Кураш миллий спорт турини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди
Президентнинг «Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Norma’нинг ёзишича, ҳужжатда кураш миллий спорт турини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
- аҳолининг барча қатламларини кураш билан шуғулланишга кенг жалб қилиш ҳамда курашни умумхалқ спорт турига айлантириш;
- курашни оммалаштириш, унинг жаҳон спорти дурдонасига айланишига ва Халқаро олимпия ўйинлари дастурига киритилишига эришиш;
- кураш билан шуғулланиш учун зарур моддий-техник база ва инфратузилмани шакллантириш;
- Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жисмоний тайёргарлик машғулотларида босқичма-босқич кураш ҳамда жанговар курашни устувор спорт турлари сифатида киритиш;
- кураш бўйича профессионал тренерлар, ҳакамлар тайёрлаш, ўқув-услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш, курашнинг илмий-методологик базасини кучайтириш;
- ўзбек кураши брендини яратиш, инвестицияларни жалб этган ҳолда яктак спорт кийимлари ва кураш гиламларини ишлаб чиқариш, курашни тижоратлаштириш чораларини кўриш;
- курашни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш.
Кураш миллий спорт турини 2025 йилгача янги босқичга олиб чиқиш концепцияси, уни 2020-2021 йилларда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» ҳамда 2020-2025 йилларда курашни оммалаштиришнинг мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлар) тасдиқланди.
Концепциянинг асосий мақсади курашни Европа, Африка ва Панамерика қитъавий ўйинлари қаторига расман киритиш ва халқаро «GAISF-Global Association of International Sports Federations» ташкилотининг эътирофига сазовор бўлиш, шунингдек 2028 йилгача уни Халқаро олимпия ўйинлари дастурига киритишдан иборат.
2020 йилдан бошлаб ҳар йили 1 марта давлат органлари, муассасалари ва ташкилотлари ходимлари ўртасида кураш бўйича «Ўзбек полвони» республика мусобақаси ўтказилади.
Ҳужжат 5.11.2020 йилдан кучга кирди.
Мавзуга оид
10:57 / 25.11.2024
Мўғулистонда ўзбек кураши бўйича жаҳон чемпионати ўтказилади
08:35 / 24.05.2024
Ҳар бир вилоят марказида Кураш маҳорат мактаблари ташкил этилади
13:35 / 29.04.2023
ИИВ таркибида спорт курашлари бўйича мактаб фаолияти ташкил этилади
13:38 / 12.01.2023