Ўзбекистон | 14:09 / 03.11.2020
15260
10 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда камбағалликка қарши кураш: Нобелчилар тажрибаси, Бўкадаги ўрганиш ва кутилаётган натижалар ҳақида

Нобель совриндорларининг тажрибасидан Ўзбекистонда фойдаланиш ҳақидаги хабар жамоатчиликда қизиқиш уйғотди. Негаки, 2019 йили Абхижит Бенаржи ва унинг турмуш ўртоғи Эстер Дюфло камбағалликни қисқартириш борасида қўллаган экспериментлари учун Нобель мукофотига лойиқ кўрилганди. Ўзбекистонда камбағалликка қарши курашда уларнинг тажрибаси қанчалик қўл келади? Мамлакатда камбағалликка қарши курашиш ишлари қандай давом этяпти? Ушбу саволларга Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов жавоб берди.

1977 йилда Термиз шаҳрида туғилган Обид Ҳакимов дастлаб Тошкент Молия институти, сўнгра 2000-06 йилларда АҚШнинг Вандербильт ва Миддл Теннесси университетларида таҳсил олган. Шу пайтга қадар у Тошкентдаги Вестминстер халқаро университети, Давлат бошқарув академияси ҳамда Президент Админстрациясида меҳнат фаолиятини олиб борган.

Камбағаллик нима?

— Кўпгина мамлакатларда камбағаллик абсолют ўлчовлар орқали ўлчанади. Масалан, битта одам маълум миқдордан кам даромад ёки кам истеъмол қилаётган бўлса, шу одам камбағал ҳисобланади. Бутун дунёда одам ўзининг минимал функцияларини бажариш учун керак бўладиган килокалорияни(ккал) олиш учун истеъмол қилинадиган озиқ-овқат миқдори тушунилади. БМТ 1800 ккалдан паст озиқ-овқат истеъмол қилаётган одамлар ҳақиқий камбағал ҳисобланишини таъкидлайди. Камбағалликнинг нисбий ўлчамларида кўп ривожланган мамлакатларда тўйиб овқат емаслик муаммолари йўқ. Уларда барча аҳолининг олаётган даромади тақсимотида энг паст 20 фоиз даромадли аҳоли камбағал саналади. Яна бир ўлчам минимал истеъмол саватчаси бўлиб, бу ерда фақат озиқ-овқат эмас, хизматлар, ноозиқ-овқат маҳсулотлар, минимал хизматлар кабилар қўшилади. Мамлакатлар ўзларидаги камбағаллик даражасини мана шундай турли ўлчамлар билан аниқлаб, сўнгра аҳоли даражасини кўтариш бўйича ўз сиёсатларини амалга оширишади. 

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов

Aйтиб ўтилган омиллардан Ўзбекистонда қайси бирига кўп аҳамият бериляпти?

— Ўзбекистонда камбағаллик ҳақидаги гаплар 2020 йилнинг бошидан бошланди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг парламентга мурожаатида бу масала кўтарилди. Давлат раҳбари мамлакатдаги камбағаллик кўрсаткичи 10-15 фоиз оралиғида эканини айтганди. Бу рақам қаердан келган? Таъкидланганидек, одамларнинг кунлик минимал харажатлари бор. Ўрта паст даромадли мамлакатлар учун ушбу мезон 3,2 АҚШ долларини ташкил этади. Бунда 3,2 доллар айнан эмас, шу қийматда турли давлатларда тўлов қобилияти маҳаллий валютадаги рақамга ўзгартирилади. Яъни харид қилиш қобилияти паритетининг конвертация коэффициенти (PPP conversion factor) ҳар йили Жаҳон банки томонидан эълон қилинади. Масалан, 2018 йил Ўзбекистон учун 1 АҚШ долларининг PPP қиймати 1784 сўм этиб белгиланганди. 2020 йилда бажарилган ҳисоб-китобга кўра, киши бошига 3,2 AҚШ доллари, яъни 5,600 сўм тўғри келиб, Ўзбекистонда шунча маблағ ишлаб топган одам камбағал эмас. Шу ўлчам асосида, Ўзбекистонда камбағаллик кўрсаткичи 9-10 фоиз атрофида этиб белгиланган.

Ўзбекистонда камбағал деб топилган аҳолининг бу ҳолга қандай тушгани, ҳозирда қандай яшаётгани ўрганилганми?

— Ўзбекистонда камбағалликни комплекс ўрганиш учун шу йилнинг 29 сентябр куни президент томонидан Ўзбекистонда камбағалликни ўрганиш бўйича жаҳон тажрибасига мос равишда катта ва кенг тадқиқотлар ўтказишга топшириқ берилди. Бу тадқиқотларга 2019 йилда Нобель мукофотини олган Эстер Дюфло ва Абхижит Бенаржининг тадқиқотлари асос қилиб олинган. Бу бўйича давлат хизматчилари, камбағалликка қарши курашаётган одамларда камбағаллик тўғрисида комплекс фикрлашни йўлга қўйиш керак эди. Кўпинча одамлар билан суҳбатда маълум бўладики, иш топиб ёки кредит олиб, бирор иш қилиш орқали камбағалликдан чиқиб кетиш мумкин, деган фикр бор. Aҳолининг қўлига пул бериш камбағалликдан чиқаришда яхши самара бермайди. Чунки бунга комплекс ёндашув керак. Бу масала билан шуғулландиган хизматчиларга аҳоли учун таълим, ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш масалаларининг қанчалик долзарб экани ҳақида тўлиқ маълумот берилди.

Камбағалликдан ўзидан ўзи даромад билан чиқиб кетиш қийин. Масалан, кимгадир пул берсам, у ўз соҳаси, соғлиғи, уйидаги муҳит, фарзандлари соғлиғи ва таълимига эътибор қаратмаса, ўзини камбағалликдан чиқариш устида ишламаса, эртага яна камбағаллик қопқонига тушиб қолаверади. Шунинг учун, камбағалликни қисқартиришга комплекс ёндашиш керак.

Шунингдек, ижтимоий ҳимоя тизимимиз қандай бўлиши кераклиги ҳам инобатга олиниши керак. Масалан, ижтимоий ҳимоя тизимимиз бу фақат берилаётган ёрдам эмас, камбағалликдан чиқариш учун берилаётган ёрдам ҳисобланади. Кўпгина мамлакатларда фуқаро ижтимоий ҳимояни олаётганда муайян шартга розилик беради. Масалан, ҳар 2 ойда болаларини шифокор кўригидан ўтказмаса, ўз соғлиғига эътибор қаратмаса, болаларнинг мактабга боришини тўлиқ таъминламаса, ижтимоий нафақа тўхтатилиши ҳақида огоҳлантирилади. Худди шундай биз Бўка ва Чиноз туманларида 1100дан ортиқ уйларга бориб, бутун уйни тўлиқ сўровномадан ўтказдик ва сўровнома бўйича таҳлилларни амалга оширяпмиз.

Бу таҳлил ва ўрганишлардан кутилаётган натижа нима бўлади?

— Биринчи навбатда, биз одамларни қандай ўлчовлар асосида «Темир дафтар»га киритиш кераклиги бўйича таҳлилни амалга оширишимиз керак. Яъни камбағаллик меъзонларини аниқлаб, бу ҳолатда Ўзбекистонда қайси чора самара беришини топишимиз керак. Шу орқали келгусида Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш стратегиясига таклифлар ишлаб чиқамиз.

Чекка ҳудудларда тоза ичимлик суви, табиий газ ва электр танқислиги муаммоси бор. Булар ҳам камбағалликка тортувчи омиллар бўладими?

— Ҳа. Масалан, жаҳон тажрибасида оддий канализациянинг йўқлиги қишлоқ жойларида инфекцион касалликларнинг тез тарқалиши ва  асосан ёш болаларга юқиши орқали уларнинг ривожланиш жараёнига кескин таъсир қилиши исботланган. Натижада боланинг мактабдаги фаолиятига таъсир қилиб, инсон капиталининг ривожланишига тўсқинлик қилади.

Хусусан, ичимлик суви         йўқлиги ҳам гижжаларнинг пайдо бўлиши ва бу боланинг мактабда дарсни паст ўзлаштиришига сабаб бўладиган омил ҳисобланади.

Шунингдек, канализация, табиий газ ва электрнинг йўқлиги соғлиққа таъсир қилади. Натижада одам кўпроқ самарасиз харажатларни қилади. Масалан, Бўкада «Темир дафтар»га киритилган бир оиланинг 5 нафар фарзанди бор. Уларнинг ҳар бирига пандемия даврида янги ўқув мавсумига тайёрланиш учун 500 мингдан 2 ярим миллион берилган. Aммо пул болалар ўқув қуроли ёки таълими учун эмас, уларнинг онаси орттириб олган касалликни даволаш учун сарфланган.

Шаҳар жойларда, нисбатан шароит яхши бўлган жойларда аҳоли уй-жой билан таъминланмайди, ноозиқ-овқат маҳсулотлари, масалан, иссиқ ҳавода хонага кондиционер сотиб олишга қурби етмайди. Шундай ҳолатда ҳам улар камбағал сифатида эътироф этилиши мумкинми?

— Бу - нисбий камбағаллик. Камбағаллик бўйича энг муваффақиятли тажриба Хитойда кузатилган. У ўтган асрнинг 80 йилидан бери 900 миллион одамни камбағалликдан чиқарган ягона давлат. Уларда камбағалликдан чиқаришда одамларда озиқ-овқат ва кийим-кечак бўлиши кераклиги минимал талаб бўлган. Ундан кейин таълим, соғлиқни сақлаш ва уй-жой билан таъминлаш режа қилинган. Камбағалликнинг аниқ рецепти йўқ. Бизнинг тадқиқотларимиз ҳам қайси ҳолатда, қандай чора самара беришини кўриб ҳисоблаб чиқмоқчимиз.

Нобель мукофоти совриндорлари Эстер Дюфло ва Абхижит Бенаржининг тажрибаси ва биз ундан қандай фойдаланишимиз ҳақида айтсангиз.

— Улар АҚШнинг Массачусетс Технологиялар институти қошида лаборатория очган. Ҳозир биз ҳам ўша лаборатория билан ҳамкорликни йўлга қўймоқчимиз. Бу лаборатория бир нечта мамлакатларда камбағалликка қарши кураш бўйича қатор тажрибаларни ўтказиб келади. Шулардан бири болаларни мактабга жўнатиш ва уларнинг мактабга бормаслигининг олдини олиш бўйича мактабда озиқ-овқатни ташкил қилиш тажрибаси ҳисобланади. Кўп камбағал оилалар кийими йўқлиги сабаб мактабга бормаслигини айтади. Мактабда болага кийим ёки овқат бериш унинг билим даражасига қанчалик таъсир қилиши каби тажрибаларнинг камбағалликни қисқартиришга таъсирини ўрганишган.

Тажриба давомида Бўкадаги хонадонларни кунлик истеъмолини ўргандик, агар дунё миқёсида ўртача истеъмол ккал 2100 бўлса, бизда 2300 ккалга тўғри келади. Бўкада 1 кунда 1 нафар одам 2300 ккал истеъмоли учун 9300 сарфланяпти. Шунда, 2100 ккал ўртача 8500 сўмга тушяпти. Бу Бўка туманида 5 киши яшаётган оила учун 42500 сўм камбағаллик чегараси ҳисобланади. Энди бу минимум озиқ-овқат нархининг шаҳар ёки қишлоқ жойлардаги нархига қараб паст бўлади ёки баланд бўлади.

Демак, биз бу тадқиқотлар натижасида истеъмол саватчасини ҳам қабул қилишимиз мумкин бўладими?

— Истеъмол саватчасини ҳисоблаш Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига топширилган. Улар ўзларининг ҳисоб-китобларида бизнинг тадқиқот натижамиздан фойдаланишади.

Обид Ҳакимов суҳбат давомида камбағалликни қисқартириш борасида Ўзбекистонда кутилаётган ўзгаришлар, режадаги ишлар ҳақида гапириб ўтди. Шунингдек, ижтимоий хизматларни яхшилаш борасида ўз мулоҳазасини билдирди.

Суҳбатни Youtube орқали тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Отахон Юсупов.

Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид