Спорт | 11:15 / 07.11.2020
7196
14 дақиқада ўқилади

Манчестер Ливерпулга қарши, Бундеслигада пешқадамлик учун кураш. Ҳафта ўйинлари превьюси

Миллий жамоалар билан боғлиқ танаффус олдидан Европа майдонларида чемпионатлар доирасидаги учрашувлар бўлиб ўтади. Бу сафар ҳам қизиқарли ўйинлар кўп ва табиийки, клублар танаффусга яхши натижа ва кайфият билан чиқиб кетишни истайдилар. Анъанага кўра эътиборингизга ҳафтанинг муҳим учрашувлари анонсини ҳавола қиламиз.

ЭВЕРТОН – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (7 ноябрь, 17:30)

Жума куни АПЛда икки учрашув ўтказилган бўлса-да, энг қизиқарли ўйинлар шанба куни, “Гуддисон Парк”дан бошланади. Деярли ўхшаш ҳолатга тушиб қолган икки жамоа “қора булутлар”ни қувишга уриниб кўради. Табиийки, бошида яхшироқ старт олган ва статус жиҳатидан пастроқ бўлган “Эвертон”да босим камроқ.

Сульшер эса, сўнгги икки йилда бир неча маротаба мана шундай вазиятга тушиб турибди. Нуқул “Юнайтед” бирор умидсиз ҳолатга тушиб қолади, нашрлар Сульшернинг кетиши-ю, Почеттино ёки Аллегри номзодлари ҳақида гапира бошлайдилар. Ва шундан кейин бирданига жамоа кутилмаганда, ижобий серияни бошлайди, танқидлар унутилади. Ўтган йили бу вазият “Манчестер Сити” ва “Тоттенҳэм” устидан қозонилган ғалабалар билан ўнгланган бўлса, жорий мавсум бошидаги шармандали 1:6 ЕЧЛда Париждаги ғалаба билан хаспўшланди. Энди эса жамоа қаторасига икки ўйинда мағлубиятга учради. Баъзилар “Эвертон” билан ўйинда вазият яна ўнгланиши ҳақида айтаётган бўлишса-да, аммо Сульшер давридаги давомли “Америка тепаликлари”га барҳам берилиши ва натижалар қандайдир барқарорлик касб этиши керак.

Англияда баъзи манбалар Вудворд аллақачон Почеттино билан алоқага чиққанини ёзаётган бўлса, ишончлироқ нашрлар аксинча, клуб узоқ муддатга мураббийга ишонаётгани, яқин ўйинлардаги натижалар ҳам ҳатто бу қарорга таъсир ўтказмаслиги ҳақида маълумот тарқатишди. Аммо нима бўлганда ҳам, қаторасига учинчи мағлубият Сульшернинг нафақат бошқарув, балки футболчилар орасида ҳам эътиборини тушириб қўйиши мумкин.

Мавсум бошида бутун Европа қарсак чалган “Эвертон” ҳам қаторасига уч ўйиндан бери ғалаба қозона олмаяпти. “Ливерпуль” билан дуранг Анчелотти шогирдлари учун ижобий натижа сифатида қабул қилиниши мумкиндир, аммо кейинги турларда “Саутҳэмптон” ва “Ньюкасл”дан мағлубиятлар “Эвертон”нинг ўйлаганимиздан кучсизроқ эканини кўрсатмоқда. Хамеснинг жароҳати ва Ришарлисоннинг дисквалификацияси жамоа ўйинидаги хотиржамликни ва салобатни йўқотиб қўйгандек.

“Юнайтед”га қарши ўйинда Анчелоттига Коулмен, Гомеш ва Годфрилар ёрдам бериши шубҳа остида турибди. Икки тур олдин қизил карточка олган Люка Дин бўйича клубнинг аризаси қабул қилинди ва ҳимоячининг дисквалификацияси қисқартирилди. У майдонга тушиши мумкин. Ришарлисоннинг қайтишига эса, яна бир тур бор. “Юнайтед” сафида эса, ниҳоят Марсияль уч ўйинлик дискваликацияни ўтаб қайтмоқда. Алекс Теллес вирусдан тузалди, аммо тўлиқ машғулотларга киришгани йўқ. Белидан жароҳати туфайли Туркияда ўйнамаган Линделофнинг қайтиши ҳам сўроқ остида.

Умуман таркибнинг умумий ҳолати бўйича мезбонларнинг имконияти юқорироқ бўлиши мумкин, зеро ливерпулликлар бир ҳафта давомида тикланиш шароитига эга эдилар. “Юнайтед” эса, чоршанба куни Истамбулда ЕЧЛ баҳсида майдонга тушди. Сульшер бу ўйинда деярли барча кучларини ўйнатишга мажбур бўлди.

БОРУССИЯ Д – БАВАРИЯ (7 ноябрь, 22:30)

Германияда Бундеслиганинг навбатдаги классикоси бўлиб ўтади ва хайриятки, бу сафарги ўйин олдидан ҳам бу икки жамоа турнир жадвалини бошқариб турибди. Олтитадан ўйинда 15 очкодан жамғарган бу рақиблар ушбу ўйинда ғалаба қозониш орқали якка пешқадамга айланиб олишлари мумкин.

“Боруссия” ажойиб серияни давом эттиряпти – Бундеслигада 4, Чемпионлар лигасида эса, охирги 2 ўйин ғалаба билан якунланди. Айниқса, мана шу олти ўйинда бирорта ҳам гол ўтказиб юбормагани одатдаги Дортмундга бироз ярашмаган, аммо ёқимли ҳолат. Мюнхенликлар учун эса, бундай сериялар одатий ҳол. Флик шогирдлари барча мусобақаларда 9 ўйиндан бери қаторасига ғалаба қозониб келмоқдалар. Бу ўйинларнинг бештасида “Бавария” йирик ҳисобида ғалаба қозонган. Ўзаро ўйинларда ҳам “Бавария” охирги уч ўйиндан бери “Боруссия”ни енгиб келмоқда ва мана шу уч ўйинда “Боруссия” ҳатто гол ҳам ура олмаган.

Йўқотишларга келсак, мезбонлар сафида Загаду, Эмре Жан ва Марсель Шмалцерлар жамоага ёрдам бера олишмайди. “Бавария”да эса, Алфонсо Дэвиснинг тикланишига яна бир ой бор. Шунингдек, Никлас Зюле ҳам фақат танаффусдан кейин сафга қайтса керак. Чемпионлар Лигасидан кейин тикланиш бўйича “Бавария”нинг ҳолати бироз яхшироқ. Чунки мюнхенликлар ўз ўйинларини бир кун олдин – 4 ноябрь куни ўтказдилар.

ЛАЦИО – ЮВЕНТУС (8 ноябрь, 16:30)

“Ювентус” чемпионатда ҳали мағлубиятга учрамаган бўлса-да, кутилмаган дуранглар ва “Барселона”дан ЕЧЛдаги умидсиз ўйин янги мураббий Пирлонинг келажагига соя солмоқда. Туринликлар мағлубиятга учрата олмаган клублар орасида “Кротоне” ва “Верона”нинг ҳам борлиги, “Милан”нинг анча ишончли старти “Ювентус” ниҳоят диққатини жамлаши кераклигини кўрсатмоқда. Зеро Криштианунинг қайтиши жамоанинг олдинги чизиқдаги ўйинини ўзгартирди, деб ҳам айтишимиз мумкин – “Ференцварош” ва “Специя”га қарши ўйинларда бир хил 4:1 ҳисобидаги ғалаба қайд этилди.

Аммо ҳақиқий синов бироз кучлироқ жамоалар билан бўлади, “Лацио” айнан шунақа рақиб. Римликлар ҳам мавсумни жуда ёмон бошлаб, икки ўйинда мағлубиятга ҳам учрашганди. Аммо ҳозирда “Лацио” ўнгланиб олди – барча мусобақалардаги мағлубиятсиз ўйинлар сони бештага етган бўлса, А Серия доирасидаги сўнгги икки учрашувда ҳам ғалаба қозонилди.

Таркибларга келсак, “Лацио”нинг йўқотишлари каттароқ. Андерсон, Раду, Прото каби футболчилар ҳали тикланиб улгурмаган бўлишса, Ладзарининг ҳам майдонга тушиши сўроқ остида турибди. Аммо Сенад Луличнинг машғулотларга қайтгани ва ушбу ўйинда балки жамоасига ёрдам бериши мумкинлиги римликлар учун хушхабар бўлиши мумкин. “Ювентус” сафида эса, Аарон Рэмзи жароҳат олди. Шунингдек, Алекс Сандро ҳали тўлиқ жароҳатидан фориғ бўлмаган. Аммо Маттейс Де Лигт жамоа билан бирга шуғулланишни бошлади.

Шу ўринда, “Ювентус” “Лацио” майдонида анча муваффақиятли тўп суришини ҳам таъкидлаш керак. “Олимпико”даги сўнгги 7 ўйиндан 6 тасида меҳмонлар ғалаба қозонишган. Аммо бу ўйинларнинг охиргисида “Лацио” 3:1 ҳисобида ютганини ҳам эътироф этиш лозим.

АТАЛАНТА – ИНТЕР (8 ноябрь, 19:00)

Сўнгги пайтларнинг икки аламзада жамоаси вазиятни ўнглаш учун уриниб кўради. “Аталанта” А Серияни жуда яхши бошлаб, ҳатто турнир жадвалида пешқадамлик ҳам қилганди, аммо қаторасига икки ўйинни бой бериб қўйди. Чемпионлар Лигасида эса, “Ливерпуль”дан қақшатқич зарба қабул қилиб олди. Шунингдек, “Интер” ҳам Мадриддаги ўйинда бир муддат вазиятни ўнглаган бўлса-да, якунда мағлубиятга учраб, гуруҳдаги вазиятини янада чигаллаштирди. “Интер”нинг Италиядаги ҳолати ҳам у қадар яхши эмас – “Парма” билан дурангдан сўнг, Конте шогирдлари 6-ўринга тушиб кетишди.

Рақиблар карантиндан кейинги даврда, чемпионат ўйинида айнан Бергамода ўзаро тўқнашгандилар ва ўшанда “Интер” 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, турнир жадвалида 2-ўринга кўтарилганди. Ундан аввалги тўрт ўйинда меҳмонлар ғалаба қозона олишмаган, уч дурангдан ташқари, “Аталанта” икки йил олдинги учрашувда 4:1 ҳисобида устун келганди.

Мазкур учрашувда мезбонларга Мартен Де Рон, Маттиа Кальдара ҳамда етакчи футболчилардан бири Робин Госенс ёрдам бера олмайди. “Интер” таркибида ҳам сезиларли йўқотиш бор. Ромелу Лукакунинг ҳужум ташкил қилишда ва вазиятларни голга айлантиришдаги роли катта эканини “Реал”га қарши ўйинда ҳам кўргандик. Шунингдек, Матиас Весино ва Стефано Сенсилар ҳам жароҳат туфайли майдонга туша олишмайди.

МАНЧЕСТЕР СИТИ – ЛИВЕРПУЛЬ (8 ноябрь, 21:30)

Навбати билан “Эвертон”, “Астон Вилла” ёки “Лидс”, “Лестер” каби клублар анча томошабоп ўйинлар кўрсатиб, АПЛни қиздириб турган бўлишса-да, аслида чемпионлик учун асосий рақобатчилар “Манчестер Сити” ва “Ливерпуль” бўлишини тахмин қилиш қийин эмас. Зеро таркиб, имкониятлар борасида узоқ муддат барқарор қолиш тажрибаси айнан ушбу икки жамоада каттароқ. Буларнинг ўзаро ўйини эса табиийки, нафақат турнинг, балки мавсумнинг энг марказий ўйини бўлади.

“Ливерпуль” икки ўйиндаги йўқотишдан сўнг, икки ғалабага эришиб, турнир жадвалини бошқармоқда. “Манчестер Сити” 5 очко фарқ билан 10-ўринда турган бўлса-да, “шаҳарликлар”да бир ўйин захира бор. Демак, ушбу ўйинда ғалаба қозониб, Гвардиола шогирдлари аслида, йўқотилган очколар бўйича “Ливерпуль”дан устун ҳолатга келиб олиш имкониятига ҳам эга бўлиб турибдилар. “Манчестер Сити” ҳам барча мусобақаларда қаторасига уч ўйинни ғалаба билан якунлангани ва бу ўйинларда ўз дарвозасини дахлсиз сақлаганини ҳам таъкидлаш керак.

АПЛ доирасида “Этиҳад”даги охирги уч ўйиннинг барчасида мезбонлар ғалаба қозонишган ва бу ўйинларда 4:0 ва 5:0 ҳисоблари ҳам қайд этилгани бироз кутилмаган бўлиши мумкин. Аммо бу учрашувларнинг сўнггиси “Ливерпуль” деярли барча масалани ҳал қилганидан кейин бўлиб ўтганини ҳам таъкидлаш лозим.

Мезбонлар сафида Менди, Агуэро ва Фернандиньолар жамоага ёрдам бера олишмайди. Уларнинг барчасида жароҳатлар бор. “Ливерпуль” таркибдаги муаммолари маълум – Виржийл ван Дейкни бу мавсум унутсак ҳам бўлади, Фабиньо ва Окслей-Чемберлен фақатгина ой охирларида сафга қайтишлари мумкин. Шунингдек, Тиаго Алькантаранинг кечаги машғулотларда иштирок эта олмагани ҳақида хабарлар чиқди. Бундан ташқари, сўнгги пайтларда “Ливерпуль”нинг “жокер”ига айланиб бораётган Диогу Жотанинг ҳам бу ўйинда қатнашиши сўроқ остида қолаётгани ҳам ёмон хабар. Фирминонинг ёмон спорт формаси даврида анча самарали ҳаракат қилаётган португалиялик ҳужумчида ҳам кичик жароҳат борлиги айтилмоқда.

ВАЛЕНСИЯ – РЕАЛ (9 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)

“Валенсия” молиявий инқироз туфайли деярли ярим таркибини, бунинг устига етакчи футболчиларини сотиб юборган, ҳатто трансфер ойнаси тугаб ҳам Кондогбианинг “Атлетико”га ўтишига тўсқинлик қила олмай қолган бўлса-да, ўз номи билан “Валенсия” ва анъанавий равишда “Реал” ёки “Барселона” каби жамоаларга муносиб қаршилик қилишига ўрганиб қолганмиз. Хави Грасия жамоасининг қаторасига уч ўйинда мағлубиятга учрагани ва ўтган турда фақат сўнгги сонияларда мағлубиятдан қутулиб қолгани ҳам бир томон, аммо “Реал”га қарши ўйинларда “Месталья” топ стадионга айланиб қолиши ҳам бор гап. Масалан, Валенсияда ўтган охирги учрашувнинг атиги биттасида меҳмонларнинг қўли баланд келган холос, уч ўйин “Валенсия”нинг ғалабаси билан якунланган. Демак, пешқадам ушбу тўқнашувда очко йўқотмаслиги учун кўп тер тўкишга тўғри келади. Ҳафта ўртасида “Реал”нинг “Интер”га қарши оғир учрашув ўтказгани ҳам ушбу ўйинда мезбонларга қўшимча устунлик бериши мумкин.

Жароҳатлар борасида “Реал”нинг ҳимоя чизиғида муаммолар бор – Одриосола, Милитао, Карвахал ва Начо сафдан чиқишган. Аммо Серхио Рамоснинг яна ҳимоя марказига қайтгани жамоа ўйинига хотиржамлик олиб киргани ҳам шубҳасиз. Мезбонлар таркибида эса Муктар Диакаби ва Висенте Эскердоларда жароҳат бор.

Яна бир интрига сифатида шуни айтиш мумкинки, ўз вақтида “Кастилья” тарбияланувчиси ҳисобланган ва “Реал” таркибида ҳам ўйнаган россиялик Денис Черишев собиқ жамоасига қарши ўзини кўрсатиш имкониятига эга бўлади. “Валенсия”нинг сўнгги “Хетафе”га (2:2) қарши ўйинида у мавсумда илк маротаба асосий таркибда майдонга тушиб, жамоасининг энг яхши ўйинчиси бўлганди.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

7 ноябрь. БАРСЕЛОНА – Бетис (20:15), ЧЕЛСИ – Шеффилд Юнайтед (22:30), АТЛЕТИКО – Кедис (8 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)

8 ноябрь. Вест Бромвич – ТОТТЕНҲЭМ (17:00), Лестер – Вулверҳэмптон (19:00), Болонья – НАПОЛИ (22:00), АРСЕНАЛ – Астон Вилла (9 ноябрга ўтар кечаси, 00:15), МИЛАН – Верона (00:45.

Қаҳрамон Асланов
Тайёрлаган Қаҳрамон Асланов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид