Ўзбекистон | 15:07 / 03.11.2020
5350
3 дақиқада ўқилади

Вазирликлар Наманганда қабул ўтказмоқда. Асосий мурожаатлар йўл, кўмир, соғлиқни сақлаш мавзусида

Жорий йил ноябрь ойининг дастлабки кунларида Наманган вилоятининг Чуст, Тўрақўрғон, Чортоқ ва Учқўрғон туманларида президент админстрацияси, халқ қабулхоналари бошчилигида йигирмадан ортиқ вазирлик ва идора раҳбарлари иштирокида сайёр қабуллар ташкил этилиб, фуқароларнинг мурожаатлари ўрганилмоқда.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Дастлаб Чустда ташкил этилган оммавий қабулда Чуст, Поп ва Мингбулоқ туманлари фуқаролари томонидан қўйилган масалаларга ечим изланди. Чуст шаҳрининг Маърифат кўчасида яшовчи Мирсаъди ота Жалилов маҳалласи ички йўлининг ўйдим-чуқур, ёзда чанг, қишда лой аҳволдалигини билдирди: «Айниқса, болаларга қийин, ёғингарчилик бўлган куни лой кечиб, мактабга бориш муаммога айланади. Бу масалада тегишли идораларга кўп бор мурожаат қилганимизга қарамай, ҳолат ўзгармади», дейди у мурожаатида.

Ушбу масала ҳудудий йўлсозлик корхонасига йўналтирилди ва йўл ёғин-сочинли кунларга қадар таъмирланадиган бўлди.

Қабулда шу каби йўлларнинг носозлиги билан боғлиқ 7 та мурожаат келиб тушди. Улардан иккитасининг тезкор ижроси таъминланиб, Чуст шаҳридаги Янгийўл кўчасининг 600 метрлик қисмига дарҳол асфальт ётқизилди. Резаксой маҳалласидаги Ғова кўчасининг 1,1 километри шағалланди.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

«Ўзбеккўмир» акциядорлик жамиятига қарашли «Кўмиртаъминот» масъулияти чекланган жамияти вакиллари 40 нафар фуқаронинг ёқилғи билан боғлиқ мурожаатларини тинглашди. 20 нафар мурожаатчининг талаби шу куниёқ қондирилди. Айни жараёнда хайрли ишга қўл урилиб, бир нафар меҳнат фахрийси ва бир нафар ногироннинг уйига 3 тонна кўмир бепул етказиб берилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги номидан вазир ўринбосари Элмира Боситхонова фуқаролар мурожаатларини тинглади.

Асосан пойтахт ва вилоят марказидаги шифохоналарда даволаниш учун йўлланма олиш масаласидаги 35 та мурожаатнинг 19 таси жойида ҳал этилди, 18 нафар мурожаатчи учун кейинги кунларда тажрибали мутахассислар кўриги ташкил этиладиган бўлди. Ногиронлар аравачасига эҳтиёжманд икки нафар мурожаатчининг талаби ҳам қондирилди.

Сайёр қабул Тўрақўрғон туманида давом эттирилди. Қабулга Косонсой, Наманган ва Тўрақўрғон туманларидан 200 дан зиёд фуқаро ташриф буюрди. Улар томонидан қилинган меҳнат ва бандлик, ҳуқуқ идоралари фаолияти, соғлиқни сақлаш, таълим, коммунал ва уй-жой соҳаси билан боғлиқ масалаларга мутасаддилар ечим излади.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Бу ерда одамлар кўпроқ турар жой, хусусан, ер участкаси, бизнес юритиш учун ер олиш масаласида қийинчиликка дуч келаётгани кузатилди.

Масалан, Наманган туманининг «Ибрат» маҳалласида яшовчи Музаффар Мўминов мебелсозликка асосланган тадбиркорликни йўлга қўйишни мақсад қилган. Ишни юритиш учун эса жой керак. Унинг шу мақсадда сайёр қабулга қилган мурожаати тегишли мутасаддилар олдига қўйилди ва мурожаатчига цех учун ер ажратиладиган бўлди.

Тўрақўрғонлик Исҳоқжон Нишоновнинг таълим сифатини яхшилаш билан боғлиқ таклифи ҳам халқ таълими вазирлиги мутасаддилари томонидан қўллаб-қувватланди. Сайёр қабуллар ҳудудлар бўйлаб давом этмоқда.

Мавзуга оид