«Бизга шунчаки ҳаво керак...» – Попнинг Хўжаободида одамлар нафас олишга қийналмоқда. Сабаб – носоз пахта заводи
Наманган вилояти Поп туманида шундай маҳалла бор. У ерда уй томлари-ю дарахтларгача чангга бурканган. Чанг бўлганда ҳам пахта толаси аралаш чанг, бунақа чангдан нафас олаётган аҳоли аллергиядан азият чекмоқда.
Kun.uz таҳририятига Наманган вилояти Поп туманидан мурожаат келиб тушди. Мурожаатда туманнинг «Хўжаобод» маҳалласида жойлашган пахта тозалаш заводидан чиқаётган чанг узоқ йиллардан бери аҳолига зарар бериб келаётгани айтилган. Ушбу ҳолатни ўрганиш мақсадида Поп туманига йўл олдик.
Маҳалла аҳолиси Поп пахта тозалаш заводидан ҳавога чанг чиқиши ва одамларга зарар келтираётгани бўйича 2010 йилдан бери кўплаб ташкилотларга мурожаат қилиб келади. Чунки 1968 йил қурилган пахта заводи айнан 2010 йилдан атрофга нафас олишни-да қийинлаштирувчи чанг чиқаради.
«Авваллари ҳам чанг бўларди, лекин 80-90 фоиз чангни чанг тутқичлар ушлаб қоларди. 2010 йилда пахта заводини реконструкция қилишди. Шундан бери нафас олиб бўлмайди. Ҳар йили бир мавсумда 7-8 ой шу аҳвол», дейди маҳалла фаоли Жалолиддин Файзиев.
«10 йилдан бери бу масала бўйича мурожаат қилиб келмоқдамиз, лекин ҳозиргача бирорта иш амалга оширилгани йўқ. Илк аризамизни 2010 йил 24 декабрда йўллаганмиз», дейди Одилжон Ҳакималиев.
Мурожаатлар ортидан 2014 йил 22 апрел куни ДСЭНМ хулосасига асосан Наманган вилоят хўжалик суди санитарияга зид ҳолатлар бартараф этилмагунча «Поп пахта тозалаш заводи» АЖ фаолиятини тўхтатиш бўйича қарор чиқаради ва ижрога тақдим этади.
Фуқароларнинг айтишича, суд қароридан сўнг завод бир муддат фаолиятини тўхтатган, лекин бироз вақт ўтиб заводда иш яна давом этаверган.
Фуқаролар томонидан охирги марта Президент халқ қабулхонаси орқали мажбурий ижро бюроси Наманган вилоят бошқармасига йўлланган 2020 йил 10 октябрдаги аризага жавоб берилади. Жавоб хатида Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси Наманган вилоят бўлими аналитик назоратга ихтисослаштирилган инспекциясининг хулосасига кўра, завод ишлаб чиқариш бўлимларига ўрнатилган чанг ва газни тозалаш қурилмаларининг самарадорлиги белгиланган талабларга мослигига мувофиқ ижро ҳаракатлари 2017 йил 19 январда тўхтатилгани маълум қилинган.
Бу масала бўйича Наманган вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси вакили билан суҳбатлашганимизда, завод қурилганига анча вақт бўлгани, ҳолат юзасидан кўп бор мурожаатлар келиб тушгани, бу бўйича заводга бошқарма томонидан бир неча бор кўрсатмалар берилгани айтиб ўтилди. Ҳаво ифлослиги бўйича таҳлиллар олиб борилганми, дея берган саволимизга «Ҳозирча охиригача ўрганганимиз йўқ, келаси ҳафтада атмосфера бўлимидагилар келиши керак. Уларнинг ўлчаш меъёри бор. Меъёрдан юқори бўлса, таҳлиллар тегишли жойларга юборилади», деб жавоб берди Поп туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспектори Дониёр Ортиқов.
Унинг сўзларига кўра, фуқаролар томонидан 5-6 маротаба мурожаат қилинган бўлса, ваколат доирасида ўрганилиб, қонуний кўрсатмалар берилган. Маълум бўлишича, ҳолат шунчаки кўз билан ўрганилган, лекин таҳлил қилинмаган.
Ҳозирда ушбу завод «Art soft» холдинг МЧЖ томонидан ижара асосида ишлатиб келинмоқда. Заводнинг бош механиги Камолиддин Раҳимовнинг сўзларига кўра, чанг ушлаб қолувчи камералар 2010 йилда модернизация пайтида қайта қурилган. Аввалги камера каттароқ бўлган, завод кичрайгани сари чанг ютиш камералари ҳам шунга мослаб кичрайтирилаверган.
«Сиклонларда вакуумли клапанлар бўлмаган. Аҳоли чанг учганини айтганидан кейин ўтган ҳафтадан 20 миллион сўмга вакуумли клапанлар ўрнатдик. Тепаларига кичик панжаралар қоплатдик, ҳозир аҳвол анча яхши. Хитойлик тадбиркорлар билан шартнома қилганмиз. Улар ўтган йил ёзда чанг камераларига тутқич ўрнатиб беришга ваъда беришганди. Ўртада пандемия бўлиб, ишлар қолиб кетди. Имкон қадар бу йил шартнома асосида ишларни тугатамиз», дейди Камолиддин Раҳимов.
Завод директори Соҳибжон Жўраевнинг сўзларига кўра, завод ижарада ишлаётгани сабаб бу ишларга харажат қилинмаган. Жой тўлиқ сотиб олингач, қурилиш қайта ташкил қилинади, ҳамма ускуналар янгисига алмаштирилади.
Маҳалладаги уйларни кўздан кечира туриб уй томлари-ю дарахтларгача чангга бурканганига гувоҳ бўлдик. Чанг бўлганда ҳам пахта толаси аралаш чанг, бунақа чангдан нафас олганлар унинг қанчалик ёқимсиз нарса эканини билишади. Одамларнинг айтишича, маҳаллада кўпчилик аллергиядан азият чекмоқда.
«Машинани кечга ювиб қўйган бўлсак, эрталаб яна ювамиз, жонимизга тегди. Бу чанг бизни туберкулёз (сил – таҳр.) қилиб бўлди. Мана, ҳозир томоқ тузалмаяпти, ичмаган дорим қолмади. Энди буларни судга бераман, мени даволайди. Ҳамма касал. Коронавирус юқтирдикми деб қўрқиб анализ топширамиз, коронавирус чиқмайди. Аммо мана, томоғим бўғиқ. Кечаси нафас олиб бўлмайди. Бу турганини ёмғир ювиб кетди. Сал шабадага чанг кўтарилади», дейди шу маҳаллада яшовчи фуқаро Жўрахон Зокиров.
«Чанг супурамиз, чанг артамиз, чанг ютамиз. Ҳар куни чанг, чанг... Шу заводнинг чангидан безор бўлдик», дейди Дилором Маҳмудова.
Маҳалла аёлларининг сўзларига кўра, ҳатто ювилган кийимларни кўчага ёйиб бўлмайди. Қуритиш учун уй ичида ёйилади, чунки ташқарида кийимларга чанг ёпишади.
Туманнинг бир маҳалласида 10 йилдан буён шундай муаммо борлиги, бу бўйича қандай чоралар кўрилган ва бу муаммодан маҳаллий ҳокимликнинг қай даражада хабари борлигига қизиқдик. Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ўринбосари Акромжон Қўчқоров бу масалага қуйидагича изоҳ берди: «Пахта заводи бундан 45 йил муқаддам очиқ дала майдонга қурилган, йиллар давомида аҳоли томонидан уй-жойлар қурилиб, аҳоли яшайдиган пунктга айланган. Чанг ва ғуборларни очиқ ҳавога чиқармаслик бўйича 2017 йилдан бери ишлар олиб борилиб, биринчи ва иккинчи босқичи якунига етказилди. 2021 йил аҳолини қийнаётган чанг муаммоси бартараф этилади», дейди ҳоким ўринбосари.
Ҳоким ўринбосарининг гаплари маҳалла аҳолисининг фикрлари билан мос келмаяпти. Уларнинг сўзларига кўра, завод ўрнида аввал пахта қабул қилиш пункти бўлган. Заводга бундан-да яқин жойлашган уйлар бўлган. Донни қайта ишлаш заводи қурилганда пахта заводига яқин кўплаб уйлар бузилиб кетган. Яъни, завод ишга тушишидан аввал «Хўжаобод» маҳалласида аҳоли истиқомат қилган. Бундан хулоса қилиш мумкинки, ҳокимлик томонидан маҳалла муаммоси чуқур ўрганилмаган.
Умид қиламизки, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси лавозимини тарк этганига кўп бўлмаган вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов 10 йилдан буён ҳал бўлмай келаётган бу муаммони эътиборсиз қолдирмайди...
Тоҳиржон Турсунов, Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
16:39 / 15.11.2024
Наманган вилоят суди раиси ўринбосарининг қилмиши яширилмоқда: ёпиғлик қозон ёпиғлигича қоладими?
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
18:02 / 10.10.2024
Шаҳрисабзда аҳолини пахта теришга мажбурлаган маҳалла раиси салкам 19 млн сўм жаримага тортилди
19:45 / 09.10.2024