Ўзбекистон | 20:56 / 24.11.2020
9511
3 дақиқада ўқилади

«Газ муаммоси бизнинг туманда бўлиши мумкин эмас» — Шайхонтоҳур ҳокими аҳоли билан учрашди

«Ҳозир бирорта хонадон йўқки, газ йўқ дейдиган. Ёки шунақа хонадонлар бўлса, ўрнидан турсин. Йўқ, унақа», – деди Шайхонтоҳур тумани ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтаев сайёр қабул вақтида.

24 ноябр куни Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани аҳолиси учун 4 та сектор раҳбарлари билан оммавий қабул ўтказилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Қабулда туман ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтаев газ босимининг пастлиги бўйича мурожаатга жавоб берди.

«Қиш мавсуми кириб келди. Туманимизнинг ҳамма ерида газ бор. Фақат 5 та маҳаллада газ босими сал пастроқ.

Газни 2,8 кг босимда қабул қиляпмиз. Норма бўйича 3,5 кг қабул қилишимиз керак. Имконият даражасида газни аҳолига етиб боришини таъминлаяпмиз. Ҳозир бирорта хонадон йўқки, газ йўқ дейдиган. Ёки шунақа хонадонлар бўлса, ўрнидан турсин. Йўқ, унақа.

Мен туманни назоратда ушлаб турибман. «Чорсу» маҳалласидаги кўп қаватли уйларда газ билан муаммо бўлаётгани мен учун янгилик. У ерда бундай муаммо йўқ эди.

Нима учун газ йўқ? Бизни тумандаги бирорта хонадонда «газ йўқ» деган гапнинг ўзи бўлмаслиги керак. Бошқа вилоятларда, шаҳарларда, туманларда газ ҳақиқатан ҳам йўқ. Лекин бизнинг туманда бор. Ҳозирги кунда 2,5 кг.дан 2,8 кг.гача газ босими келяпти. Бу – ҳамма хонадонга кирди, дегани.

Мен ўзим шу соҳада мутахассис – инженерман. Кўҳота маҳалласида жуда кўп хонадон бузилгани боис, у ерда газ босими камроқ.

Шу кунларда ҳаво –13 градусгача совуқ бўлди. Бугун тонготар вақтда –9 градусга тушди. Эртага –6, индинга –2 даража бўлади. Бу сизларни кўнглингизга таскин бериб, газ бўлади демоқчи эмасман. Газ бор. Газ муаммоси бизнинг туманда бўлиши мумкин эмас. Чунки мен шаҳарда ишлаган вақтимда тармоқни ҳалқа шаклига келтирганман. Бир трубанинг учи иккинчисига уланган. Трубани ичида ҳаммасида газ бор. Лекин газ пастлигига инонамиз. Жойига чиқамиз, кўрамиз, кўтариб берамиз», – деди туман ҳокими.

  • 24 ноябрдан Тошкент шаҳрининг 11 туманида президентнинг халқ қабулхоналари томонидан оммавий қабуллар ҳафталиги ўтказила бошланди.
  • Қабулларда ҳудудларнинг халқ қабулхоналари, тўртта сектор раҳбарлари, ҳудудий бошқарма ва ташкилотлар мутасаддилари иштирокида жонли мулоқотлар ташкил этилади.

Мавзуга оид