Light | 00:15 / 07.11.2020
109086
3 дақиқада ўқилади

Инсон организми ҳақида 30 факт

Фото: Shutterstock

1. Тананинг қон томирлар билан таъминланмаган ягона қисми кўзнинг шох пардасидир. Шох парда кислородни тўғридан тўғри ҳаводан олади;

2. Инсон бошида турли шакл ва номдаги 29та суяк мавжуд;

3. Мана шу жумлани ўқиб тугатгунингизга қадар организмингиздаги 50 мингдан ортиқ ҳужайра нобуд бўлади ва тахминан яна шунчаси пайдо бўлади;

4. Инсон юраги ўртача умр давомида 180 млн литрдан ортиқ қон ҳайдайди;

5. Ҳомила 3 ойлигидаёқ бармоқ изларига эга бўлади;

6. Аёллар юраги эркакларникига нисбатан тезроқ уради;

7. Инсон ўз тушларининг 98 фоиздан ортиғини унутиб юборади;

8. Одам организмидаги қон томирларининг умумий узунлиги тахминан 100 минг километр;

9. Танадаги иссиқликнинг асосий қисми бош орқали чиқиб кетади;

10. Тана вазнига нисбатан 1 фоиз сув йўқотилганда ташналик юзага келади, 5 фоизли тақчилликда ҳушдан кетиш мумкин, 10 фоизли камайиш эса ўлимга олиб келиши ҳеч гап эмас;

11. Инсон организмидаги мавжуд ва ташқаридан кирувчи бактерияларнинг фақат 1 фоизигина касаллик чақиради;

12. Киндикнинг фан тилидаги номи – умбиликус;

13. Дунё аҳолисининг тахминан 7 фоизи чапақайлардир;

14. Катта ёшли одам организмидаги бактерияларнинг умумий вазни 2 килограмм атрофида;

15. Тиш эмали инсон организмидаги энг қаттиқ тўқимадир;

16. Тумовни чақирувчи 100дан ортиқ вирус маълум;

17. Ҳаёти давомида инсон териси тахминан 100 марта алмашади;

18. Аёллар эркакларга нисбатан 2 баравар кўпроқ киприк қоқадилар;

19. Бўйи 130 см.дан паст эркаклар ва 120 см.дан паст аёллар пакана ҳисобланади;

20. Қўллардаги тирноқлар оёқлардагига нисбатан 4 карра тезроқ ўсади;

21. Болалар туғилганида тизза қопқоқлари бўлмайди. Улар 2-6 ёш оралиғида пайдо бўлади;

22. Лейкоцитлар ўртача 2-4 кун, эритроцитлар 3-4 ой яшайди;

23. Инсоннинг энг кучли мушаги бу тилдир;

24. Инсон юраги катталиги унинг муштига тенг бўлади. Катта одамнинг юраги тахминан 220-260 граммни ташкил қилади;

25. Ўнг ўпка чапига нисбатан кўпроқ ҳаво сиғдиради;

26. Инсон кўзлари рангларнинг 10 млн.дан ортиқ жилосини фарқлай олади;

27. Соғлом одам кунига ўртача 5 марта кулади;

28. Инсон кўзлари туғилганидан ўлгунига қадар бир хил ўлчамда бўлади. Аммо бурун ва қулоқлар бутун умр ўсади;

29. Ўрта ёшдаги инсон суткасига ўртача 500 мл тер ажратади;

30. Ўртача умр давомида инсон юраги 3 300 000 000 марта уради.

Мавзуга оид