Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШда овоз бериш якунланди. Қатор штатларда натижалар яқин орада эълон қилинмайди
АҚШда президентлик сайловлари куни расман якунланди, Аляска штатида ҳам сайлов участкаси ёпилди.
Американинг Висконсин, Мичиган ва Пенсильвания штатлари сайлов участкалари ёпилиши билан натижаларни эълон қилишни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда расмийларнинг маълумотларига асосланган ҳолда воқеа жойидан The Guardian хабар берган.
ОАВ прогнозларига кўра, Висконсинда (10 сайловчи) амалдаги президент Дональд Трамп устунлик қилмоқда. Сайлов арафасида бу штатда натижани олдиндан тахмин қилиш қийин эди.
Трамп демократ рақиби Жо Байденни Мичиганда ҳам (16 сайловчи) ортда қолдирмоқда, бу ҳудудда ҳам натижалар жумагача эълон қилинмайди. Пенсильвания (20 сайловчи) натижалар эълон қилиниши муддатини маълум қилмаган.
Трамп сайлов арафасида журналистларга сайлов натижаси сешанба куни кечқурун (Тошкент вақти билан чоршанба куни кундузи) эълон қилиниши ҳақида гапирганди.
«Ўйлайманки, сиз натижаларни бугуноқ билишингиз мумкин, бу ғалабамиз қанчалик ишончли бўлишига боғлиқ. Ўйлайманки, барчасини кечқурун билиб оласиз», деганди Трамп.
У бунинг учун «кўп кун, ҳатто бир ҳафта сарфлаш шарт эмаслиги, «бутун дунё, барча мамлакатлар натижаларни кутиши» ҳақида айтиб ўтганди.
Кузатувчиларнинг қайд этишича, бу йилги сайловларда натижаларни ҳисоблаш учун бир неча кун ёки бир ҳафта кетиши ҳам мумкин, коронавирус пандемияси туфайли овозларнинг катта қисми почта орқали юборилган, бундай бюллетенларни қабул қилиб олиш ва ҳисоблаб чиқиш учун эса кўп вақт талаб этилади.
Айрим штатларда бундай тизим аввалдан бор ва овозларни ҳисоблашни сайлов кунидан анча олдин бошланган, шу туфайли бу штатлар натижаларни тез эълон қилмоқда. Аммо қатор штатлар бундай тизимни шу йилдан жорий қилди, бу штатлардаги қонунчиликка кўра эса бюллетенларни сайлов кунига қадар ҳисоблашни ман этади.
Ҳозирдан сайлов натижасида ҳал қилувчи ўринга эга бир қатор штатлар, масалан Шимолий Каролина ва Пенсильванияда овозларни ҳисоблашга бир неча кун кетиши маълум бўлган.
Сўнгги маълумотларга кўра, 2016 йилда овозларини Трампга берган Аризона штати (11 овоз) бу сафар демократлар номзодини қўллаб-қувватлади.
Дастлабки натижалар ва прогнозлар
Трамп Кентукки (8 овоз), Индиана (11 овоз), Ғарбий Виржиния (5 овоз), Теннесси (11 овоз), Арканзас (6 овоз), Жанубий Дакота (3 овоз), Шимолий Дакота (3 овоз), Жанубий Каролина (9 овоз), Алабама (9 овоз), Юта (6 овоз), Миссури (10 овоз), Небраска (5тадан 4та овоз ), Миссисипи (6 овоз), Вайоминг (3 овоз), Оҳайо (18 овоз), Оклаҳома (7 овоз), Айова (6 овоз), Техас (38 овоз), Монтана (3 овоз), Айдаҳо (4 овоз), Канзас (6), Луизиана (8 овоз) ва Флоридада (29 овоз) штатларида устун келмоқда. Натижа: 213 овоз.Байден Виржинияда (13 овоз), Массачусетс (11 овоз), Делавэр (3 овоз), Мэриленд (10 овоз), Колумбия округида (3 овоз), Коннектикут (7 овоз), Нью-Жерси (14 овоз), Колорадо (9 овоз), Нью-Ҳемпшир (4 овоз), Иллинойс (20 овоз), Небраска (5тадан 1та овоз), Калифорния (55 овоз), Орегон (7 овоз), Вашингтон (12 овоз), Нью-Мехико (5 овоз), Ҳавайи (4 овоз), Нью-Йорк (29 овоз), Вермонт (3 овоз) ва Миннесотада (10 овоз) ғолиб бўлган. Натижа: 220 овоз.
Икки номзод ҳам ўз ғалабаси ҳақида ишонч билан гапирмоқда.
«Бу қадар кўп одам сайловда қатнашаётгани биз ўз ғояларимизга ишонтира олганимиздан далолат. Биз ғалаба йўлидамиз ва йўл ҳали давом этмоқда. Бу тун жуда узун бўлади. Ҳозир мен ҳам, Трамп ҳам ғалаба ҳақида гапира олмаймиз», деди Байден ўз рафиқаси билан чиқиш қилиб.
Дональд Трамп АҚШ президентлиги сайловини «ўғирлашга уриниш» ҳақида гапирди.
«Биз баландга кўтарилдик, аммо улар сайловдаги ғалабамизни тортиб олишга уринмоқда. Биз бунга ҳеч қачон йўл қўймаймиз», деди Трамп.
Twitter бу хабарни ретвит қилиш ва унга жавоб ёзиш имкониятини ўчириб қўйди. Кейинроқ эса унинг хабарини умуман ўчириб ташлади, сўнг яна жойига қайтарди, кейин эса яна ўчирди.
«Бу твит баҳсли контентдан иборат бўлиб, у сайловларда ёки бошқа фуқаролар тадбирларида қай тарзда иштирок этиш мумкинлиги борасида янглиш фикрлар уйғотиши мумкин», дея ўз хатти-ҳаракатини изоҳлади Twitter.
Fox News’нинг сўнгги прогнозларига кўра, Байден ҳозиргача 237 овозга, Трамп эса 210 овозга эга бўлган. The New York Times Байденга 213 овоз, Трампга — 174 овоз ҳисоблаган. CNN эса — Байден фойдасига 215 га 171 нисбатини берган.
Сайловда ғолиб чиқиш учун 270 овоз талаб этилади.
Associated Press’нинг ҳисоб-китоблари эса қуйидагича:

Мавзуга оид
15:23 / 25.05.2025
Жо Байден саратонга чалингани эълон қилинганидан кейин биринчи марта омма олдида кўриниш берди
19:09 / 19.05.2025
Байден саратонга чалингани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди
09:57 / 19.05.2025
Трамп саратон касаллиги аниқланган Байденни қўллаб-қувватлади
08:24 / 19.05.2025