Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ғафур Ғулом» боғида қайта қуриш бошланди. Тадбиркорлар нимадан норози?
18 ноябр куни Тошкентдаги «Ғафур Ғулом» номидаги маданият ва истироҳат боғи директори ва кўп йиллардан бери шу боғда ишлаб келаётган тадбиркорлар ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Пойтахтдаги энг асосий дам олиш масканларидан бири саналувчи боғ Сингапурнинг «BMP Smart Decision Private Limited» компаниясига 49 йилга ижарага берилган.
Устав фонди 700 доллар бўлган компания камида 10 млн доллар тўғридан тўғри инвестиция киритиб, у ерда «замонавий кўнгилочар маскан» барпо этади. Сингапурда рўйхатдан ўтган компания таъсисчиси – Шерзод Ҳалимов исмли Ўзбекистон фуқароси экани маълум.
Сўнгги ойларда «Ғафур Ғулом» боғи ўрнида турар жой мажмуалари қурилишидан хавотирлар пайдо бўлди. Пойтахт ҳокимлиги ва Маданият вазирлиги буни рад этиб чиққан.




Айни пайтда боғ ҳудудида енгил конструкцияли иншоотлар демонтаж қилинмоқда. Аммо бир неча йиллардан бери шу ерда тадбиркорлик қилиб келаётган бир неча тадбиркорлар бу ишлардан норози.
«Биз кўп йиллардан бери шу боғда ишлаб келамиз. Шу орқали оиламизни боқамиз. Лекин қандайдир бир инвестор келиб, тайёр жойга инвестиция киритиши баҳонасида бизни кўчага ҳайдашмоқда. Биз қаерга борамиз?
Кейинчалик «ижарага берамиз» дейишмоқда, лекин кафолат хати бергани йўқ. Биз қандай ишонамиз? Ўзимизнинг ҳам кучимиз етади шу жойни обод қилиб, замонавий қилиб модернизация қилишга. Лекин ҳеч ким бизга айтгани йўқ.
Ўзи карантин даврида ишламадик. Парк ёпиб қўйилган. Биз нима қиламиз энди, қаерга борамиз? Бизни ҳеч ким эшитмаяпти» – дейди тадбиркорлардан бири биз билан суҳбатда.

«BMP Smart Decision Private Limited» МЧЖ директори Отабек Мирзажоновнинг сўзларига кўра, боғ реконструкцияси тугаллангач, у ерда тадбиркорлик қилиш ҳуқуқи кимларга берилиши тендер асосида аниқланади.
«Ҳозирда конструкцияли иншоотларни бузиш (демонтаж) ишлари олиб борилмоқда. 10 миллион долларлик инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, боғ замонавий кўринишга келади.
60дан зиёд тадбиркорлар бор. Лекин уларнинг 4–5 таси норози. Уларга компенсация бера олмаймиз. Сабаби – уларнинг ижара шартномаси 2019 йилда тугаган.
Кейинчалик шу жойларни эски эгаларига ижарага бериш бўйича кафолат хатини ҳозир бера олмаймиз. Чунки бу жойлар тендер асосида ижарага берилади.
[...] Инвесторлар тўғридан тўғри 10 миллион долларлик инвестиция киритишмоқда. Давлатдан ҳеч қандай қарз олинмайди. Ҳамма аттракционлар янгиланади. Чунки ҳозиргилари эскирган, талабга жавоб бермайди. Тадбиркорларнинг ўзларини эса бунча маблағлари йўқ», – дейди боғ директори», – деди корхона раҳбари.

У боғни янги кўринишга келтиришда бирорта ҳам дарахт кесилмаслигини таъкидлади.
«Биз аҳолини йиғиб айтдик: ҳеч қандай дарахт кесилмайди. Хоҳлашса, дарахтларни санаб, рўйхат қилиб чиқишсин. Биз тайёрмиз», – деди Отабек Мирзажонов.
Эслатиб ўтамиз, лойиҳа доирасида қуйидагилар кўзда тутилган:
- болалар учун 15 та, оилавий дам олувчилар учун 20 та, экстремал ҳордиқ чиқаришни хуш кўрувчилар учун 10 та, умумий ҳисобда 45 та турли аттракционлар барпо этиш;
- жами 300 ўринга мўлжалланган 2 та амфитеатр қуриш;
- ташриф буюрувчи болали оилалар учун қисқа муддатли болалар боғчаси, болаларнинг тантанали тадбирларини ўтказиш иншоотлари, рангли суратлар акс эттирилган картографик фаввора, хорижий ва маҳаллий адабиётлар билан бойитилган ҳамда шинам ўқув залига эга кутубхона, катталар ва болалар учун махсус техник воситаларга эга спорт майдончалари, умумий овқатланиш шохобчалари, қишки ёпиқ дам олиш маркази; мавжуд кўл атрофида югуриш йўлакчаларини ташкил этиш.
Таъкидланишича, инвесторга лойиҳадан четлашиб, кўнгилочар масканга тааллуқли бўлмаган бино-иншоотлар қурилиши кузатилса, шу заҳоти шартнома бекор қилиниши ҳақида шарт қўйилган.
Мавзуга оид
18:15 / 11.09.2024
Яна 50 минг гектар ер камбағал оилаларга бўлиб берилади
17:18 / 07.09.2024
Олтинкўл туманида тадбиркорлар оммавий электр токидан узилди. Улар қуёш панелларини ўрнатишга мажбурланяпти
08:35 / 04.09.2024
Тадбиркорларнинг ортиқча истеъмол қилинган электр ва газ учун қўшимча тўлови 10 бараварга камайтирилади
07:53 / 04.09.2024