Халқаро миссия, АЭС қурилиши ва режалар. «Ўзатом» агентлиги вакиллари билан суҳбат
2021 йилда Ўзбекистоннинг миллий ядро инфратузилмасини экспертлик миссиясидан ўтказиш мақсадида халқаро атом энергияси агентлиги мутахассислари мамлакатга ташриф буюриши кутилмоқда. Ана шу миссиядан олдин видеоконференцалоқа тарзида яна бир миссия ташкил этилди. «Ўзатом» вакиллари Шавкат Абдукомилов ҳамда Аббос Одилов ушбу миссия, атом энергетикаси соҳасидаги ўзгаришлар ҳақида Kun.uz’га интервью берди.
— Миссияга тайёргарликлар олиб борилмоқда ва миссияолди миссияси ўтказилгани ҳақида маълумот мавжуд. Бу воқеалар кенг оммага нимани англатади? Ўзбекистоннинг ядро инфратузилмасини ўрганиш бўйича халқаро агентлик миссияси - ИНИР олди миссияси ўзи нима?
Агентлик бошқарма бошлиғи Шавкат Абдукомилов:
— Ўзбекистон Республикаси ҳудудида илк бор атом электростанцияси қурилиши туфайли, Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) томонидан ёрдам кўрсатиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Асосий ёрдамлардан бири бу – атом энергетикасига илк бора қадам қўяётган мамлакатларга уларда миллий ядро инфратузилма ҳолатини баҳолашда экспертлик ёрдамини кўрсатишдан иборат.
Бу экспертлик ёрдами мамлакатнинг ядровий инфратузилмасини 19та турли йўналишлари бўйича баҳолашдан иборат. Асосийларини санаб ўтадиган бўлсак, миллий позицияси, ядровий хавфсизлик бўйича олиб борилаётган ишлар, қонунчиликни такомиллаштириш, ядровий қуролни тарқатмаслик бўйича кафолатлар, кадрлар тайёрлаш масаласи, атом электр станциясини қуриш майдончасини аниқлашдаги соҳа, энерготизимнинг тайёргарлиги, саноатнинг тайёргарлиги ва бошқа масалалар. Мана шу 19та йўналиш бўйича қандайдир камчиликлар бўлса, кейинчалик бу катта маблағларга ёки бошқа салбий оқибатларга олиб келмаслиги учун, қайси жойда қандай ишлар қилиш керак, қандай тадбирларни амалга ошириш кераклиги бўйича ўзининг экспертлик баҳоси ва тавсияларини беришга мўлжалланган миссия. Асосий мақсади – шу.
Мана шу миссияни ўтказиш учун МАГАТЭ ўз мутахассислари ва халқаро экспертларни жалб этади. Бу жуда ҳам катта жараён. Ўзбекистонга келиб, буни ўтказиш катта тадбир ҳисобланади. Буни ўтказишдан олдин ана шу экспертлик миссиясини буюртма қилган мамлакат ўзини ўзи баҳолаш ҳисоботини тайёрлаб, 19та йўналиш бўйича ҳар бир вазирлик, идора нима қилган, шу кунгача қандай норматив ҳужжатларга эга, бу йўналишлардаги тизим қандай йўлга қўйилгани бўйича ўзини баҳолаб, тақдим этади.
— Мана шу ИНИР олди миссиясини ўтказиш, ташкил этиш энергетиклар, хусусан, Ўзбекистондаги атом мутахассислари учун қандай аҳамиятга эга?
Шавкат Абдукомилов:
— Бу жуда ҳам тўғри савол. Мисол учун, атом энергетикасига кириб келаётган янги мамлакат ўзида илк марта қандайдир ишларни амалга ошириб келмоқда. Биринчи иш бу – бўлажак вендор, технологияларни етказиб берувчи мамлакат, ташкилотлар билан шартнома шартларини музокара қилиб олиш, ундан ташқари, келажакда атом электр станцияси билан боғлиқ бўлган барча жараёнларда биринчи ўринда хавфсизликни таъминлаш, иккинчиси, зарур бўлган қонунчиликни шунга тайёрлаш ишлари. Шунингдек, бўлажак атом электр станциясини бошқариш учун кадрларни тайёрлаш бўйича ишлар давом этмоқда.
Буларнинг ҳаммаси, биринчи ўринда хавфсизлик, иккинчи ўринда иқтисодий томони бўйича аҳамияти жуда ҳам катта бўлган масалалар ҳисобланади. Бу ерда биз фақат вендор бўлган ташкилотдангина ахборот олиб, унинг тавсияларини эмас, балки бутун жаҳондан, шу соҳага жалб этилган, Россия технологияларини яхши тушунадиган, атом энергетикасини ривожлантириш бўйича кўп йиллик тажрибага эга бўлган мутахассисларни Ўзбекистонга таклиф этамиз. Қайси чора-тадбирларни қачон амалга ошириш керак, баъзиларида кеч қолишлар мавжуд бўлса, зудлик билан уни бартараф этиш бўйича улар ўз тавсияларини беришади.
Талаб этилган даражага олиб чиққанда биз келажакда станциямиз ишлаши учун хавфсиз инфратузилма ташкил этилгани, барча жараёнлар мантиқий узвийликда амалга оширилгани, қонунчиликда зарур бўлган барча нарсалар бажарилганига ишонч ҳосил қилишимиз мумкин бўлади. Кейинчалик технологиялар етказиб берувчи ташкилот билан мулоқотлар, шартнома шартларини муҳокама қилишда бўлиши мумкин бўлган камчиликларнинг олди олинган бўлади. Бу ҳозир амалга оширилмаса, кейинчалик қандайдир чиқимларга олиб келиши мумкин бўлган ҳолатларни олдиндан билиб, уларни бартараф қилиб, лойиҳани ҳозирдан тўғри йўлга, иқтисодий самарадор йўналишда олиб кетишга муваффақ бўламиз. Асосий мақсад шундан иборат.
— Мана шу миллий ядровий тизимимизни, инфратузилмаларини тадқиқ қилишни мақсад қилаётган, кутилаётган миссиянинг бериладиган баҳоси, ундаги натижалар Ўзбекистон учун қандай ҳуқуқий кучга эга бўлади? Ўзбекистон бу нарсаларга, албатта бўйсуниш ёки уларни бажариш мажбуриятини оладими?
Агентлик бошқарма бошлиғи Аббос Одилов:
— ИНИР миссияси ҳолатида Ўзбекистон билан МАГАТЭнинг ўртасида мажбурият бўлмайди. МАГАТЭга 1994 йилдан бери аъзомиз. Аъзолик даврида улар бизга нафақат ядро энергетика йўналиши бўйича, бошқа йўналишлар бўйича ҳам кўп ёрдам беради. Мисол учун, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва шунга ўхшаган бошқа йўналишларда катта ёрдам беради. «Ўзатом» ташкил топганидан бери давлат раҳбарининг атом энергетикасини ривожлантириш мақсадида қилган биринчи қадамларининг меваси биз бўлсак, шу мевани чиройли қилиб ўстириб беришда улар ёрдам беради. У ёки бунга мажбурсан, демайди. МАГАТЭ билан Ўзбекистон ўртасида мажбурият йўқ. Тўғри, аъзолик мажбурияти, шунга ўхшаган мажбуриятларимиз бор. Уларнинг асосий мақсади – бизга ёрдам бериш.
Бу дунё миқёсида ривожланаётган соҳа. Биз бу нарсага энди кириб келдик. Тўғри, бизда олдиндан бўлган, тадқиқот реактори бор. Бу соҳада бизда тажриба бор, йўқ эмас. Лекин дунё миқёсидаги тажриба бизга зиён қилмайди.
Шавкат Абдукомилов:
— Ўзбекистон Республикаси ушбу миссияни ўзи буюртма қилиб, илтимос қилиб сўраган. Ўз вақтида, 2019 йилда ҳукумат томонидан МАГАТЭга мана шу миссияни Ўзбекистонда ўтказиб бериш бўйича мурожаат бўлган. МАГАТЭнинг 30га яқин ана шундай экспертлик миссиялари ва консалтинг хизматлари мавжуд. Шулардан бири бу – ИНИР миссияси. Бу ИНИР миссиясининг ўтказилиши давлатнинг буюртмаси, илтимосига кўра ўтказиб берилади. Унинг натижасида МАГАТЭ томонидан тавсиялар берилади. Бу тавсияларни мамлакат олади ва бажарадими ёки бажармайдими, бу мамлакатнинг ўзининг иши. Лекин улар тавсия берганидан кейин бу ҳақиқатан мамлакат учун керак бўлгани сабабли ҳам шундай тавсиялар берилади. Буни амалга ошириш мамлакатнинг ўзига боғлиқ. Менимча, ҳар бир тавсияси, агар талаби бўладиган бўлса, ҳар бир талаби ҳаммаси қондирилади. Бу ерда юз фоиз МАГАТЭ томонидан ишлаб чиқилган норматив қоидалар, уларнинг тавсиялари асосида биз ўз лойиҳамизни амалга оширамиз. Буни биз олдиндан айтиб қўйишимиз керак.
Бундан ташқари, МАГАТЭнинг мажбурият юклайдиган миссияси бор. Мисол учун, бу ядро қуролини тарқатмаслик билан боғлиқ бўлган миссиядир, яъни ядровий материалларнинг ҳисоби ва аудити масаласи. Ундаги талаблар мажбурий. Бу ердаги талаблар талаб эмас, тавсиялар. Лекин шу тавсияларни Ўзбекистон Республикаси юз фоиз, тўлиқ амалга оширади. Мана шу миссия натижаси бўйича имзоланадиган чора-тадбирлар режасини тўлиқ амалга ошириб, бунинг ҳам алоҳида ҳисоботини берамиз.
ИНИР миссиясининг натижаси кейинчалик МАГАТЭнинг расмий сайтида эълон қилинади. Бу республикани бошқа мамлакатлар олдида ядровий энергетика дастурини қанчалик шаффоф, очиқ шаклда амалга ошираётганини кўрсатади. Ихтиёрий эксперт, ихтиёрий хоҳловчи МАГАТЭ сайтига кириб, республикамиздаги ядровий инфратузилмани ривожланганлик ҳолати билан танишиш имкониятига эга бўлади.
Суҳбатни тўлиқ Youtube орқали томоша қилишингиз мумкин.
Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.
Мавзуга оид
11:40 / 19.10.2024
Японияда биринчи марта 50 йилдан ортиқ ишлаётган АЭС реактори фаолиятига рухсат берилди
20:20 / 16.10.2024
АЭС дирекцияси раҳбари: Ишлатилган ядро ёқилғиси Россияга олиб кетилади
15:00 / 14.10.2024
Франция радиоактив чиқиндиларни қозон ва вилкаларга айлантиришни режалаштирмоқда
20:57 / 08.10.2024