Ўзбекистон | 16:45 / 06.11.2020
24301
3 дақиқада ўқилади

«Энди вазирлик ишига аралашув бўлмайди» – Президент соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказмоқда

Шавкат Мирзиёев 2019 йилда ўлим ҳолатларининг 60 фоизи тиббиётнинг бирламчи бўғини томонидан олдини олиш мумкин бўлган юрак қон-томир касалликларига тўғри келганини айтиб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши бошланди. Унда қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларининг вазифа ва функцияларини қайта кўриб чиқиш, оилавий шифокор институтини кенг татбиқ этиш, тиббий ёрдам қамровини кенгайтириш ва бошқа муҳим масалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, давлат раҳбари йиғилиш давомида амалдаги соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш зарурлиги ва бунга сабаб бўлаётган бир қатор камчиликларни санаб ўтган.

Унга кўра, тизимда бирламчи бўғин бўлмиш қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар иш олиб бормаётгани учун ҳозирда аҳоли тўғридан тўғри марказий поликлиника ёки шифохоналарга мурожаат қилмоқда ва тор соҳа шифокорларининг 60 фоиз вақти маслаҳат беришга сарфланмоқда.

«Афсуски, бу бўғиннинг масъулияти ва жавобгарлиги аниқ белгиланмаган. 2019 йилда мамлакатимизда ўлим ҳолатларининг 60 фоизи тиббиётнинг бирламчи бўғини томонидан олдини олиш мумкин бўлган юрак қон-томир тизими касалликлари ҳисобига тўғри келади.

Эндиликда ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимлари қишлоқ врачлик пунктларига боради. Улар ҳамма қатори навбатда туриб кўрсин. Кўрсин иш қандай ташкил қилинганини. Хўш, у ерда автомашина борми, унинг ёқилғиси борми? Кўрсин ҳокимлар шуни.

Энди биз жойлардаги раҳбарларнинг ишини шунга қараб баҳолаймиз. Улар синовдан ўтса ишлайди, бўлмаса йўқ.

Эътибор беринг, 23 минг бемор – гипертониядан, 7 минг – инфарктдан, 5 минг – қандли диабетдан, 3,6 минг – инсультдан вафот этган», деган Шавкат Мирзиёев.

Президент эндиликда вазирлик фаолиятига, унинг кадрлар масаласига аралашувлар бўлмаслигини ҳам алоҳида таъкидлаган.

«Бу талаб жойларда ҳокимларга ҳам тегишли. Биз тизимга янги вазир қўйдик. Унинг қаттиққўллиги, замонавий раҳбарлигини ҳамма билиши, қулоқ солиши керак. Энди кўнгилбўшлик кетмайди. Ҳеч ким бу тизимга аралашолмайди», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид