Ўзбекистон | 11:43 / 25.11.2020
13174
4 дақиқада ўқилади

АЭС қурилиши учун танланган майдон ва вендор ташкилот билан шартнома. «Ўзатом» агентлиги вакили билан суҳбат

Ҳозирги пайтда Ўзбекистон ҳудудида қурилиши режалаштирилаётган АЭС қайси босқичда тўхтаб турибди? Халқаро ҳамкорлар билан музокаралар қай босқичда давом этяпти? Умуман, қурилиш майдончаси бўйича яна қандай маълумотлар оммага очиқланди? Ушбу саволларга «Ўзатом» агентлиги бошқарма бошлиғи Шавкат Абдукомилов Kun.uz’га берган интервюсида муносабат билдирди.

Шавкат Абдукомилов

— Олдинги очиқланган маълумотлар: ўша вақтда биз устувор майдонча ва потенциал майдончаларни аниқлаш бўйича ишлар якунланганини айтиб ўтган эдик. Яъни Давлат геология қўмитаси ва «Ўзгашклити» давлат унитар корхонаси томонидан бири Жиззах вилоятида, иккинчиси Навоий вилоятида муҳандислик-қидирув ишлари амалга оширилган эди. Ушбу қидирув ишлари натижалари бўйича 7та потенциал майдонча аниқланган бўлиб, улар бир-бири билан солиштирилган эди. Солиштирув натижасига кўра, Атом энергетикасини ривожлантириш бўйича давлат комиссияси ва «Ўзатом» агентлигининг илмий ва экспертлик кенгаши қўшма йиғинида барча экспертлар, олимлар, вазирлик, идораларнинг мутахассислари биргаликда кўриб чиқиб, қарор қабул қилинган.

Жиззах вилоятининг Фориш туманида жойлашган Тузкон кўли ёнидаги майдончани устувор майдонча қилиб белгилаш бўйича қарор қабул қилинган. Бунинг белгиланиш сабаби – майдонча МАГАТЭ томонидан ҳамда Россия федерациясининг норма ва қоидалари асосида Ўзбекистонда ҳали атом энергетикаси майдончасини аниқлаш бўйича норма, қоидалари мавжуд эмас. Ҳукуматлараро битимга мувофиқ, ушбу лойиҳани амалга оширишда Россия Федерациясининг нормаларидан фойдаланишга келишиб олинган. Шу сабабли майдончанинг танлови МАГАТЭнинг тавсиялари ва Россия Федерациясининг нормалари бўйича тақиқлайдиган омиллар ва салбий омиллар бўйича баҳоланган.

Танланган майдонча жуда ҳам уникал. Дунёда бундай майдонча кам учрайди. Тақиқлайдиган омиллар йўқ, яъни бу 9 баллик зилзила бўладиган участкалар, фаол бўлинишлар бор бўлган участкалар. Бундай омиллар у ерда мавжуд эмас. Иккинчиси, бу салбий омиллар. Бу – ерости сувларининг нисбатан баландлиги. 6 метрдан кейин сув чиқиши – бу муҳандислик чора-тадбирлари билан бемалол ечиладиган масала. Ерости грунтлари сувларини пасайтириш бўйича чора-тадбирларни бемалол амалга ошириш мумкин. Мана шу майдонча рақобатчи бўлган ҳамма бошқа майдонлардан устувор бўлгани учун у устувор майдонча деб белгиланди.

Лекин бунинг устувор майдонча деб белгиланиши «бўлди, танланди, бу охирги, якуний сўз» дегани эмас. Ушбу соҳадаги ядро ва радиация хавфсизлиги учун ваколатли ва назорат қилувчи орган томонидан рухсатнома берилганидан кейингина майдонча танланган ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасида бу орган Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ҳисобланади. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ваколатлари доирасида майдончада амалга ошириладиган муҳандислик тадқиқот-қидирув ишлари, АЭСнинг бўлажак лойиҳаси, АЭСнинг хавфсизлигини асослантирувчи ҳужжати, ундан ташқари, атроф-муҳитга лойиҳанинг қурилиш ва фаолият даврида таъсирини ўрганиш киради.

Айнан шу ҳужжат доирасида жамоатчилик эшиттирувлари натижалари бир материал қилиб, киритилади. Киритилганидан кейин Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилиб, якуний хулоса берилади. Агар улар томонидан рухсатнома берилса, майдонча танланган, деб ҳисобланади. Бу майдончада кейинчалик қурилиш ишларини амалга ошириш бошланади. Бу бизнинг майдонча йўналишидаги ишлар.

Бундан ташқари, пандемия шароитига қарамасдан, Ўзбекистон Республикаси ва ҳамкор ташкилот, бўлажак вендор – технология етказиб берувчи ташкилот томонидан тузилган ишчи гуруҳлар ўз ишини тўхтатмади. Барча контактлар онлайн режимга ўтказилди. Масофавий шаклда шартнома шартларини муҳокама қилиш давом эттирилмоқда. Шартнома моддалари бўйича ҳозир интенсив шаклда музокаралар олиб борилмоқда. Шартнома имзолашга тайёр бўлганидан сўнг у имзоланади. Ҳозирги ҳолат: бизда музокаралар ҳали давом эттирилмоқда. Позициялар яқинлашиб, тушунча ҳосил бўлиб, шартнома имзолашга тайёр бўлганида у имзоланади.

Алишер Рўзиохунов
Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов

Мавзуга оид