Ўзбекистон | 08:53 / 25.11.2020
25136
8 дақиқада ўқилади

Президент фармонига зид фармойишлар: Тошкентда бир неча юз млрд сўмлик қурилишлар пудратчиларга нега тендерсиз берилган?

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси йирик қурилишлар учун пудратчилар билан тендерларсиз шартнома тузмоқда. Бунга рухсат берувчи ҳукумат фармойишлари эса президент фармонига зид бўлиб чиқмоқда.

Тошкент шаҳридаги давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар буюртмачиси – Тошкент шаҳар ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси йирик қурилиш объектларини тажрибасиз, ташкил этилганига кўп бўлмаган хусусий қурилиш компанияларига тендерсиз топширилаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Унда ушбу компания томонидан пойтахтда турли иншоотларни қуриш, инфратузилма, йўл ва коммунал тармоқлар барпо этиш, таъмирлаш каби буюртмалар тўғридан тўғри, асосан ҳукумат ҳужжатлари билан хусусий компанияларга тақдим этилгани ҳақида маълум қилинган.

«Олавер, давлат қашшоқлашиб қолмайди!»

Ҳукуматнинг 2020 йил 11 июндаги 292-сонли, 2020 йил 23 июлдаги 337-сонли ва 2020 йил 9 сентябрдаги 401-сонли фармойишларига асосан:

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» ИК ва «Power Construction Planet» МЧЖ (аввалги номи Discovery Invest) компанияси (компаниянинг 66,9 фоиз улушига муқаддам Akfa Engineering Management компаниясида директор ўринбосари ва директор лавозимларида ишлаган Исмоил Исроилов эгалик қилади) ўртасида:

  • Архитектура институтининг учта биносини қуриш учун жами 167 млрд сўмлик;
  • Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Мирзо Улуғбек тумани бўлими биносини қуриш ва жиҳозлаш учун 17,9 млрд сўмлик;
  • Рақамли Тошкент ситуацион марказини қуриш учун 100,2 млрд сўмлик;
  • Зангиота туманида ихтисослаштирилган 2160 ўринли карантин зонасини қуриш учун 39,2 млрд сўмлик шартномалар тузилган.

Ҳукуматнинг 2020 йил 17 мартдаги 148-сонли ва 2020 йил 23 майдаги 262-сонли фармойишларига асосан:

  • «Ягона буюртмачи хизмати» ИК ва «ECO HOUSE-GROUP» МЧЖ ўртасида:
  • Мирзо Улуғбек туманидаги Геология фанлари университети бино ва иншоотларини қуриш ҳамда таъмирлаш учун жами қиймати 357,6 млрд сўмлик;
  • Сергели тумани Ўзар кўчасида қурилаётган 46та кўп квартирали уйларнинг ички муҳандислик тармоқларини қуриш ва ҳудудларни ободонлаштириш учун 22,7 млрд сўмлик;
  • Талабалар шаҳарчасида ОТМ ўқитувчи, илмий ходимлари учун 6та кўп қаватли уйларнинг ички муҳандислик тармоқларини қуриш ва ҳудудни ободонлаштириш учун 6,4 млрд сўмлик шартномалар имзоланган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 2 октябрдаги 810-сонли фармойишида Мирзо Улуғбек тумани, Дўрмон йўли кўчаси 29-уйда жойлашган Энергетика ва автоматика институти биносини Истиқлол ва Сайилгоҳ кўчалари оралиғидаги бўш ер участкасига (Кауфман қароргоҳи) кўчириш-тиклаш ишлари бўйича «Natural houses» МЧЖ бош пудратчи этиб белгиланган.

Ушбу фармойиш доирасида Тошкент шаҳар ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» ИК билан «Natural houses» МЧЖ ўртасида 2019 йилнинг 16 октябр куни 33 млрд сўмлик шартнома тузилган.

Шу йўсинда умумий қиймати бир неча юз млрд сўмни ташкил этувчи давлат буюртмалари турли компанияларга тендерларсиз тўғридан тўғри «тортиқ қилинган».

Аммо бу қонунга зид

«Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуннинг 59-моддасига кўра, товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қиймати бир шартнома бўйича БҲМ (базавий ҳисоблаш миқдори)нинг йигирма беш минг баравари – 5 млрд 575 млн сўмдан ортиқ миқдорни ташкил этганда, давлат хариди тендер ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Бюджет буюртмачилари учун эса тендердаги давлат харидлари бир шартнома бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг олти минг баравари – 1 млрд 338 млн сўмдан ортиқ суммани ташкил этиши керак. Тендер шартлари ва уни ўтказиш тартиби мазкур қонун билан белгиланади ва бир неча босқични ўз ичига олади.

Қонуннинг 1-моддасида ҳам, Президентнинг 2018 йил 27 сентябрдаги ПҚ-3953-сонли қарори билан тасдиқланган Давлат буюртмачилари томонидан тўғридан тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхатида ҳам бу каби давлат харидлари учун истиснолар назарда тутилмаган.

Президент қонунни четлаб ўтишни қатъий тақиқлаган эди, бироқ...

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 13 августдаги ПФ-5780-сонли фармонига кўра, хўжалик бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига:

– тадбиркорлик субъектларини давлат харидлари жараёнига кенг жалб этиш орқали барча давлат буюртмачилари томонидан давлат харидларининг шаффофлиги ва рақобатбардошлигини таъминлаш бўйича самарали чораларни кўриш;

– Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ бўлмаган топшириқлари, шу жумладан, қонунда кўзда тутилмаган, ягона етказиб берувчидан тўғридан тўғри харид қилиш имконини кўзда тутувчи баённомалар шаклидаги топшириқларни киритиш амалиётини қатъиян тақиқлаш вазифалари юклатилганди.

Шунингдек, ушбу фармон билан хўжалик бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан давлат харидларини амалга оширишда истисно тарзида тўғридан тўғри шартномалар тузиш ҳуқуқини беришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш ҳам тақиқланган.

Мазкур фармон ва «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонун ҳали амалда экани инобатга олинса, Тошкент шаҳри ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясига истисноларни белгилаш имконияти берилиши ноқонуний эканлигини англаш қийин эмас.

Қонунга кўра, давлат харидларининг холислиги харид иштирокчиларига тенг имкониятларни таъминлашга асосланади.

Фармойишлар оммага расман ошкор қилинмаган. Бунда не мақсад яширин?

Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, ҳукуматнинг юқоридаги фармойишлари Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (lex.uz)да эълон қилинмаган. Одатда, lex.uz сайтида ҳукумат фармойишлари ҳам эълон қилиб борилади. Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 майдаги 261 ва 263-сонли фармойишлари миллий базага жойланган, аммо негадир худди шу куни қабул қилинган ва биз юқорида тилга олган 262-сонли фармойиш у ерда йўқ. Одатда давлат сирини ташкил этувчи маълумотлари бўлган ҳужжатлар расмий нашрларда эълон қилинмаслиги бор гап. Қатор компанияларни қурилиш ишида тўғридан тўғри бош пудратчи этиб тайинлаш ҳақидаги маълумот давлат сири ҳисобланмаса керак, ҳар ҳолда...

Davletovuz каналида ушбу ҳолатларга қуйидагича муносабат билдирилган эди:

«Айрим шартномаларда манфаатлар тўқнашуви эҳтимоли ҳам кўринади, буёғи энди мутасадди идораларнинг иши. Аксарият компаниялар сўнгги 2-3 йилда ташкил топган. Шундай бўлса-да, йирик-йирик объектлар уларга ишониб, тендерсиз топширилмоқда. Маблағлар асосан республика бюджети, шаҳарнинг режадан ошган қисмидан жалб қилиниши белгиланган».

Эслатиб ўтамиз, шу йил 6 октябр куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов давлат харидлари бўйича чекловларга амал қилинмагани учун қонунларда жавобгарлик йўқлиги ҳақида гапирганди.

«Биринчи навбатда, давлат харидлари тўғрисидаги қонун талабларини бузганларга нисбатан жавобгарлик чорасини белгиловчи нормаларни киритиш ва умуман давлат харидлари очиқ ва шаффоф бўлишини таъминловчи электрон-мониторинг тизимни яратиш устида иш бошладик.

Ноқонуний ишларнинг энг асосий сабаби – очиқликнинг йўқлигида. Биз ҳозир масаланинг ичига кирганимиз сари гувоҳи бўлмоқдамизки, жуда ҳам кўп нарса қонундан ташқарига чиқиб кетган», деган эди агентлик директори.

Дўппини ечиб, ўйлаб кўриш керакдир, балки...

Хуллас, пойтахтдаги бу тендерсиз давлат харидларини ташкил қилишда қонунбузилиши ҳолатларини қидирадиган бўлсак, улар керагидан кўпроқ топилади. Аммо бундан бирор нима ўзгарармикан?..

Қонуннинг 71-моддасида фуқаролар, оммавий ахборот воситалари ва бошқалар давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга ҳақли экани белгилаб қўйилган. Ана шу ҳуқуқдан фойдаланган ҳолда мазкур мақолани ёзишга жазм этдик. Бу ёғи энди қонунлар ижросини таъминлашга масъул бўлган идоралар ихтиёрига ҳавола.

Аббос Салайдинов

Мавзуга оид