Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Давлат ташкилотлари озар инвесторини «копток» қилмоқда. 3 кунлик иш 3 ойда ҳам битмади
Президент қарори талаблари бажарилмаётгани озарбойжонлик инвесторни Тошкентда корхона очиш фикридан қайтишга ундамоқда. Битим имзоланган, ер ажратиш учун 3 кун вақт белгиланган бўлса-да, масъуллар бу муддатни ойларга чўзиб юборди.
Шу йил 17 август куни «LABCENTER» МЧЖ корхонаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) тўғрисида битим имзоланади. Унга кўра, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент шаҳар филиали ҳудудидаги 550 кв. метр ер майдонида ДХШ асосида тиббий лаборатория ташкил этилиши керак эди.
Лекин ҳанузгача «LABCENTER» МЧЖ ўз ишини бошлай олмаётгани ортидан чет эллик инвестор ҳам ҳаммасига қўл силтаб, мамлакатдаги инвестициявий муҳит ҳақида салбий хулосалари билан мамлакатдан чиқиб кетиш арафасида турибди.
Бир қарашда ҳаммаси жуда оддий – онкологик касалликлар сони йилдан йилга ортиб бормоқда, уларни эрта ташхислаш ва даволаш масаласи ниҳоятда муҳим. Беморларнинг турнақатор навбатларини камайтириш учун соҳага турли янгиликлар, инвесторлар кириб келиши, янги муассасалар очилиши айни муддао бўларди. Аммо инвестор сармоя киритаман деса-ю, унга ишлаш имкони берилмаса, мутасаддилар амалий кўмак бериш ўрнига вазифаларини амаллаб ўзидан соқит қилишга уринса, қандайдир силжишга умид қилиш мумкинми?
Таҳририятга мурожаат қилган Асқар Ғозихонов ўз директорлигидаги «LABCENTER» МЧЖ давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим имзоланиши учун бир йилдан ортиқроқ югургани, битим имзолангач Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлигига ер ажратишни сўраб мурожаат қилгани, лекин ҳокимлик Ер кодексининг 23-моддасини асос қилиб келтириб, ер ажратиш жараёнини нотўғри талқин қилаётгани ҳақида сўзлаб берди.
2019 йилда президент қарори билан тасдиқланган Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисида низомнинг 57-бандига кўра, ДХШ тўғрисидаги битим тузилган кундан бошлаб 1 кун муддатда давлат шериги (ССВ) хусусий шерик («LABCENTER» МЧЖ)нинг аризасини, шунингдек, ваколатли орган ва ташкилотларнинг ер участкасини танлаш бўйича маълумот ва хулосаларини Тошкент шаҳар ёки туман ҳокимлигига битимда кўрсатилган шартларда ер участкаси ажратиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун юбориши лозим эди.
Шунингдек, ушбу низомнинг 58-бандига кўра, Тошкент шаҳар ёки туман ҳокимлиги 3 кун муддатда хусусий шерикка ер участкасини ажратиш тўғрисида қарор қабул қилиши ва қарорни пойтахт кадастр идорасига юбориши ҳамда бу ҳақда давлат шеригини хабардор қилиши белгиланган.
«LABCENTER» МЧЖ корхонаси ва ССВ ўртасида битим имзолангач, низом талабларига мувофиқ вазирлик Тошкент шаҳар ҳокимлигига ер ажратиш тўғрисида қарор чиқаришни сўраб мурожаат қилади.

Ҳокимлик жавоб хатида Ер кодексининг 23-моддасини асос қилиб келтиради ҳамда тиббиёт муассасаси ер майдони Тошкент шаҳар ҳокимлигининг захира фондига ўтказилганидан сўнг ҳукуматнинг тегишли низоми асосида берилишини маълум қилади.
Ер кодексининг 23-моддасида ер участкалари ҳокимлар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ажратиб берилиши, шунингдек эгаликдаги, фойдаланишдаги, ижарадаги ва мулк қилиб берилган ер участкасини бошқа шахсларга бериш (реализация қилиш) фақат шу участка белгиланган тартибда олиб қўйилганидан (сотиб олинганидан) кейин амалга оширилиши назарда тутилган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Марказ фойдаланишидаги ер майдони ўрнатилган тартибда (ердан фойдаланувчининг мурожаати асосида) Тошкент шаҳар ер захира фондига ўтказилганидан сўнг, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 январдаги 63-сонли қарори билан тасдиқланган Ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг 2-бобида белгиланган тартибда ер участкасини ажратиш бўйича материаллар тайёрланишини маълум қилган.

«Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги қонуннинг 31-моддасида ер участкаси хусусий шерикка ДХШ тўғрисидаги битим бўйича ўз мажбуриятларини бажариш учун шартнома асосида танлов ўтказмасдан берилиши белгиланган.
«Президент қарорида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишда хусусий шерикка ажратилган ер участкалари, сотиб олинган тиббий ва бошқа ускуналар, шунингдек, улар томонидан қурилган объектлар битимнинг амал қилиш муддати тугагандан сўнг давлат шеригига топширилиши белгиланган, биз ушбу шартларнинг барчасига кўниб иш бошламоқчи эдик. Бунинг ортидан 20дан ортиқ мутахассислар ишли бўлиб қоларди, давлат бюджетига катта солиқлар тўлардик, бундан ташқари давлат шеригининг қанчалаб ноёб лаборатория таҳлилларни унга арзон нархда қилиб беришимиз мумкин эди» – дейди инвесторнинг Ўзбекистондаги вакили Асқар Ғозихонов.
Унинг қўшимча қилишича, инвестор томонидан бу каби лабораториялар Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида бир неча ой ичида қурилиб, ишга тушган. Ўзбекистонда эса лойиҳа муаллифлари деярли 1,5 йилдан буён сарсон бўлиб юрибди.
Инвестор таклиф этган тиббий лабораториядан Ўзбекистонга қандай фойда бор?
Битимга кўра, хусусий шерик тиббий лабораториянинг ихтисослаштирилган биносини лойиҳалаш, қуриш, молиялаштириш, жиҳозлаш ва аҳолига тиббий ва нотиббий хизматлар кўрсатишни ўз зиммасига олади ҳамда битим муддати тугагандан сўнг объектни барча модификациялари, инвентарлари ва тиббий асбоб-ускуналари билан Давлат шеригига топширади.
Бундан ташқари, битимда объект қайтарилаётганда соз ҳолатда, эксплуатация қилиш муддати камида 5 йил, инвентарлар ва тиббий асбоб-ускуналарнинг яроқлилик муддати камида 1 йил бўлиши белгиланган.
Бундан ташқари, хусусий шерик ўзи қураётган лаборатория ҳисобидан давлат шеригига бир қанча турдаги лаборатория хизматларини қуйидаги ҳажм ва арзон нархларда тақдим этади.

Ҳокимлик билан юзага келган ушбу вазият юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутахассиси Жасур Каримов Kun.uz’га берган изоҳида ССВга берилган жавобдан ташқари, вазирлик Соғлиқни сақлаш соҳасида ДХШ тўғрисидаги низом шартларини тўлиқ бажармаганини маълум қилди.
«Низомга кўра, битим билан биргаликда ваколатли орган ва ташкилотларнинг ер участкасини танлаш бўйича маълумот ва хулосалари Тошкент шаҳар ҳокимлигига топширилиши керак. Лекин давлат шериги, яъни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳокимликка бундай хулосаларни тақдим қилмаган, қила олмайди ҳам, бу уларнинг ваколатида эмас» – деди ҳокимлик мутахассиси.
Жасур Каримов Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ўзи ФВВ, экология хизмати, коммунал хизматлар, санитария-эпидемиология хизмати каби ташкилотлардан бундай хулосаларни олиши мумкинлигини, бунинг учун ушбу ер майдони ҳокимликнинг ер захира фондига ўтиши кераклигини қўшимча қилди.
ССВ эса ўзининг балансида турган ер майдонини ҳокимлик захирасига ўтказишга рози эмас.
Маълум қилинишича, қаршиликнинг асосий сабаби – шериклик битимининг муддати тугагач, ер майдони ҳокимлик ихтиёрида қолиб кетиши хавфи борлигида.
Лекин, Жасур Каримовнинг айтишича, 20 йилдан сўнг ер майдони бинолари билан ССВ балансига қайтарилади. Мутахассис бунинг кафолати сифатида ДХШ битимидаги шартларни таъкидлади.
Ушбу соҳада Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шериклик агентлиги ваколатли орган саналади. Агентлик бош мутахассиси Санжар Жумаевнинг сўзларига кўра, қонунчиликка мувофиқ, умумий қиймати 1 миллион АҚШ долларига қадар бўлган эквивалентдаги ДХШ лойиҳасининг концепциясини тасдиқлаш тегишли давлат органи (ташкилоти) томонидан мустақил равишда амалга оширилади. Яъни ушбу лойиҳа ССВнинг мутлақ ваколати доирасида амалга ошириладиган иш бўлиб, агентлик бу лойиҳанинг камчиликларини кўриб, уларни бартараф қилишда инвесторга ваколати доирасида барча ёрдамни берган.
«Ҳозирда инвесторга ер ажратиш муаммоси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўртасида келиб чиқмоқда. ССВ нима учун ўзига тегишли ерни шеригига бериш учун ҳокимликка мурожаат қилган, билмаймиз. Бундан ташқари, вазирлик бизга инвестор билан шундай муаммолар бўлаётгани ҳақида расмий мурожаат ҳам қилмади» – дейди Санжар Жумаев.
У агар икки ташкилот ўртасида қонунларни қўллашда ихтилоф пайдо бўлса, Адлия вазирлигига мурожаат қилиш кераклигини қўшимча қилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Камолхўжа Эшназаровнинг айтишича, ДХШ соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонунлар такомиллашиб бормоқда, лекин бундай масалалар билан аввал ишламаган кўплаб маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хусусан, ҳокимликлар ДХШ тамойилларини ва уни қўллаш механизмларини билмайди.
«Масалан, «LABCENTER» МЧЖга ер ажратишга қарор чиқариш учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги ваколатли органларнинг хулосалари кераклигини айтди. Ваҳоланки, коммунал хизматлар, экология, санитария, ФВВ каби ташкилотларнинг хулосаси электрон тизим орқали Тошкент шаҳар кадастр бошқармаси томонидан йиғиб берилади. Бошқарма эса Тошкент шаҳар ҳокимлигига бўйсунади», – дейди ССВ масъули.
Шундан сўнг Камолхўжа Эшназаров Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутахассиси билан бизнинг гувоҳлигимизда телефон орқали суҳбатлашди. Суҳбат якунида иккала тараф ҳам қонунларни қўллаш, ер ажратиш тартиби борасида ўзлари амалиётда қўллаб келган тартиб-қоидалар борасида бир-биридан турлича фикрда экани маълум бўлди.
Шунга қарамай, муаммони тезроқ ҳал қилиш учун 30 октябрь куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев номига ёзилган хусусий шерикнинг аризаси ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг нусхаси топширилгани маълум қилинди.

Ҳозирда топширилган ушбу ариза асосида кадастр бошқармаси ваколатли органлар билан келишиш ва уларнинг розилигини олиш ишларини бошлаши керак. Вазирликнинг маълум қилишича, бундай ишлар одатда 5 иш кунида ҳал бўлади.
Бундан ташқари, Эшназаров Давлат-хусусий шериклик агентлиги инвестор билан бўлаётган муаммолардан хабардор эканини, уларга бу ҳақда бир неча маротаба оғзаки маълумот берилганини маълум қилди. Шунингдек, у ССВ номидан Адлия вазирлигига ҳам хат орқали ер ажратишда муаммоларга дуч келинаётгани ҳақида хабар берилганини, ҳозирча Адлия вазирлигидан жавоб келмаганини қўшимча қилди.
Масъуллар муаммони ҳал қилиш учун амалий иш бошлашдими ёки йўқми, билмаймиз. Бизда эса бир қанча саволлар очиқ қолмоқда.
Президент қарорида битим имзоланиб (17 августда) ҳокимликка юборилгач, 3 кун ичида ер ажратиб берилиши керак бўлган тадбиркор нега ҳамон қоғоз кўтариб, идорама-идора сарсон бўлиб юрибди?
Шу ўринда бир қизиқ ҳолат диққатимизни тортди, номларга эътибор қаратинг: «Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шериклик агентлиги», «Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бошқармаси», «Тошкент шаҳар ҳокимлиги».
Нақадар жарангдор номлар. Аммо хориждан «сизлаб» олиб келинган инвестор мамлакатдаги инвестициявий муҳитдан ҳафсаласи пир бўлиб, мамлакатни тарк этиш арафасида турибди-ю, номидан от ҳуркадиган бу ташкилотлар муаммони ҳал қилиш ўрнига бир-бирларидан айб қидириш билан овора.
Kun.uz воқеалар ривожини кузатиб боради.
Фаррух Абсаттаров,
Аббос Салайдинов.
Мавзуга оид
20:09 / 15.04.2025
Афғонистонлик инвесторлар Ўзбекистондаги фирмалар сони бўйича кучли бешликка кирди
16:43 / 12.03.2025
Давлат рўйхатидан ўтказмасдан амалиётида қўллашга рухсат бериладиган дорилар рўйхати тасдиқланди
16:16 / 09.01.2025
Гулистон шаҳар ҳокимининг собиқ ўринбосари 9 йилга қамалди. У хитойлик инвесторларни чув туширган
18:40 / 26.04.2024