Ўзбекистон | 16:27 / 24.11.2020
20117
5 дақиқада ўқилади

«Оиламга туҳмат қилиб, мени ишдан ҳайдашди» — собиқ терговчи адолат тикланишидан умидвор

Отаси ва укасига нисбатан уюштирилган тергов жараёни адолатли ўтказилишини талаб қилган ИИБ терговчиси тергов ишига аралашганликда айбланиб, қамоққа ташланади. Суд инстанцияларида узоқ давом этган курашлардан сўнг, оиланинг барча аъзолари оқланади. Шунга қарамай, терговчи лавозимига тикланмаяпти.

Ҳаётнинг паст-у баландликларида шундай паллалар ҳам бўладики, инсонга ноҳақ айблов қўйилиши, ўзи алоқаси бўлмаган ишларда айбланиши мумкин. Энг ёмони бу айбловлар кишига ҳам моддий, ҳам маънавий зарар келтириши мумкин.

Қаҳрамонимиз Муродбек Каримовнинг сўзларини тинглаб, «Туҳмат балосидан асра» деб бежиз дуо қилинмаслигини яна бир бор эсга олдик.

Ички ишлар собиқ катта терговчи майор 2018 йилгача Чилонзор тумани ИИБда терговчи лавозимида ишлаб келган. 2017 йили отаси ва укаси ноқонуний валюта савдоси билан боғлиқ жиноятда айбланиб, жавобгарликка тортилади.

Отаси ва укасига нисбатан тадбир сунъий уюштирилганидан хабар топган Муродбек тергов ҳаракатлари ноқонуний бўлиб ўтаётгани ҳақида тегишли идораларга арз қилади.

«Отам ва укамга нисбатан ноҳақ айблов ортидан мени ҳам ишдан ҳайдашди»

— 2017 йилда, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Хоразм вилояти бошқармаси статистика ва кўрсаткичларини яхшилаб олиш ниятида гувоҳларни ёллаб, сохта ҳужжатлар тузган ҳолда отам ва укамга жиноят иши қўзғатади. Жиноят ишида ҳужжатлар ва гувоҳлар сохталаштирилгани учун мен Хоразм вилояти прокурори ўринбосарига қўнғироқ қилиб, отам ва укамга нисбатан жиноят иши сунъий тарзда уюштирилганини айтдим.

Шундан сўнг Хоразм вилоят прокуратураси ва департамент ходимлари қасд олиш мақсадида Ички ишлар вазирлигига менинг устимдан хизмат текшируви ўтказиш бўйича тақдимнома киритишди.
Бу тақдимномада «отаси ва укасига нисбатан очилган жиноят ишига аралашди, терговчига тазйиқ ўтказди», деб кўрсатилган эди. Яъни мен фарзанд сифатида отам ва укамга нисбатан жиноят иши нотўғри эканини айтиб, терговчига қўнғироқ қилганимга нотўғри тус беришди. 

Шундан сўнг тақдимномага кўра, менга нисбатан биринчи марта хизмат текшируви ўтказилди. Лекин хизмат текширувида бирон бир ҳолат ўз тасдиғини топмади. Шундай бўлса-да, хизмат текширувида жамоатчилик суди беришди. Вазирлик мени ички ишлар тизимидан ишдан бўшатиш бўйича хулоса қилди.

2018 йил апрелда ишдан бўшатилдим. Шу куннинг ўзида менга нисбатан Чилонзор туман прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси ҳам қўлланилди. Суд томонидан менга ахлоқ тузатиш ишлари тайинланди.

2018 йил октябр ойида отам ва укамга нисбатан қўзғатилган жиноят иши жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси суди томонидан кўриб чиқилиб, оқлов ҳукми ўқилди.
Ўзимга нисбатан қўзғатилган жиноят иши эса 2020 йил 14 январда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг оқлов ҳукми билан ЖПКнинг 83-моддаси 2-қисми тартибида иш юритишдан тугатилди.

Бу ҳолатлар менга жудаям кучли зарба бўлди. Ҳам моддий, ҳам маънавий зарар кўрдим. Беш ярим ой вақт давомида 1-сонли тергов ҳибсхонасида сақландим.

Оқланганимдан сўнг мен судга ишга тиклаш бўйича мурожаат қилдим. Лекин судга даъво ариза киритиш муддати ўтиб кетгани важ қилиниб, даъво талабларим рад этилмоқда. Лекин мен оқланмасимдан туриб қандай қилиб судга мурожаат қилишим мумкин эди?

Aдолат тикланадими?

Муродбек Каримов адолат тикланишидан умид қилмоқда. Отаси, укаси ва ўзи судда оқланди. Лекин кимлардир бўлмаган ишни бўлдириши, статистикасини яхшилаши учун уюштирилган «жиноят» сабаб руҳий ва маънавий азоб тортган Муродбек Каримов ва унинг оиласи адолат кутмоқда.

Ноҳақ айблов, адолатсиз ҳукм туфайли йўқотилган йиллар қайтиб келмайди. Лекин адолат тикланиши инсонга катта таскин бўлиши шубҳасиз.

Ўйлаймизки, Ички ишлар вазирлиги, прокуратура ва одил суд адолат тикланиши учун ташаббус кўрсатишади. Токи янги Ўзбекистондаги эскича ёндашув сабаб рўй берган кўнгилсиз воқеа бир оила аъзоларида, унинг мисолида эса минглаб ватандошларда ҳақсизлик ва ишончсизлик кайфиятини уйғотмасин.

Раҳматилло Исроилов

Раҳматилла Исроилов
Тайёрлаган Раҳматилла Исроилов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид