва илм-фан борасидаги янги фармон таълимда коррупцияни камайтиради»

Шу йилнинг 24 октябрь куни Ўзбекистон президентининг «Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига чиқарилган эди.

Наманган давлат университети ректори, Собитхон Турғунов университет сайтида бу фармон ва унинг таълим ва тарбия жараёнларини узлуксиз мувофиқлаштиришга қандай хизмат қилиши борасида фикрларини билдирган.

У бу борадаги фикрлари матнини Kun.uz'га ҳам тақдим этди.

Собитхон Турғунов

«Охирги вақтларда фан ва таълим, уларнинг ишлаб чиқариш билан  интеграциясини чуқурлаштириш бўйича 10 дан ортиқ қарор ва фармонлар қабул қилинди.  

Президент Мирзиёевнинг халқ муҳокамасига қўйилган «Мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонини ҳам таълим тизимига берилаётган эътибор натижаси  дейиш мумкин.

Фикримча, фармонда нафақат таълим сифатини таъминлаш балки таълим-тарбия иштирокчиларига зарур шароит яратиш, бир сўз билан айтганда, мактабгача таълим муассасаларидан бошлаб олий таълимдан кейинги жараёнларда илм-фан соҳасини ривожлантиришга қаратилган эътибор ҳам ўз ифодасини топган. Шунингдек, жараёнлар узлуксизлиги ва самарадорлилигига қаратилган омиллар тизимли равишда тўлиқ ифодаланган.

Эътибор қаратилса, ушбу фармон лойиҳаси табиий равишда таълим-тарбия иштирокчилари, ота-оналар ва бошқа йиғинларда ҳам муҳокама қилинмоқда. Билдирилаётган фикрларда эса ўқитувчи ва мураббийларимиз, фарзандларимиз ҳаётида янги бир давр бошланаётгани таъкидланмоқда.

Яхши кадрни тарбиялашда мактабгача таълим тизимидан бошлаб, олий таълим тизимигача бўлган давр ўта аҳамиятли ва муҳим. Ўйлашимча, ҳозиргача олий таълимнинг профессор-ўқитувчилари бу жараёнларда фаол иштирок этмаган.

Фармонда 2021 йилдан бошлаб, олис ва чекка ҳудудлардаги ёшларни нуфузли олимларга бириктирилиши, иқтидорли ёшларни рақамли технология, биология, генетика бўйича 3-6 ойлик стажировкаларини хорижий мамлакатларда ташкил этиш, ҳудудларда илмий фаолият билан шуғулланаётган ёшларнинг илмий ғояларини қўллаб-қувватлаш, нуфузли илмий мактабларни шакллантириш каби масалалар алоҳида белгиланмоқда.

Унинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, умумтаълим мактаблари битирувчиларининг 6 йил давомида олган баҳолари яъни фанларнинг ўзлаштириш даражалари, билимлари олий ўқув юртида инобатга олиниши, баҳоланиши белгиланган. Бу жуда муҳим жараён. Чунки, кейинги йилларда умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг дарсга келмасдан, 3 та фан йўналишида репититорларга қатнашлари бошқа фанларга бефарқлик даражасини оширган эди. Бу ўз ўрнида мактабларда адолат мезонларини бузилишига, ўқитувчи педагогларнинг дарс бериш жараёнларида масъулиятларини пасайишига олиб келгани сир эмас.

Эндиликда ўқувчи мактаб масъулиятини ҳис этиб, дарсларда фаол қатнашади. Энг муҳими, ўқитувчилар ҳам масъулият ҳисси билан фаолият олиб боради. Баҳолаш тизими эса электрон тарзда олиб борилади. Бу коррупцияни камайтиришга ҳам хизмат қилади. Бундай жараён эса олий таълимда сифат кўрсаткичларини ошишида кескин бурилиш ясаши шубҳасиз. Таълим тизимидаги узвийликнинг боғланиши барча бўғинларда бирдамликни мустаҳкамлашга асос бўлади.

Чунки, олий таълим тизимидаги профессор-ўқитувчиларнинг жойларда олиб борган фаолиятлари ёшлар билан яқиндан танишиш, уларни билим ва истеъдодларини тўғри баҳолаган ҳолда олий таълимга йўналтириш имкониятини яратади.

Яна бир жиҳат шундаки, туман ва шаҳар кесимларида умумтаълим мактаблари билан ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши ана шу ҳудуддан бўлажак олимларни кашф этишда катта мактабни вужудга келтириши шубҳасиз. Чунки айнан ёшларнинг илмга чанқоқлиги даврида профессор-ўқитувчилар билан учрашув уларнинг келажакдаги орзу ва мақсадларини ҳам белгилаб беради.

Шу йилнинг 30 октябрь куни президент Мирзиёев раислигида ўтган видеомулоқотда ҳам таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм ва фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари жиддий муҳокама қилинган эди. Жумладан, унда таълим тизимининг барча бўғинида раҳбарларга катта масъулият ва жавобгарлик масаласи белгиланди.

Бу вазифалардан келиб чиққан ҳолда Наманган давлат университети аниқ тадбирлар режасини белгилаб олди. Жумладан, вилоятнинг Чуст, Поп, Тўрақўрғон, Косонсой, Мингбулоқ, Наманган, Норин, Уйчи, Учқўрғон, Чортоқ, Янгиқўрғон туманлари ҳамда Наманган шаҳри ҳудудидаги 1 тадан умумий ўрта таълим мактабларини оталиққа олиш кўзда тутилган.

Уларнинг педагогик салоҳиятини ошириш, янги методикаларини қўллаш орқали ўқитувчиларнинг кимё, биология, информатика, она тили ва адабиёт ҳамда чет тиллари бўйича малакасини ошириш белгиланди.

Шунингдек, Наманган тажрибаси сифатида вилоятда кимё ва биология фанларига ихтисослашган мактаб ташкил этиш ва унда тегишли фанлар бўйича университетнинг кафедралари филиаллари фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилди. Бу орқали университетнинг тажрибали профессор-ўқитувчиларини умумий ўрта таълим мактабларига бириктириш асосида фанлар бўйича узлуксиз малака ошириш марказлари фаолиятини ташкиллаштириш мумкин бўлади.

Бунинг учун университетимизда барча зарур шароит ва имкониятлар мавжуд. Жумладан, университетда 600 дан ортиқ профессор-ўқитувчилар фаолият олиб бормоқда. Уларнинг 15 нафарини фан докторлари, 181 нафарини фан номзодлари ташкил этади. PhD илмий даражасини берувчи 9 та ихтисослик бўйича 4 та илмий Кенгаш мавжуд. Жорий йилда ўз диссертацияларини ҳимоя қилганлар 25 нафарни ташкил этди. Эришилган ютуқлардан яна бири 2020 йилнинг август ойидан бошлаб «НамДУ Илмий Ахборотномаси» хорижий тилларда нашр эттирилган мақолаларга ОАК томонидан дессертация ҳимояси учун талаб қилинадиган халқаро журналлардаги мақоми берилди. Албатта ушбу ютуқлар умумтаълим мактаб ўқитувчилари билан ўзаро тажриба алмашишда муҳим омил бўлади. Биз университет жамоаси билан Наманган тажрибасини яратамиз.

Ўзбекистоннинг келажаги чин маънода бугунги ёшлар, мактаб битирувчилари эса эртага олий таълим талабасига айланади. Шундай экан, уларни мактаб давридаёқ, олий таълим тизимига тайёрлаш, жаҳоннинг ривожланган олий таълим тизими билан яқиндан таништириш ёшлар учун айни муддаодир. Бу фармон ижросини таъминлаш ҳар бир раҳбар, педагог кадрларнинг олдида турган долзарб вазифа».

С. Турғунов,
Наманган давлат университети ректори,
педагогика фанлари доктори, профессор.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид