Жаҳон | 08:24 / 08.11.2020
17116
2 дақиқада ўқилади

Байден Твиттерда лавозимини президент деб ўзгартирди, ижтимоий тармоқ Трампни мазах қилди

АҚШ матбуоти президентлик сайловларида ғолиб бўлганини эълон қилган Жо Байден Твиттердаги саҳифасида ўзини АҚШнинг сайланган президенти деб қайд этди.

Дональд Трамп ва Жо Байден / Фото: Getty Images

Байденнинг Твиттердаги аккаунти АҚШ президентлик сайловлари бўлиб ўтганидан кейин катта ўсишга эришди. 3 ноябрдан буён бу ижтимоий тармоқда Байденнинг ўқувчилари сони 3,5 миллион нафарга кўпайди. Айни дамда Байденни Твиттерда 15,7 миллион киши ўқийди. Таққослаш учун Трампни Твиттерда 88,7 миллион киши, собиқ президент Барак Обамани 125,4 миллион киши ўқийди.

Маълумот учун, АҚШ президентлари Твиттерда иккита аккаунт ишлатиши мумкин. Байден инаугурация маросимидан кейин POTUS (President of the United States of America) аккаунтига эга бўлади. Шунингдек, Трамп каби ўз аккаунтини юритишда ҳам давом этиши мумкин.

Твиттерда сайлов билан боғлиқ яна бир воқеа содир бўлди. Сайлов бошланганидан буён Трампнинг твитларини ишончсиз деб белгилаётган Твиттер Байденнинг ғалаба қозонгани эълон қилингач, амалдаги АҚШ президентини мазах қилди. Твиттерда «looser» (омадсиз) сўзи ёзилса, қидирувда биринчи бўлиб Трампнинг аккаунти кўринмоқда.

АҚШнинг қатор йирик нашрлари демократлар вакили Жо Байден президентлик сайловларида ғалаба қозонганини эълон қилди. Associated Press маълумотига кўра, Байден аллақачон 284 та овоз билан ғолиб бўлган. Байден Невада, Аризона ва Пенсильванияда устунликка эришгани маълум. Унинг ўзи камида 300 та овоз тўплашига ишонаётганини айтганди.

Мавзуга оид