Ўзбекистон | 10:56 / 20.11.2020
7482
3 дақиқада ўқилади

Энергетика вазирлиги электр энергияси таъминотидаги узилишлар истеъмолнинг ортиши туфайли юзага келишини маълум қилди

Электр энергияси таъминотидаги узилишларнинг асосий сабаби – ҳаво ҳароратининг совиб кетиши натижасида электр энергияси истеъмолининг кескин ортиб кетиши туфайли юзага келади, деб хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Таъкидланишича, қисқа муддатли узилишлар тизимдаги катта аварияларнинг олдини олишга имкон беради.

«Бунинг сабаби шундаки, ҳар қандай энергия тизимида унинг барқарор ишлаши учун ҳар қандай вақтда истеъмол ва ишлаб чиқариш ўртасидаги энергия мувозанати (баланси) таъминланиши муҳим.

Ушбу жараён истеъмолчиларга электр энергиясини ишончли ва узлуксиз етказиб бериш ва энергия тизимининг муаммосиз ишлашини таъминлаш нуқтайи назаридан жуда муҳимдир. 

Электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг кескин ортиши (ёзда жазирама иссиқ мавсумидаги ёки қаҳратон қиш мавсумидаги совуқ об-ҳавода) кузатилган пайтда ҳатто ривожланган мамлакатларда ҳам истеъмол ва ишлаб чиқариш ўртасидаги энергия балансини таъминлаш жуда қийин вазифа бўлиб қолмоқда. Бунда катта аварияларни ва бутун мамлакатда истеъмолчилар электр энергияси таъминотидан узилишини олдини олиш учун электр энергияси таъминотида чекловлар жорий этилишига мажбуран олиб келади. 

Диспетчерлик маркази томонидан энерготизимда мувозанат сақлаш жараёни ўз вақтида таъминламаса, тизимдаги «зўриқиш» турли йирик аварияларга сабаб бўлиб, катта-катта ҳудудларда узоқ вақт электр энергия бўлмаслигига олиб келади», - дейилади вазирлик маълумотида.  

Билдирилишича, энергия балансини таъминлаш мумкин бўлмаган ҳолатларда, ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг диспетчерлик бошқармаси истеъмолчилар бир қисмининг режа жадвалига мувофиқ чекловлар ўрнатишга мажбур бўлади. Ушбу графиклар, қоида тариқасида, паст кучланишли (0,4 кВ, 6 - 10 кВ) тақсимлаш электр тармоқларини ўз ичига олади.

«Бу ҳаракатлар мамлакат энергетика тизимида юзага келиши мумкин бўлган йирик аварияларнинг олдини олишга қаратилган. Бу эса электр энергиясини кечаю кундуз мунтазам равишда мониторинг қилиб бориш ва диспетчер назоратининг ўз вақтида жавоб бериш имконини беради.

Электр энергия тизими – электр энергиясини ишлаб чиқарувчи иссиқлик электр станциялари, ишлаб чиқарилган электр энергиясини юқори кучланишли магистрал электр тармоқлари орқали транспортировка қилиш, электр энергиясини тақсимлаш тармоқлари ва истеъмолчиларни ўз ичига олган мураккаб тузилма ҳисобланади.

Электр энергетикасининг бошқа ишлаб чиқариш соҳа ва йўналишлардан фарқи ҳамда ўзига хос хусусияти шундаки, электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш — бир пайтнинг ўзида амалга оширилиши лозим бўлган ягона технологик жараён бўлиб, ҳар лаҳзада улар ўртасида тенглик (мувозанат) ўрнатиш ниҳоятда муҳим вазифа. Соҳанинг ушбу жиҳати бутун дунё электр энергия тизимларига хос хусусиятдир», – дея маълум қилди вазирлик.

Қайд этилишича, бундай ҳолларда жиддий тизимли аварияларнинг олдини олиш учун энергия тизимини ривожлантириш, унинг энергия самарадорлигини ошириш ва тизимни энергия ресурслари билан таъминлаш шароитларини яхшилаш зарур. 

Мавзуга оид