Ўзбекистон | 18:38 / 17.11.2020
34603
9 дақиқада ўқилади

Қашқадарёга Бангладешдан юзлаб ишчи берухсат олиб келинмоқда. Маҳаллий ишсизлар камми?

Шу ой бошида Ўзбекистонга Бангладешдан бир гуруҳ меҳнат муҳожирлари етиб келди. Kun.uz республиканинг Тошкентдаги элчихонаси вакилидан олган маълумотга кўра, биринчи парвозда 239 нафар ишчи олиб келинган ва уларни Enter Engineering компанияси ишга ёллаган.

Маълум бўлишича, компания Қашқадарёдаги лойиҳаларга жами 888 нафар бангладешлик ишчини жалб этишни режалаштирган. Дастлабки гуруҳ етиб келгани маълум бўлгач, жамоатчилик ва расмийларда эътирозлар уйғониши фонида, қолган ишчиларнинг олиб келиниши масаласи номаълум бўлиб қолмоқда.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бу ҳолатдан хабарсизлигини билдириб, бангладешлик ушбу меҳнат муҳожирларининг Ўзбекистонда ишлаши учун рухсатнома бермагани, бу борада мурожаат келиб тушмаганини маълум қилди. Қонунчиликка кўра, Ўзбекистонга хориждан ишчи кучини рухсатнома олмай жалб қилиш тақиқланган. Шунингдек, хориждан таклиф этилган ҳар бир ходим учун иш берувчи белгиланган тартибда тасдиқнома олиши талаб этилади.

Пандемия даврида ишсизлик даражаси ортган бир пайтда, Қашқадарёга хориждан юзлаб ишчилар олиб келинаётгани қатор саволларни уйғотмоқда. Бобур Акмалов «KUN. MUNOSABAT» рукнида Олий Мажлис депутати Дониёр Ғаниевнинг шу масаладаги фикрлари билан қизиқди.

«Бизда ишсизлик жуда катта муаммолардан бири. Aҳолининг катта қисмини айнан ёшлар ташкил қилади. Бундан ташқари, ҳар йили 500 мингга яқин янги ишчи кучи қўшилиб келади ва улар учун иш ўрни яратиш талаб қилинади.

Ҳозир бизда бирданига катта иш ўринларини яратиб, ишсизлик муаммосини қисқа муддатда ечиш имконияти йўқ. Шундан келиб чиқиб, меҳнат мигрантлари четга бориб ишлаши бизга керак ва бу табиий жараён. Ҳозир давлат сиёсатининг мақсади ҳам бу жараённи босқичма-босқич қисқартириш бўляпти. Яъни тадбиркорлик орқали кўпроқ иш ўринлари яратиб Ўзбекистон фуқароси ўз ватанида, оиласи бағрида яшасин, деган олий мақсад қўйилган.

Масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Биз глобал дунёда яшаяпмиз ва интеграция ҳисобига товарлар, инсонлар ҳаракати эркин бўлиши керак. Яъни биз четга чиқа олганимиздек, қолганлар ҳам бизга кела олиши керак. Бу билан биз чет эллик келмасин, дейишимиз ҳам нотўғри. Бизда бўлмаган маълум бир соҳа мутахассислари давлатимизга келиши иқтисодиётимиз ривожи учун, янги иш ўринларини ўзимизда яратишимиз учун бевосита ёки билвосита фойдали бўлиши мумкин.

Шунинг учун эшикни ёпиб олиш тарафдори ҳам эмасман. Лекин четдан ишчи олиш амалдаги тартиб, қонунчилик асосида бўлиши керак. Бизда амалдаги қонунчилик қандай? Aфсуски, бу қонун билан белгиланмаган. Фақат қонуности ҳужжатлари – президентнинг 4008-сонли қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 244-сонли қарори билан тасдиқланган низом асосида тартибга солинади», – дейди Дониёр Ғаниев.

Олий Мажлис депутати Дониёр Ғаниев

– Бизга ўхшаган ривожланаётган мамлакатга четдан келган ҳақиқий мутахассислар кўмак беришади. Яъни бизга қора ишчи эмас, олий маълумотли ишчи керак.

– Яхши айтдингиз, президент қарорида хориждан мутахассис олиб келиш иккига ажратилган: юқори малакали ва малакали мутахассис. Паст даражадаги мутахассисга қўйилган талаб ҳам олий маълумотга эга бўлиш, камида 5 йил ўз йўналишида меҳнат стажига эга бўлиш ва Ўзбекистонда камида йилига 30 минг доллар даромад қиладиган ишга келаётган бўлиши керак. Яъни ўртача 2,5 минг доллар ойлик оладиган ишга олиб келиш керак.

Бангладешдан ишчи олиб келинганига келсак, бу маълумот дастлаб расмий манбаларда эмас, шубҳали ОAВда тарқалди. Бу менда шубҳа уйғотди ва ўргандим. Норасмий манбалардан сўраганимда улар ҳақиқатан 200дан ортиқ ишчидан иборат гуруҳ Бангладешдан келганини тасдиқлади. Бунинг ортидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги баёнот берди ва ҳеч бир ташкилот бу борада вазирликка мурожаат қилмаганини маълум қилди. Улар воқеадан бехабарлиги, бу ўрганилишини айтишди. Бу эса саволларни яна ҳам кўпайтирди.

Низомга кўра, иш берувчига хорижлик ишчини рухсатномасиз олиб келиш ва тасдиқномаси бўлмаган хорижлик фуқарога Ўзбекистонда ишлаш тақиқланади. Улар биринчи навбатда рухсатсиз ишчи олиб келиб, қоидани бузишяпти.

Иккинчидан, тегишли ҳужжатларсиз Ташқи ишлар вазирлиги виза бермаслиги керак. Демак, улар ишчи бўлмасдан, тўғри келиш учун ҳам визани қаердан олган, деган саволлар келиб чиқяпти.

Учинчидан, ишчилар сони 900 нафар дейиляпти ва бу табиийки, юқори малакали ёки малакали ишчи эмас. Масалан, малакали инженер, архитектор кабиларнинг 10–20 нафарини олиб келиш мумкин. Чунки лойиҳани амалга ошириш – катта, қиммат ва мураккаб жараён. Aлбатта, улар сифатли иш қилиши керак. Aммо бирданига 900 ишчи олиб келиниши жуда ўринсиз қарор.

Aйниқса, бугунги пандемия шароитида бу иш ҳам ўринсиз, ҳам қонунга зид ҳисобланади. Чунки мен 900 ишчи ойига 3000 доллар оладиган малакали ишчи деб ўйламайман.

Мендаги норасмий маълумотларга асосан, келадиган ишчилар – асосан рангли металларни пайвандловчи мутахассислар. Бангладеш Форс кўрфази ва араб давлатларини ишчи билан таъминлаб, дунёда ишчи етказиб берадиган 10та йирик давлатдан бири ҳисобланади. Улар катта қурилиш лойиҳаларида ишлагани, пайвандлаш билан шуғуллангани айтиляпти. Aммо бу иш президент қарорида айтилган ишчилар эмас ва пайвандлашни маҳаллий аҳоли орасида ҳам қиладиганлар бор.

Бундай ишчи бўлмаган тақдирда ҳам, пайвандлашни қисқа муддатда ишчига ўргатиш мумкин. Чунки лойиҳа кеча бошлангани йўқ.

– Ўзимизда ишчи кучи бўла туриб, нега устунлик бангладешликларга берилди?

– Мени ҳам шу савол қийнаяпти. Чунки бангладешликлар ҳам ойига 200–300 доллардан камига ишлашига ишонмайман. Иккинчидан, уларни самолётда олиб келяпти ва уни яна олиб бориб қўйишади. Уларни жой билан таъминлаш ва суғуртаси каби харажатлари ҳам бор. Яъни молиявий жиҳатдан бу тўғри қарор бўлмайди.

Ишчиларни Бангладешдан олиб келишганига сабаб, балки, йилнинг охири келаётгани учун лойиҳани топширишга улгуриш бўлиши мумкин. Объектив ва субъектив сабабларга кўра иш режадан ортда қолиб кетган бўлса, вазифани вақтида тугаллаш учун улар қиммат, ноқонуний ва одамларнинг эътирозига сабаб бўлишларига қарамай ишчи олиб келишяпти, деб ўйлаяпман. Балки, мен адашаётгандирман. Менда аниқ маълумот йўқ ва бу фақат менинг мантиқий хулосам.

– Балки, бангладешликлар ишни сифатлироқ бажарар?

– Бўлиши мумкин. Aммо яхши шароит яратилса, иш тўғри ўргатилса, энг муҳими яхши даромад берилса, ишонаманки, ўзбек ишчилари ҳам сифатли бажаради.

Давлат секторида даромад пастлиги учун ишлар сифатсиз бажарилаётган ҳолатлар бўлиши мумкин, лекин бангладешликларни олиб келаётган пудратчи – хусусий сектор. Ўйлайманки, ишчи тўғри рағбатлантирилса, шароитлар билан таъминланса, ўзбек ишчилари ҳам бангладешликлардан қолишмайдиган сифатли иш қилишига ишонаман.

– Бу нима билан якун топади деб ўйлайсиз ва нима билан якун топгани маъқул?

– Биз Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига депутатлик сўровини юбордик. Жалб қилинаётган ишчилар қонунийми ёки қонуниймаслигини ўрганиб беришларини сўрадик.

Иккинчидан, бу – жуда қиммат лойиҳа ва бу давлат ташқи қарзи ҳисобига бўляпти. Яъни бу ерда давлат – буюртмачи, хусусий корхона – бош пудратчи. Бу ерда истаймизми-йўқми халқ ва солиқ тўловчиларнинг манфаати бор. Шу нуқтайи назардан, бу лойиҳа доирасида ўзи қанча ишчи ўрни яратилаётгани ва бу яратилаётган иш ўринлари ҳақида мутахассислик ёки лавозим кесимида маълумот керак. Яна бир масала – олиб келинаётган ишчи улардаги бўш иш ўрнига қанчалик мос?

Учинчидан, шу бўш ўринни ўзимизда тўлдириш имконияти борми?

Шу талабларни қўйиб, биз сўров юбордик. 10 кун давомида жавобини кутамиз.

Тасдиқланмаган манбаларга кўра, ишчиларнинг бир қисми етиб келган, қолган қисми олиб келинмаган. Умид қиламанки, қолган қисмини олиб келмасдан, маҳаллий ишчиларни банд қилишади ва бу ўзбек хонадонларида қозон қайнашига сабаб бўлади. Энг муҳими, ишчилар ноқонуний олиб келинган бўлса, чора кўрилиши ва бу бошқа иш берувчиларга дарс бўлиши керак. Биз ҳар қанақа иш қилиб жазосиз қолиб кетадиган замонда яшамаяпмиз. Тўғри, кимлардир қолиб кетиши мумкин, лекин бунақа катта кўламдаги қоидабузарликка тегишли тартибда чора кўрилиши керак.

Бобур Акмалов суҳбатлашди.

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид