Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ДХХ Фарғона водийсида гиёҳванд моддалар савдосига қарши тадбирлар ўтказди
ДХХ ходимлари томонидан Фарғона водийсида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида гиёҳванд моддаларнинг мамлакатга олиб кирилиши ва реализация қилиниши билан боғлиқ бир нечта ҳолатларга чек қўйилди.
Хусусан, Андижон вилояти Хўжаобод туманида яшовчи М.М. ва Ж.Ш. келаётган “Нексия” русумли автомашина Андижон тумани ҳудудида тўхтатилиб текширилганда, унинг салон қисмида 997 гр. “гашиш” моддаси борлиги аниқланди. Терговга қадар текширув жараёнида маълум бўлишича, М.М. ва Ж.Ш. маҳаллий фуқаро М.С. ҳамда Хўжаобод туманида истиқомат қилувчи Қирғизистон фуқароси О.Ш. билан ўзаро жиноий тил бириктириб, қўшни давлатдан контрабанда йўли билан олиб ўтилган ушбу гиёҳванд моддаларни сотиш орқали мўмай даромад топишни режалаштиришган.
ДХХ ходимларининг Андижон вилоят Ички ишлар бошқармасини жалб этган ҳолда ўтказган яна бир тезкор тадбири давомида эса А-373 йўлида ҳаракатланиб келаётган Андижон шаҳрида яшовчи С.У. бошқарувидаги “Матиз” русумли автомашина тўхтатилди. Ушбу автотранспорт воситаси текшириб кўрилганда, ҳайдовчи ўриндиғининг таг қисмида 988 гр. “гашиш” моддаси борлиги маълум бўлди. С.У.нинг сўзларига кўра, қирғизистонлик танишлари томонидан республика ҳудудига ўтказилган мазкур оғуни у Хўжаобод туманида қабул қилиб олган ва келгусида сотишни режалаштирган.
Андижон вилояти Марҳамат тумани Дўстлик МФЙ ҳудудидан ўтувчи “ўзбек-қирғиз” давлат чегараси бўйлаб ҳаракатланган фуқаро Х. ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан тўхтатилиб, текширилганда, унинг ёнида 1 кг 905 гр. “гашиш” гиёҳванд моддаси борлиги аниқланди ва процессуал тарзда расмийлаштириб олинди.
Бошқа бир ҳолатда эса маҳаллий фуқаролар Э.Қ., О.Ё. ва И.М. 475 гр. “гашиш” моддасини Марҳамат туманида, шунингдек, Ў.О. 435 гр. “гашиш” моддасини Қўрғонтепа туманининг Қорасув шаҳрида сотаётган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.
Бу каби ҳолат Наманган вилоятида ҳам қайд этилди. Жумладан, ДХХ ходимлари ўтказган тезкор тадбирда “Чуст-Наманган” йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган “Жентра” русумли автомобил тўхтатилди. Наманган шаҳрида яшовчи, муқаддам судланган У.Х. бошқарувидаги ушбу автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг салон қисмида 1 кг 994 гр. “гашиш” моддаси борлиги маълум бўлди. Аниқланишича, ушбу оғуни қирғизистонлик Н. исмли шахс Чуст туманидаги “ўзбек-қирғиз” давлат чегарасидан контрабанда йўли билан ўтказиб берган.
Фарғона вилоятида кузатилган ҳолатда эса Водил қишлоғида яшовчи, муқаддам судланган Н.Х. жиноий шериклари бўлган, Марғилон шаҳрида яшовчи Р.А. ва Т.О. берган 5 минг АҚШ долларига айланма йўллар орқали Қирғизистоннинг Қадамжой районига бориб, “Қаҳрамон” исмли шахсдан 987 гр. “гашиш” моддасини сотиб олади. Сўнгра ноқонуний равишда давлат чегарасини кесиб ўтиб, Фарғона шаҳрида оғуни Р.А. ва Т.О.га берган вақтида, уларнинг барчаси ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинди. Бундан ташқари, уларнинг ёнидан топилган 32 млн 360 минг сўм ҳам ўрнатилган тартибда олиб қўйилди.
Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жами 7 кг 781 гр. “гашиш” гиёҳванд моддаси мусодара қилинди. Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари доирасида ушбу ишларга алоқадор бошқа шахсларни ҳам аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Мавзуга оид
08:13 / 27.05.2025
Ҳаж зиёратига юборишга уринган шахслар ушланди
07:40 / 21.05.2025
ДХХ Қашқадарёда 3 нафар адвокатнинг фирибгарлик ҳаракатларини фош этди
11:27 / 20.05.2025
Тожикистондан контрабанда қилинган наркотик моддалар тўхтатиб қолинди
19:09 / 14.05.2025