Ўзбекистон | 15:52 / 14.11.2020
16620
2 дақиқада ўқилади

Вазирлик масъули таълим шакли ҳақида: «Биринчи навбатда талаба ва ОТМ имкониятлари ҳисобга олиниши керак»

Олий таълим муассасаларида жорий ўқув йилини анъанавий шаклда бошлаш билан боғлиқ масалаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилмоқда.

Унда сўз олган Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов бугунги кунда олий таълимда ўқиш мажбурийми ёки ихтиёрийми, деган саволлар туғилаётгани ҳақида гапириб, бу бўйича маълумот берди.

“Биринчи навбатда, олий таълим муассасасининг моддий-техник базасини ҳисобга олиш керак. Бу анъанавий шаклда бошланадиган таълим жараёни олдинги таълим жараёнидан фарқ қилади. Яъни, белгиланган аудиторияларда белгиланган сиғимнинг 50 фоизигача талабалар киритилади. Барча талабларга риоя қилган ҳолда 30 нафар талаба учун мўлжалланган аудитория бўлса, ўша аудиторияга 15 нафаргача талаба кириб ўқийди. Икки кишилик партада 1 нафар талаба ўтиради”, - деди Абдували Холиқов.

У олий таълим муассасаларининг бу жараёнга қанчалик тайёр экани ҳақида ҳам гапирди.

“Олий таълим муассасалари тўлиқ графигини тайёрлади, яъни қайси курсни қачондан бошлаш кераклиги ва бу бўйича маълумот бериш ҳар бир олий таълим муассасаси томонидан бошлаб юборилди. 16 ноябрь куни барча талабалар ёки барча курслар жалб қилинмайди. Бунинг имконияти мавжуд эмас. Курсларнинг муҳимлик даражаси бўйича кетма-кетликда анъанавий таълимга жалб қилиш олий таълим муассасасининг ўзининг ваколатида.

Талабаларнинг имкониятлари ва олий таълим муассасасининг имкониятлари биринчи навбатда ҳисобга олиниши керак. Ҳар қандай шароитда ҳам бугунги кунда талабани ёки олий таълим муассасаси ходимининг соғлиғини ўйлаган ҳолда амалга оширишимиз керак. Ҳар бир олий таълим муассасаси мана шу талабга риоя қилган ҳолда жараённи бошлаяпти. Талабаларнинг имкониятлари агар мавжуд бўлмаса, ўз хоҳиши билан масофавий таълимда давом эттириш имконияти бор”, деди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи.

Мавзуга оид