Жамият | 18:03 / 11.11.2020
5399
2 дақиқада ўқилади

«Гигиенага риоя этсак, ниқоб тақиб, ижтимоий масофа сақласак, Ўзбекистонда карантин кучайтирилмайди» – штаб аъзоси

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Абдусаматова АОКАда ўтказилган брифингда Ўзбекистонда карантин қоидалари кучайтирилиши эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоб қайтарди.

«Карантин қоидалари юмшатилгани одамларни хотиржамликка эмас, аксинча, сергакликка чорлаши керак. Чунки энди уйда, ишда, кўчада, бозорда бошқа одамлар билан кўпроқ юзма-юз бўлишади. Коронавирус инфекцияси эса ўта контагиозлиги билан хавфли. У жуда тез тарқалади ва агрессив.

Дунё бўйлаб кундан кунга касалланган ва вафот этганлар сони ортиб бормоқда. Дунё тажрибасида кўринмоқдаки, ҳар қандай чекловдан кўра, одамлар орасидаги карантин маданияти коронавирус тарқалишининг олдини олишда самаралироқ бўлиб қолмоқда. Бундан кейин хар бир инсон пандемия шароитида яшашга, меҳнат қилишга ўрганиши, унга мослашиши керак.

Агарда биз барча санитария гигиена қоидаларига риоя қилсак, яъни қўлни совун билан тез-тез ювиш ва антисептик воситалар билан зарарлантирсак, тиббий ниқоблардан тўғри фойдалансак ва ижтимоий масофани сақласак карантин қоидаларини кучайтиришга ҳожат қолмайди», деди штаб аъзоси.

Брифингда коронавирусга тест топшириш мажбурий бўлган шахслар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Булар:

  • хориждан келган барча фуқаролар;
  • инфекция юқтириб олганлар билан мулоқотда бўлганлар;
  • орттирилган пневмонияли беморлар;
  • респиратор касаллик аломатлари бўлган 65 ёшдан катта шахслар;
  • Ишхонасида COVID-19 юқтириб олгани хавфи мавжуд бўлган шифокорлар;
  • мунтазам бўлиш керак бўлган муассасаларда (ёпиқ турдаги махсус бино, интернат уйлари ва ҳоказо) респиратор касалликлар аломати бўлган шахслар.
Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид