Жаҳон | 11:42 / 17.11.2020
14844
3 дақиқада ўқилади

Арманистон президенти бош вазир Никол Пашинян истеъфога чиқиши муқаррарлигини айтди   

Фото: Армен Саркисян

Арманистон президенти Армен Саркисян мухолифатнинг вақтинчалик миллий келишув ҳукумати ташкил этиш ва муддатдан олдин сайловлар ўтказиш талабини қўллаб-қувватлади. Шунингдек, у бош вазир Никол Пашинян истеъфога чиқиши муқаррар эканини айтди.   
 
Саркисян бу ҳақда 16 ноябрда миллатга видеомурожаатида айтиб ўтди.

“Биз жанг майдонида ҳам, дипломатик ва халқаро майдонларда ҳам ютқаздик. Юзага келган вазиятни, жамият талабини ҳисобга олиб, ички сиёсий силсилаларнинг олдини олиш учун муддатдан олдин парламент сайловлари ўтказилиши муқаррарлиги аён нарсадир”, деб айтган Саркисян.

Унинг таъкидлашича, бу маънода ҳукумат ва ҳукмрон сиёсий куч ўз салоҳиятини холис баҳолаши, қисқа муддатларда конституциявий ислоҳотлар ўтказиш муддатлари бўйича йўл харитасини тақдим этиши ягона масъулиятли ёндашув бўлади. Бу ўзгаришлар натижасида муддатдан олдин парламент сайловлари ўтказиш мумкин бўлади.

“Унгача эса мамлакатни бошқариш юқори малакали миллий келишув ҳукуматига топширилади”, деб таъкидлаб ўтган Арманистон президенти.

Унинг айтишича, у шу вақт ичида кўплаб сиёсатчилар ва жамиятнинг турли соҳалари вакиллари билан учрашувлар ўтказди ҳамда унинг таклифи умуммиллий манфаатлардан келиб чиқмоқда.

“Учрашувлар иштирокчиларининг аксарияти бир масалада – бош вазирнинг конституцияга мувофиқ истеъфога чиқиши ёки ваколатлари тугатилиши ҳамда муддатдан аввал парламент сайловлари ўтказилиши кераклигида якдиллар”, деб таъкидлаб ўтган Саркисян.

16 ноябрда Арманистонда ўтган навбатдаги норозилик намойишларида мухолифат Пашиняннинг истеъфосини ва унинг ҳукумати тарқатилишини ҳамда вақтинчалик вазирлар маҳкамаси шакллантирилиши ва муддатдан аввал сайловлар ўтказилишини талаб қилган. Мухолифат Тоғли Қорабоғдаги жанговар тўқнашувларни тўхтатиш мақсадида Озарбойжон билан тузилган келишувни “халқ орқасидан туриб таслим бўлиш ҳақида имзоланган ҳақоратомуз келишув” деб баҳолаган.

Саркисян, шунингдек, Озарбойжон назоратига ўтган Гадрут шаҳри аҳолиси билан учрашувда ўт очишни тўхтатиш ҳақида Арманистон бош вазири, Озарбойжон ва Россия президентлари ўртасида имзоланган баёнотга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтган. 

 

Мавзуга оид