Жамият | 20:16 / 18.11.2020
17035
4 дақиқада ўқилади

Андижондаги бозорда рўй берган ёнғин бўйича жиноий иш очилди. Зарар тахминан 1 млрд сўмга баҳоланмоқда

17 ноябрь куни соат 21:34 атрофида Андижон тумани Султонобод маҳалласи ҳудудидаги «Ёрбоши водий савдо» МЧЖга тегишли ошхона ва савдо дўконларида ёнғин келиб чиқди.

Биз 18 ноябр куни эрталаб ҳодиса жойида бўлдик. У ерда ёнғин оқибатлари бартараф этилаётган эди. Тегишли ташкилотлар ходимлари мавжуд техника воситаларидан фойдаланган ҳолда тозалов ишларини амалга ошириб, чиқиндиларни олиб чиқиб кетишмоқда. Ёниб харобага айланган савдо дўконларининг эгалари уларга ёрдам беришмоқда.

Андижон тумани ФВБ берган дастлабки маълумотларга қараганда, ёнғинда жами 24 та дўкон аланга ичида қолган. У ердаги маҳсулотларнинг катта қисми ёниб кул бўлган.

«17 ноябр куни соат 21:34 атрофида Андижон тумани фавқулодда вазиятлар бўлими навбатчилик қисмига «Ёрбоши водий савдо» МЧЖга қарашли савдо дўконлари ёнаётгани ҳақида хабар келиб тушди. Ёнғин-қутқарув бўлинмамиз зудлик билан ҳаракат қилиб, ёнғин бўлаётган жойга 21:41да етиб келдик.

Ёнғин жойига етиб келганимизда, ўзингиз кўриб турган мана шу жойлар аланга олиб ёнаётган эди. Зудлик билан Андижон вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармасига тегишли 9та ёнғинни ўчириш автомобили етиб келиб, ёнғинни соат 22:55да бартараф қилдик.

Ёнғин натижасида 24 дона савдо расталари ёниб зарарланди. 3000 м.кв. майдон сақлаб қолинди. Айни пайтда ёнғин сабабларини аниқлаш учун терговга қадар текширув ишлари олиб борилиб, ўрганилмоқда. Ва кўриб турганингиздек, тозалов ишлари олиб борилмоқда, – дейди Андижон тумани ФВБ инспектори, лейтенант Бекзодбек Қобилов.

Шу жойда жабрланган савдогарларни суҳбатга тортдик.

«Кечқурун соат 10да қўнғироқ бўлди бозор ёняпти, деб. Келиб кўрганимда ўт ўчириш ходимлари ҳамма жойда ўзларини ишларини олиб бораётган экан. Орада мен ўзимни дўконимни кўрдим. Худога шукр, дўконим сақланиб қолди. Қолганларга сабр тилайман.

11 ноябрь куни ёнғин хавфсизлиги ходимлари келиб, огоҳлантириш бериб кетишган эди. Лекин баъзи бир инсонларнинг масъулиятсизлиги ҳисобига шу кўргиликлар бўлди. Бундан ёмонидан сақласин», – дейди 53-дўкон эгаси Мирзобобур Қосимов.

«Улгуржи бозорда озиқ-овқат билан савдо қилардик. Кўргилик экан. Ҳаммаси Худодан, нима қиламиз энди. Шунақа бир сабаб бўларкан-да. Эҳтиёт бўлиш керак экан, албатта, электр энергияга, бошқага.

Сабаби нималиги ҳозирча аниқ эмас. Энг ачинарлиси, кўпчилик моддий жабрланди.

Вақт кўрсатади, ўрнига келиб қолар. Келади, Худо хоҳласа, ҳаракатдамиз. Ҳар қандай иш беҳикмат бўлмайди. Бу ҳам беҳикмат эмас. Худо бирини олганда ўнини бераман, деган. Худо хоҳласа бўлади, янаям яхши бўлиб кетади, – дейди дўкон эгаларидан бири Абдумалик Валиев.

Бош прокуратура берган маълумотга кўра, ёнғин оқибатида бинонинг умумий 692,9 кв метр қисми ёниб, тахминан 1 млрд сўмлик зарар етган.

Ҳолат юзасидан Андижон тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «б» банди (Оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Элмурод Эрматов,
Аҳрорбек Ёқубжонов.

Мавзуга оид