Жамият | 11:46 / 15.11.2020
19422
3 дақиқада ўқилади

Таниқли блогер Абу Муслим 26 йил деганда Ўзбекистон паспортини олди

Ўзбекистон президенти 2020 йилнинг 24 январ куни Парламентга ҳар йилги мурожаатномаси билан чиқди. Унда асосий ишчи кучи яшайдиган ва иш ўринлари яратилаётган ҳудудлар ўртасида мавжуд тафовутни бартараф этиш учун ички миграцияни эркинлаштириш лозимлиги айтилганди.

Мамлакатимизда узоқ вақтдан бери доимий асосда яшаб келаётганлар барча фуқароларга бериладиган ҳуқуқлардан фойдаланиши кераклиги, 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён истиқомат қилаётган шахсларга Ўзбекистон фуқаролиги автоматик тарзда берилиши даркорлиги таъкидланган эди. Шу тариқа 50 мингга яқин кишининг фуқаролик билан боғлиқ муаммолари ҳал этилиши билдирилди.

Интернетда Абу Муслим тахаллуси билан машҳур бўлган блогер Адҳам Отажонов 26 йилдан бери фуқаролиги йўқ шахслар қаторида эди. Икки йил олдин Kun.uz'да бу ҳақда маълумот берилганди.

Абу Муслимнинг Ўзбекистонда туғилган фарзандига фуқаролик паспорти берилади, у ҳатто армия сафида хизмат қилади. Бироқ вақт ўтиб унинг ҳам фуқаролиги бекор қилинади.

Абу Муслим марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асос солган Islom.uz портали ва унинг ичида бўлган 20 га яқин сайтларда муҳаррир вазифасини бажарган. Шайх вафотларидан сўнг ўзи асос солган Islamonline порталини юритиб келади.

Бугун Бектемир туман ҳокимлиги биносида Абу Муслимга Ўзбекистон фуқаролик паспортини топшириш маросими бўлиб ўтди. Туман ҳокими Жаҳонгир Иброҳимовнинг шахсан ўзи паспортни Абу Муслимга топширар экан, унинг келгуси ишларида омад тилади.

Адҳам Баратов, Бектемир тумани миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи: «Бектемир туманида жами 61 нафар фуқаролиги йўқ шахслар фуқаролик паспортини олиш бўйича ҳужжат топширган бўлиб, уларнинг 49 нафарига Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспорти берилди. Аризалар 10 кун муддатда кўриб чиқилади. Янги қонунга кўра, 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда рўйхатда турган кишилар фуқаролик олишлари мумкин».

Адҳам Отажонов, блогер: «1975 йил Тошкентда туғилганман. Отам поляк, онам корейс бўлган. Молиявий қийинчиликлар ва оилавий сабабларга кўра мени Меҳрибонлик уйига топширишган. У ерда уч ёшгача бўлганман. Кейин Қозоғистоннинг Туркистон вилоятидан бўлган ўзбек оиласи мени асраб олган. 1994 йил Тошкентга кўчиб келдик. Пропискага қўйилдик, лекин паспорт беришмади. Фуқаролиги йўқ шахс бўлиб яшадик. Ҳозирги кунда фуқаролик борасида сиёсат тубдан ўзгарди. 4 йил ичида 50 минг киши паспорт олди. Мен ҳам 26 йил деганда автоматик равишда фуқаролик олдим. Энди фарзандларим ҳам фуқаролик олиши мумкин».

Темур Аъзам тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси Асад Алланазаров

Мавзуга оид