Фан-техника | 14:38 / 17.11.2020
2701
1 дақиқада ўқилади

Huawei компанияси Honor брендини сотади

Қайд этилишича, Honor бренди омон қолиши учун уни сотишга қарор қилинган.

Фото: Huawei

Хитойнинг Huawei Technologies Co компанияси Honor бренди остида қурилмалар ишлаб чиқарувчи бўлинмасини Shenzhen Zhixin New Information Technology Co компаниясига сотади.

Келишувнинг молиявий шартлари ошкор қилинмаяпти. Huawei хабарида айтилишича, компаниянинг истеъмолчиларга мўлжалланган бизнеси "катта босим" остида қолган. Бу “мобил телефонлар ишлаб чиқариш учун зарур техник унсурларни олишнинг имкони йўқлиги” билан боғлиқ, дея қайд этади компания.

Доналд Трамп маъмурияти ўтган йили Huawei компаниясини АҚШ технологияларини олиш имконияти чекланган компаниялар рўйхатига киритганди. Бу йил эса чекловлар янада қатъийлаштирилиши оқибатида Huawei Америка технологияларидан фойдаланиш имконидан бутунлай маҳрум бўлди.

Қайд этилишича, Honor бренди омон қолиши учун уни сотишга қарор қилинган. Аммо Honor бошқа компанияга ўтганидан сўнг Америка технологияларини олиш имконига эга бўлиш-бўлмаслиги ноаниқ, деб ёзади Bloomberg.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид