Андижонлик уйсиз, ташландиқ жойда тўшакка михланган Ҳаётбек яхшилар кўмагига муҳтож
Андижон шаҳрининг Жумабозор маҳалласида бир омбор бор. У омборнинг чеккасида эса ташландиқ кулбача бор. Унда бахтсиз ҳодиса туфайли тўшакка михланиб қолган Ҳаётбек онаси билан яшайди. Шароит ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Ҳокимликдан ёрдам бўлишига кўзи етмаган онаизор бор умидларини саховатпеша инсонларга қадаган.
Хайрия учун мақола ёзиш жуда қийин. Сабаби кўмакка муҳтож инсоннинг бор дарди, шароитини сўз ва видеотасвирлар билан ўқувчига етказа олмасликдан хавотирга тушасан киши.
Таҳририятимизга Андижон шаҳри Жумабозор МФЙ Бирлик кўчасида яшовчи фуқаро Раънохон Ботировадан мурожаат келиб тушди. У айни дамда тадбиркорга тегишли омборхонанинг бир четидаги ташландиқ хонада жароҳат олиб, оёқ-қўли ишламай қолган ўғли билан яшаётганини баён қилган.
Биз айтилган манзилга етиб бориб, ўз кўзимиз билан кўрган ҳолатни сўз билан тасвирлаш жуда оғир. Чунки Раънохон она чиндан ҳам ташландиқ омборхона ичидаги каталакдек хонада ногирон ўғли билан яшаб келмоқда.
Ногирон ўғли Ҳаётбек дардини ичига ютганча жим ётибди. Мунг тўла кўзларини чанг босган шифтдан узмайди. Онаси унинг кулимсираб қарашини бир йилдан бери интиқлик билан кутади.
39 ёшли Ҳаётбек бундан бир йил олдин, аниқроғи 2019 йил 16 ноябр куни қурилишда ишлаётган пайтида баландликдан йиқилиб тушиб оғир жароҳат олган ва шу бўйи тўшакка михланиб қолган. Онаси бир амаллаб уни операция қилдирган. Ҳозирда баданида ётоқ яралари пайдо бўлгани учун Ҳаётбекнинг изтиробларига изтироб, онанинг дардига дард қўшилган.
“Ўғлим Турғунов Ҳаётбек 2019 йил 16 ноябрда ишхонасида ишлаётиб йиқилиб тушди. Шунда умуртқаси шикастланиб, нерв толаларига шикаст етди. Оёқ-қўли ишламай қолган. Операция қилинди. Мана, бир йилдан бери ётибди. Ҳалиям оёқ-қўли ишламай, оёқ болдирларида, бел қисмида, қўлида ётоқ яралари пайдо бўлиб, қийналиб, ҳеч тузалиб кетмаяпти.
Ўғлимни ногиронликка ўтказиш учун ҳокимиятга жуда кўп бордим. Ариза ёзмаган ташкилотим қолмади. Бирор марта амалий ёрдам беришмади. Охири шаҳар прокуратурасига хат билан мурожаат қилдим. Шаҳар прокуратураси саъй-ҳаракати билан ўғлимга ногиронлик белгиланди ва нафақа тайинланди. Уни даволатиш учун кўмак беришни сўраб ариза ёзганимдан сўнг шаҳар ҳокимлиги маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимидан келиб ўрганиб ҳам кетишди. Аммо ҳеч қандай ёрдам бўлмади.
Боқувчим йўқ. Бир ойда 2 млн сўмлик дори ишлатаман. Дори-дармонга, даволатишга имкониятим йўқ. Мана шу омборни эгасига раҳмат. Жой топиб берди. Шу боламнинг яхши даволаниб, юриб кетишини хоҳлайман. Қанийди, яшаш учун яхши шароит бўлса, ўғлим янада тезроқ соғайган бўларди”, - дейди Раънохон опа.
Савоб истаган инсонлардан Ҳаётбек ва унинг онасига дори-дармон ва яшаш жойи топиш мақсадида ўтказилаётган хайрияга ҳисса қўшишларини сўраб қоламиз. Зеро, эҳсон – энг эзгу амаллардан бири.
Ҳаётбекнинг онаси Раънохон Ботирова номига очилган пластик карта:
Click/PayMe: 8600 0417 5770 5893 (Агробанк) Batirova Rano Maxmudovna(Онаси)
8600 0602 0960 1229 (Халқ банки) Batirova Rano Maxmudovna(Онаси)
Телефон рақами: (93) 440-09-99
Мавзуга оид
23:49 / 08.11.2024
Британияда ҳоспис ёпилмаслиги учун 6 млн фунт стерлинг хайрия маблағи тўпланди
22:50 / 08.10.2024
Сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлашга қаратилган марафон уч ойда 378 минг евро тўплади
13:08 / 31.08.2024
АҚШда шаҳар ҳокимияти 12 ёшли боланинг хайрия дўконини ёпди. Аҳоли бола учун 20 минг доллар йиғиб берди
08:23 / 20.08.2024