Ўзбекистон | 10:19 / 06.11.2020
15314
2 дақиқада ўқилади

Анвар Алимов Соғлиқни сақлаш вазирига ўринбосар бўлди

Соғлиқни сақлаш вазирига яна бир ўринбосар тайинланди.

«Президентимизнинг тегишли қарори билан Академик Ё.Х.Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори вазифасида ишлаб келган Алимов Анвар Валиевич Cоғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари – Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди», дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида. 

Анвар Валиевич Алимов 1955 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1978 йилда Ўрта Осиё педиатрия тиббиёт институтини (Тошкент педиатрия институти ректори) тамомлаган, мутахассислиги «болалар шифокори-анестезиолог, реаниматолог».

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Анвар Алимов 2000-2009 йилларда Тошкент педиатрия тиббиёт институтида ректор бўлган, 2009-2012 йилларда Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, 2012-2016 йилларда Соғлиқни сақлаш вазири лавозимларида ишлаган.

У 2016 йил декабридан буён Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори лавозимида ишлаб келаётганди.

2020 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими» фахрий унвони билан тақдирланган.

  • Эслатиб ўтамиз, 3 ноябрь куни бошида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов лавозимини тарк этди ва унинг ўрнини вазирнинг биринчи ўринбосари бўлган Абдуҳаким Ҳожибоев эгаллади.
  • Ўз навбатида, президент маслаҳатчиси ўринбосари Амрилло Иноятов Абдуҳаким Ҳожибоевнинг ўрнига соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.
  • Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасига 2019 йил июнидан раҳбарлик қилган Ботирбек Исабеков 2020 йил август ойида лавозимидан озод этилганди. Ўшандан буён бошқарма раҳбари лавозими бўш қолаётганди. 2020 йилнинг 2 октябрида президентнинг «Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди ва унга кўра, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари — Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи лавозими жорий этилди.

Мавзуга оид