Жаҳон | 19:54 / 04.11.2020
4738
2 дақиқада ўқилади

Пентагон АҚШдаги сайловлар билан боғлиқ вазиятга аралашмасликка ваъда берди

Пентагон АҚШ президенти сайловларида бирор-бир роль ўйнамайди. Сайловлардаги барча баҳсли масалалар судлар ва конгресс томонидан ҳал қилинмоғи лозим. Бу ҳақда АҚШ телеканали бошловчилари билан шахсий суҳбатда АҚШ қуролли кучлари штаблари бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси генерал Марк Милли маълум қилган.

Фото: REUTERS

“АҚШ қуролли кучлари ҳокимиятнинг тинч топширилишида ҳеч қандай роль ўйнамайди”, деб айтган Милли видеоанжуманда.

Таъкидланишича, ушбу суҳбат мазмуни ўзаро келишувга кўра эълон қилиниши керак эмас эди.

Миллининг ABC, CBS, NBC, CNN ва Fox телеканаллари бошловчилари билан суҳбати 31 октябрда бўлиб ўтган, бироқ у ҳақида ҳозир маълум бўлган. Axios нашри манбаларига кўра, генерал суҳбат вақтида Пентагон президент сайловларига аралашиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни рад этмоқчи бўлган.      

Генералнинг таъкидлашича, ҳарбийлар сиёсатга аралашмайдилар. Қонунга кўра, барча баҳсларни ҳарбийлар эмас, балки судлар ва АҚШ конгресси ҳал қилиши лозим. Милли ҳарбийлар сайловлардаги баҳсли масалаларни ҳал қилмасликлари ёки президентни Оқ уйдан чиқариш бўйича бирор-бир қарор қабул қилмасликларини айтган. 

Генералнинг бу сўзлари президент лавозимига номзод Жо Байденнинг яқинда айтган баёнотидан кейин янграган. Байден Дональд Трамп сайловларда ютқазгандан кейин президент лавозимидан кетишни истамаса, ҳарбийлар уни “Оқ уйдан ташқарига чиқариб қўйишларига мутлақ ишончи комиллигини” айтган эди.

Милли билан суҳбатда АҚШ қуролли кучларининг киберқўмондонлик раҳбари Пол Накасоне ва Миллий гвардия раҳбари Дэниел Хокансон ҳам иштирок этган. Улар ҳарбийларнинг сайловларни киберҳужумлардан ҳимоялаш бўйича амалга оширган саъй-ҳаракатлари ҳақида гапириб ўтишган. Ҳарбийларнинг таъкидлашича, хорижликлар сайловларга таъсир кўрсатишга ҳаракат қилишган, бироқ бунинг уддасидан чиқа олишмаган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид