Ўзбекистон | 16:15 / 14.11.2020
5383
3 дақиқада ўқилади

Меҳнат вазирлиги Ўзбекистонда ишсизлик даражаси пасайганини маълум қилди

Ўзбекистонда 2020 йилнинг январ-сентябр ойларида ишсизлик даражаси 11,1 фоизни ташкил этиб, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан 2,1 фоизга камайди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тарқатилган хабарда айтилишича, жорий йилнинг сентябр ойида Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази томонидан республиканинг 108 та шаҳар ва туманларида навбатдаги ижтимоий сўров ўтказилди. Тадқиқот давомида 490та ўзини-ўзи бошқариш органлари, 4,9 мингта уй хўжаликлари ҳамда 26,0 минг нафар фуқаролар қамраб олинди.  

2020 йилнинг январ-сентябр ойларида меҳнат ресурслари сони 19,1 млн кишини ташкил этиб, 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 0,7 фоизга ёки 135,5 минг кишига ошган.

Иқтисодиёт тармоқларида банд бўлганлар сони 13,2 млн кишини ташкил этиб, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан 3,7 фоизга (468,5 минг кишига) ошган.

2020 йилнинг январ-сентябр ойларида расмий секторда банд аҳоли сони 5,6 млн кишини ташкил қилиб, жорий йилнинг январ-июн ойларига нисбатан 1,7 фоизга ёки 92,6 минг кишига ошди.

Норасмий секторда банд бўлганлар сони 5,6 млн кишини ташкил этиб, жорий йилнинг январ-июн ойларига нисбатан 9,9 фоиз ёки 504,2 минг кишига ортган. Бу асосан республикадан ташқарига ишлаш учун чиқадиган меҳнат мигрантларининг ички меҳнат бозорига қайтиб келиши ҳамда мавсумий ишлар қишлоқ хўжалигида банд бўлганларнинг ортиши эвазига юзага келгани айтилади.
  
Республикадан ташқарига ишга кетганлар сони 1,9 млн кишини ташкил этган, бу жорий йилнинг январ-июн ойларига нисбатан 128,3 минг кишига ёки 6,3 фоизга камайган.

Ўтказилган тадқиқот натижалари кўра, ишга муҳтож бўлганларнинг умумий сони 1,6 млн кишини ташкил этди. Ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳоли орасида 11,1 фоизни ташкил этганлигини кўрсатди. 16-30 ёшгача бўлганлар ўртасида ишсизлик даражаси - 17,1 фоиз, аёллар ўртасида ишсизлик даражаси эса - 14,7 фоиз бўлди.

Жорий йил январ-сентябр ойларида республикада иқтисодий нофаол аҳоли 4,2 млн кишини ташкил этиб, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан 3 фоизга ёки 130,3 минг кишига камайган.

2020 йилнинг январ-сентябр ойларида туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига мурожаат қилган 910 201 нафар фуқарога хизмат кўрсатилди.

Мурожаат қилган фуқароларнинг 243 946 нафари иш билан таъминланди, 500 449 киши жамоат ишларига жалб қилинди, 25 384 нафар ишсизлар касбга ўқитилди, 45 036 нафар фуқарога ишсизлик нафақаси тайинланди, 38 002 кишига меҳнат муносабатлари бўйича консултациялар берилди.

Шунингдек, Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан ажратиладиган субсидиялар ҳисобига 30 827 нафар оила шахсий томорқаларда, 19 174 нафар фуқаро қишлоқ хўжалиги, тикувчилик ва ҳунармандчилик кооперативларида банд қилинди, 7 383 нафар фуқаро тадбиркорликка жалб этилди.

Мавзуга оид