Жамият | 10:39 / 08.11.2020
12714
4 дақиқада ўқилади

Бугун уларнинг байрами, аммо шунда ҳам дам олмайдилар

Ўзбекистонда 2006 йилдан буён ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси Тиббиёт ходимлари куни сифатида нишонлаб келинади. Кўп ҳолларда «День медика» деб аталадиган бу байрам шу соҳа эгаларининг ўзлари, тор доирада, шифохоналарда, иш орасида бир-бирларини табриклаш билан ўтиб кетадиган байрам сирасига кириб қолганди.

2020 йил ўтган йилларнинг бирортасига ўхшамади ва барча давлатларнинг тиббиёт тизимига ақл бовар қилмас босим пайдо бўлди. Куни кеча давлат раҳбари фақат соғлиқни сақлаш соҳасига оид алоҳида селектор йиғилиши ўтказди ҳамда соҳадаги муаммоларни, ечим йўлларини санаб ўтди. Чиндан ҳам бевосита президент бошчилигида, давлатнинг барча мутасаддилари иштирок этган ва фақат тиббиётга аталган алоҳида йиғилиш ҳали бўлмаганди.

Умуман, тиббиёт ходимлари сўнгги йилларда кескин танқидларга кўп нишон бўлдилар, ҳақорат қилиндилар ва ҳатто калтакландилар ҳам. Аммо айнан коронавирус пандемияси пайтида ўзига хос ижобий тенденция кузатилди – тез ёрдамларга мурожаатлар каррасига ошганига қарамай, шифокорларга қўполлик қилиш ёки қўл кўтариш ҳолатлари (нисбатан) деярли бўлмади. Бу ҳам халқимизнинг соҳа ходимларига муносабати ўзгара бошлагани, меҳнатларининг қадрига етаётганининг далолатидир.

Бу йилги синов нафақат Ўзбекистон, балки дунё тиббиётига ниҳоятда жиддий юк бўлиб тушди. Ҳаммамиз шифокорларнинг фаолияти нақадар мураккаб эканини яна бир бор ҳис қилдик. Албатта, соҳа қийинчиликларни ҳам бошдан кечирди, барча вазифаларни уддалай олмаган пайтлари ҳам бўлди. Шунга қарамай, умумий натижаларга кўра барибир касалликни маълум даражада жиловлашга эришилди ва юраклардаги ваҳима анча ариди.

Аммо бунга қадар беморлар билан бирга жуда кўп шифокорларни ҳам йўқотдик...

* * *

Тиббиёт бугунги даражага чиққунича кўп босқичли ва муттасил ривожланишни бошдан кечирган. Лекин барибир инсониятни қийновчи касалликлар ҳамон бисёр, давосиз дардлар билан кураш узлуксиз давом этмоқда. Бирор давлат аҳолисининг соғломлиги ҳеч қачон бир жиҳатга – тиббиётга боғлиқ бўлмайди. Бугунги кунда соғлом турмуш тарзи, экология, касалликлар профилактикаси, диагностика каби қатор жиҳатларнинг барчасига жиддий қараш орқалигина саломатликка, узоқ умр кўришга эришиш мумкин.

Давлат раҳбари белгилаб берган вазифалар ичида бу жиҳатларнинг ҳаммаси назарда тутилган. Айниқса узоқ ҳудудларда ишловчи тиббиёт ходимларига алоҳида имтиёзлар берилаётгани бугунги кундаги оғриқли масаланинг ўзига хос ечимидир.

Шу билан бирга, пулли ва бепул хизматларни аниқ белгилаб олиш, хусусий тиббиётни, давлат хусусий шерикчиликни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини рағбатлантириш, тиббий суғурта тизимини йўлга қўйиш каби ислоҳотлар ҳам ҳаётга татбиқ этилиши кутилмоқда.

* * *

Бугун соҳада фаолият юритаётган, кўпчилик хусусий тиббиётга ўтиб кетаётган даврда ҳам ўз касбига муҳаббат ва беморларига садоқат туфайли ишини давом эттираётган шифокорларни ҳақиқий қаҳрамонлар деб аташ мумкин. Уларнинг аксарияти оз маошга қаноат қилади, мажбурият юзасидан тунги навбатчиликларда туради, беморларнинг дардига қарши курашиш билан бирга ҳасратларига ҳам шерик бўлади.

Бугун кўпчилик шифокорлар коронавирус деган кўринмас бало билан ҳар жабҳада кураш олиб бормоқдалар, беморларни бу дард чангалидан қутқариб қолиш учун тун-у кун ҳаракат қилмоқдалар.

Бугун уларнинг умидлари яна учқунлади. Соҳа унутилди, деган фикрга бориб қолинган жойда энг юқори минбардан туриб муаммоларга эътибор қаратилди, шифокорлар бир руҳланиб олишди.

Бугун уларнинг касб байрамлари!

Лекин аксариятимиз бу байрам ҳақида билмаймиз, билсак-да уларни қутлашга, кўнгилларини кўтаришга қунт қилмаймиз. Қизиғи, кўпчилик шифокорлар бугунги байрамларини ҳам ишхоналарида, беморлар ёнида ўтказадилар.

Демак, оқ либосли халоскорларни табриклашнинг айни вақти!

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид