Тошкент шаҳар ҳокими 500 миллион доллар ташқи қарз жалб этишни режалаштирганми?
Тошкент шаҳар ҳокими Ўзбекистон пойтахти халқаро суверен рейтинг баҳосига эга эканини таъкидлаб, евробонд масаласида фикр билдирган. Унинг нутқида 500 миллион доллар ҳақида сўз юритилган.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида соғлиқни сақлаш масалалари бўйича нутқ қилган Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев евробонд ҳақида гапириб ўтган, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
«Еврооблигация масаласи бўйича, Fitch’дан рейтингимиз бор, шаҳарники. Унга 500 миллион (доллар – таҳр.) бераман, 100 миллионни, рухсат берсангиз, шифохоналарга ишлатсак», — деган шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев.
Еврооблигация (евробонд) — халқаро молия бозоридан қарз жалб этиш учун ўрнатиладиган қимматли қоғоз, облигация купонлар.
Ортиқхўжаев сўзлари юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий сайти ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида изоҳ берилмаган. Шунингдек, «Ўзбекистон24» тайёрлаган репортажда ҳокимнинг 500 миллион доллар қийматдаги еврооблигация чиқариш режаси аниқ баён этилмаган.
Бюджет кодексига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида маҳаллий ҳокимликлар бюджетини қабул қилиш ва ижро этишда тегишли бюджетлар маблағлари ҳисобидан бошқа юридик ва жисмоний шахслар фойдасига молиявий кафолатлар ва кафилликлар беришга ҳамда юридик ва жисмоний шахсларга бюджет ссудалари ва кредит линиялари беришга йўл қўйилмайди.
Президент қарорига мувофиқ, илк маротаба жаҳон молия бозорларида Ўзбекистон Республикасининг умумий ҳажми 1 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги 5 ва 10 йил муддатли суверен халқаро облигациялари жойлаштирилганди.
Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги суверен қарзлар, шу жумладан корпоратив (банк) қарз мажбуриятлари эмиссиясини мувофиқлаштириш бўйича барча операцияларни амалга оширувчи ваколатли орган ҳисобланади.
Молия вазирлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, шаҳар ҳокимлигининг евробондларни жойлаштириш масаласида таклифи Молия вазирлигига келиб тушмаган, хусусан, бу ҳақда вазирлик хабардор қилинмаган.
Маълумот учун, Fitch Ratings халқаро рейтинг агентлиги Тошкентга суверен рейтинг даражасида «Барқарор» прогнози билан узоқ муддатли «BB-» рейтингини берган. Тошкентда шундай рейтинг мавжудлиги қуйидаги имкониятларни беради:
- шаҳар ҳақида маълумотлар тарқатиш, мақбулроқ имиж ва ном яратиш;
- йирик корпорациялар, молиявий тузилмалар, давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан шаҳарга қизиқиш пайдо бўлиши ҳисобига потенциал инвесторлар доирасини кенгайтириш;
- кредиторлар билан кредит линиялари тақдим қилиш шартларини ўзгартириш мақсадида музокаралар олиб боришни енгиллаштириш;
- узоқ муддатли лойиҳаларни амалга ошириш молиявий шартларини енгиллаштириш;
- шаҳар номзодининг бирор танлов, мисол учун, катта кўламли иқтисодий, маданий ёки спорт тадбирини ташкиллаштириш ҳуқуқини олиш учун имкониятларини ошириш.
Fitch Ratings агентлиги АҚШ молиявий корпорацияси бўлиб, Standard & Poor’s ва Moody’s рейтинг агентликлари билан бир қаторда, учта энг нуфузли халқаро рейтинг агентлигидан бири сифатида маълум. Fitch Ratings каби агентликдан ижобий рейтинг олиш шаҳар ёки давлатнинг инвесторлар олдида молиявий ишончлилиги кафолати ҳисобланади.
Мавзуга оид
18:07 / 24.11.2024
ИИВ тузилмасида Дониёр Тошхўжаев ва яна икки мансабдор лавозимидан озод этилди
18:52 / 23.11.2024
Президент Тошкентда «Хушнуд» маҳалласи аҳолиси билан учрашди
16:37 / 23.11.2024
Шавкат Мирзиёев: Тадбиркор — иқтисодиёт пойдевори, давлат таянчи
10:51 / 23.11.2024