Жамият | 10:00 / 14.11.2020
17024
3 дақиқада ўқилади

Оқдарё буюм бозоридаги ёнғин: дўкондорлар ўт ўчирувчилар кеч келганидан норози ва ёрдамга муҳтож

Оқдарё туман маркази Лойиш шаҳарчасининг Амир Темур кўчасида жойлашган «Оқдарё Савдо комплекси» МЧЖга қарашли буюм бозорида 12 ноябр, пайшанба куни соат 18:25 атрофида ёнғин содир бўлди.

Kun.uz мухбирлари ҳодиса юз берган жойда бўлиб, дўконлари ёниб кул бўлган савдогарлар, ўт ўчирувчилар ва воқеа гувоҳларига микрофон тутишди.

Оқдарё туман ФВБ ёнғин-қутқарув қисми ҳодиса ҳақида хабар келиб тушгач, ёнғин содир бўлаётган жойга 2 та ўчириш машинаси 6 дақиқада етиб борганини иддао қилмоқда. Ёнғинни ўчиришда Иштихон туманидан битта, Самарқанд шаҳридан 2 та ўчириш машинаси жалб қилинган, – дейди туман ФВБ бошлиғи ўринбосари Шоҳрух Маҳмудов.

Зарар кўрган дўкондорлар бор-буди куйиб кул бўлганини айтишмоқда. Шунингдек, улар ўт ўчириш хизматининг суст ишлаганидан жуда норози. Улар воқеа жойига чақирув қўнғироғидан сўнг ярим соат ўтгач етиб келган. Иш қуроллари кўнгилдагидек бўлмаган, ўт ўчириш машиналарининг шланглари тешилиб ётганини кўришганини айтишмоқда.

Дўкондорлар савдосини йўлга қўйиш ва дўконни таъмирлаш учун давлат ёрдам беришини исташмоқда. Чунки уларнинг ҳар бири кўрган зарар камида 70–80 миллион сўмни ташкил этмоқда. Боз устига, ҳали ёнган дўконни ҳам таъмирлаш керак бўлади.

Воқеа гувоҳи бўлган бозор қоровули Шароф Исломовнинг айтишича, шу куни соат 18 дан ўтганда электр чироғи ўчиб қолган. Дўконларни айланиб текшириб юрганида, улардан бирида ёнғин бўлаётганини кўрган. Ўт ўчириш хизматига қўнғироқ қилинган, ёнғинни челакда сув ташиб ўзлари ўчиришга ҳаракатни бошлашганда, олов тепага ўрлаб, бутун дўконни қоплаб олган. Қоровулга кўра, ўт ўчириш машиналари 25-30 дақиқада етиб келган. Бу вақтда олов қўшни дўконларни ҳам қамраб олган эди.

Кийим-кечаклар ва бошқа буюмлар бўлган 14 та савдо дўконларини ўчириш учун тахминан 1 соату 10 дақиқа вақт кетган. Ёнғиннинг умумий майдони 180 кв.м.ни ташкил этган.

Ёнғинда тан жароҳати олганлар ва вафот этганлар йўқ, – дейилади туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабарида.

Отабек Шарофов, Kun.uz мухбири

Жаҳонгир Алибоев, оператор

Мавзуга оид