Ўзбекистон | 20:11 / 15.11.2020
11659
3 дақиқада ўқилади

500дан ортиқ арзон уй-жойларга фотоэлектр тизимини ўрнатиш ҳуқуқи тендерсиз бериб юборилгани аниқланди

Аксилкоррупция агентлиги талаби билан, «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компаниясининг 5та ҳудуддаги филиаллари пудратчилар билан тендер ўтказмай тузган келишувлар бекор қилинди.

Коррупцияга қарши кураш агентлиги октябр ойидаги фаолияти юзасидан ҳисобот берди. Унда агентликка келиб тушган мурожаатлар ечим топганига оид мисоллар келтириб ўтилган.

Қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Тошкент ва Наманган вилоятларида қурилаётган 528 та хонадонга қуёш фотоэлектр тизимларини ўрнатиш белгиланган. Агентликка ана шу жараёнда қонунчиликка риоя этилмагани бўйича мурожаат келиб тушган.

Аниқланишича, кўп қаватли арзон уй-жойларга фотоэлектр тизимини ўрнатиш ишларини бажариш бўйича пудратчи ташкилотларни танлаб олиш жараёнлари, президентнинг ипотекага оид 2019 йил 28 ноябрдаги фармони талабларига амал қилинмасдан ташкил этилган.

Коррупцияга қарши кураш агентлиги масъул идораларга тақдимнома киритган.

«Натижада «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК» МЧЖ Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё ва Наманган вилоятлари ҳудудий филиаллари томонидан қуёш фотоэлектр тизимларини ўрнатиш бўйича танлов (тендер) савдолари ўтказмасдан пудратчи ташкилотлар билан олдин тузилган арзон уй-жойлар қурилиши шартномаларига қўшимча келишувлар бекор қилиниб, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда танлов (тендер) савдолари қайта ташкил этилди», – дейилади хабарда.

Бошқа бир ҳолатда, Бухоро шаҳрида яшовчи фуқаро агентликка мурожаат қилиб, «DEVELOPMENT DREAM HOUSE» МЧЖ томонидан ўзбошимчалик билан қурилган қурилмани бартараф этиш бўйича суд қарори ижро қилинмаётганидан норозилигини билдирган. Агентлик ушбу МЧЖнинг мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг 232-моддаси (Суд ҳужжатини ижро этмаслик) билан жиноят иши қўзғатиш ҳақида Бош прокуратурага сўров юборган.

Тошкент вилоятида яшовчи тадбиркор эса 400 млн сўм пулини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган мансабдор шахсларга чора кўрилмаётгани ва жиноят иши ЖПКнинг 84-моддаси 1-қисми 1-бандга асосан ҳаракатдан тугатилганидан норозилигини билдирган. Аксилкоррупция агентлиги мутахассислари жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, тергов бир томонлама ва тўлақонли ўтказилмаган деган хулосага келган ва Бош прокуратурага жиноят ишини ҳаракатдан тугатиш ҳақида қарорни бекор қилиш ҳақида тақдимнома киритган.

Аввалроқ, Аксилкоррупция агентлигига қайси масалаларда энг кўп мурожаат тушаётгани маълум қилинган эди.

Мавзуга оид