Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қарши шаҳри ҳокимлиги тадбиркорни 5 йил «югуртирди». Энди нимани кутяпти?
Қарши шаҳрида яшовчи тадбиркор Остон Тўхтаевнинг мулки шаҳар ҳокимлиги томонидан бузилганига беш йил бўлди. Компенсация масаласи шаҳар, вилоят ва ҳатто Олий суд инстанцияларида муҳокама қилинди. Барча жараёнларда тадбиркор ютиб чиққан. Аммо мулкнинг товони шаҳар ҳокимлиги томонидан тўлаб берилмаяпти.
Масала шундаки, Қарши шаҳар ҳокимлиги О.Тўхтаевга тегишли «Саноат озиқ-овқат ва қурилиш материаллари таъминоти» корхонасига қарашли 640 квадрат метрли икки қаватли савдо мажмуасини бузгач, тадбиркордан 1 млрд 20 млн сўм қарз бўлиб қолган.



Дарвоқе, тадбиркор бундан олдин ҳам айнан шу муаммо билан Kun.uz’га мурожаат қилган ва ўтган йилнинг кузида мақола эълон қилинганди. Шундан бир муддат ўтиб, минг чиғириқдан ўтган ҳолда товон пулининг ярми (503 млн сўм) тадбиркорнинг пластик картасига ўтказиб берилган.

Тадбиркорнинг маълум қилишича, ўзига тегишли объектда 40 кишини иш билан таъминлаб турган. 7та дўкондан иборат мажмуа ўрнига ҳозирги вақтда истироҳат боғи қурилган.


«Майли, мулким давлат эҳтиёжи, халқимизга қулайлик яратиш учун бузилган экан, розиман. Аммо ҳар бир ҳаракат қонун доирасида бўлгани маъқул эмасми? Мен шундоқ ҳам тадбиркорлигимни тўхтатиб, катта зарар кўрдим. Иссиқ жойимиз совиди. Бир неча йил судма-суд, идорама-идора юрдим, касаллик орттирдим, чидадим. Барча жараёнларда бизнинг фойдамизга ҳал бўлган ишни нега чўзишаётганига тушунмайман. Фуқаро давлатдан қарздор бўлиб қолса, ўша куннинг ўзидаёқ тегишли ташкилотлар қарзни ундиришга тушади. Аксинча, давлат қарздор бўлиб қолса, бировнинг иши ҳам йўқ. Бу вақтга келиб мен ҳақдор бўлган сумма инфляция ҳисобига шу қадар қадрсизланганки, эндиликда олинадиган пулга на ер олиб бўлади, на дўкон қуриб бўлади», — дейди Остон Тўхтаев.
Тадбиркор 2019 йилнинг 30 апрелида МИБ Қашқадарё вилояти бошқармасига суднинг қарори ижро этилмаётгани юзасидан мурожаат қилади. МИБ ўз навбатида Қарши шаҳар ҳокимлигидан «Саноат озиқ-овқат ва қурилиш материаллари таъминоти» корхонаси фойдасига 1 млрд 20 млн 711 минг сўм ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати бюронинг шаҳар бўлими иш юритувига 2016 йилнинг апрел ойида (!) келиб тушганини маълум қилади.


Эътибор қилинг, МИБ томонидан қарздорнинг балансида 5 дона автотранспорт воситаси борлиги аниқланиб, 2017 йилнинг март ойида тақиқ қўйилади. Қарздорнинг ҚИДИРИБ ТОПИЛГАН «Нексия-2» ва «Нексия-3» автомашиналари 84,6 млн сўмга баҳоланади. Ўша машиналарнинг электрон савдо майдончасида онлайн-аукционлар орқали реализация қилиш чоралари кўрилаётгани айтилади.
Шунингдек, МИБнинг Қарши шаҳар бўлими иш юритувида шаҳар ҳокимлигига нисбатан 94та ижро ҳужжати бўйича 3 млрд 550 млн 304 минг сўмлик ижро иши мавжудлиги маълум қилинади. Вилоят прокуратурасидан ҳам шу мазмунда жавоб хати олинган.

Қизиқ, мулки бузилган тадбиркор бу хатларни ўқиб, товон пулини олиш ҳақида умид ҳам қилмаса керак. Қарши шаҳар ҳокимлигига раҳми келса ҳам ажабмас.
Аммо, муаммо шундаки, бизда ҳозирча ҳокимликлар тадбиркорнинг мулкини бузаётганда ўз ғазнасига бир қараб қўймаслигига Узун тумани мисолида ҳам гувоҳ бўлгандик.
Узундаги мантиқсиз «снос»лар: ғазнада маблағ бўлмай туриб, юздан ортиқ объект бузилган
Қарши шаҳар ҳокимлигидан ҳам «кутилган» жавоб олинди.
Шаҳар ҳокимлигининг бош юрист-консульти Зуфар Исмоилов Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрда қабул қилинган «Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғармалар маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қароридан келиб чиқиб, тадбиркорнинг компенсацияси бевосита шаҳар ҳокимлигининг бюджет маблағлари ҳисобидан қопланмаслигини билдирди. Юқоридаги низомга кўра, жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғармалар ташкил қилингани, шу тартибда компенсация учун маблағ ажратилса, тадбиркорга тўлаб берилишини маълум қилди.

Ҳуқуқшунос тадбиркор О.Тўхтаевнинг мулки Қарши шаҳар ҳокимлиги томонидан бузилгани ва у компенсация пулини беш йилдан буён ололмай юргани ҳақидаги тақдимнома масъул идораларга етказилган-етказилмагани тўғрисидаги саволга жавоб беролмади.
Ойдинлашадики, тадбиркорнинг мулки ҳақиқатан ҳам давлат ва жамият эҳтиёжи учун бузилган. Ва у ўзи ҳақ бўла туриб ҳам бир неча йилдирки Қарши шаҳар ҳокимлиги билан курашмоқда.
Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
15:46 / 12.01.2025
Қашқадарёда мактабга машина миниб келган ўқувчига чора кўрилди
16:36 / 20.12.2024
Қаршида бир оиланинг тўрт аъзоси ис газидан заҳарланган — экспертиза
17:32 / 19.12.2024
Қаршидаги фожианинг газ ёки ис гази билан боғлиқлиги эҳтимолдан йироқ — “Ҳудудгазтаъминот”
12:07 / 19.12.2024