Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Бадиий кенгашларда малакали кадрлар ўтирганида, киномиз бу даражага келиб қолмаган бўларди» — Нодиржон Абдувалиев
«Kun. Munosabat» рукнининг навбатдаги меҳмони – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодиржон Абдувалиев. У кино соҳасидаги жараёнларга ўз муносабатини билдирди.
– «Ўзбеккино» биноси яқинда таъмирдан чиқарилди. Бизда бинолар ўзгармоқда, ичкаридаги ҳолат-чи, ўзгаряптими?
– Умумий олганда, ичкаридаги муҳит ҳозирги бўлаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг эмас. Афсуски, охирги йилларда кино соҳамиз орқага кетиб қолди. Бунинг ўзига яраша объектив, субъектив сабаблари бор.
Мисол учун, кўп ижодкорлар давлатдан чиқиб кетишди, хорижга кетишди. Бу – табиий жараён. Биз бозор иқтисодиётига ўтдикми, ҳар битта жабҳада бозор иқтисодиёти бўлиши керак, айниқса, кинода. Бутун дунёни кузатадиган бўлсак, манаман деган зўр киноларни хусусий секторлар олади. Бизда тескариси. Бизда кино, санъат соҳаси 80 фоиз бюджетдан молиялаштирилади. 10–20 фоиз хусусий сектор улушига тўғри келади.
– Бу фикрга мен ҳам қўшиламан: киностудиялар хусусий бўлиши керак. Унинг сифати – иккинчи масала, томошабин ўзи саралаб олади... Лекин бошқа томондан, сифатсизлик, жарликнинг охири кўриниб қолди, менимча.

– Кино, биринчи навбатда, тарбиявий жиҳати одамларга тез таъсир қиладиган соҳа ҳисобланади. Мисол учун, биз битта хонада ўтириб, кўп муаммоларни муҳокама қилишимиз мумкин. Лекин кино орқали миллион-миллион одамнинг фикрини ўзгартиришимиз мумкин. Жуда катта таъсир воситаси, аслида.
Оддийгина бир мисол келтираман. «Ўқимаганлар ўйнамасин, дипломи борлар ўйнасин», деган масала ҳам кўтарилди. Ҳаррисон Форд деган актёр бор, оддийгина дурадгор...
Актёрлар – майли. Бизда бундан бошқа муҳимроқ иккита муаммо бор. Биринчиси – режиссура. Иккинчи муаммо – кино билан телевидение ўртасидаги филтр. Бизда мана шу филтр яхши ишламайди.
– Филтр қанақа бўлади?
– Бизда мана «худсовет» (бадиий кенгаш – Б.А.) дейди. Маданият соҳасида ҳам, кинода ҳам бор: аввалига сценарийси топширилади, у қилинади, бу қилинади... Ҳозирги кунда ҳам эскилик пайтидан қолиб кетган «худсовет»лар ишлаяпти. Буни қайтадан такомиллаштириш керак.
Режиссёрларни яхши тарбияласак, драматургларни яхши тарбияласак... Актёрлик кейинги масала.
Санъат ва маданият институтида режиссёр Станиславскийнинг мактаби асосида дарс берилади, мен ўзим ҳам ўша ерда ўқиганман. Станиславский айтадики, режиссёр актёрни пластилинга ўхшатиши керак: яъни ўзи хоҳлаётган нарсасини, фикрини актёрга сингдира олиши керак. Шундан кейин ундан яхши актёр чиқади, деган бир таълимотни илгари сурган.
Бу – менинг истеъмолчи сифатидаги шахсий фикрим. Айтишим мумкинки, бугунги кунда Ўзбекистонда режиссура масаласи жуда оқсаган. Агар биз режиссура билан ўртадаги филтрни тўғри қиладиган бўлсак, қолган масалалар ўз-ўзидан ечимини топади.
– Бадиий кенгашлар телевидениеда ҳам, концерт, қўшиқлар... ҳаммасида бор-ку, аммо бир қарасангиз, яланғоч саҳналар ўтиб кетган, телевидениеда бемалол қўйилади. Бир қарасангиз, кесиш абсурд бўлган жойларини қирқиб ташлашади.
– Мен айтаётган филтр... Менимча, кино ҳақида тушунча беришни биз боғчадан бошлашимиз керак-да, аслида. Дунё тажрибасига қарайдиган бўлсангиз, ривожланган давлатларда боғчада, мактабда, коллежда, университетда ҳаваскорлик театр тўгараклари бор.
Мен яқинда бир маълумот ўқидим, ҳозир давлати эсимда йўқ, бир давлатнинг вазирлари, катта-катта ишларда ишлайдиган одамлар, ҳафтада икки кун вақтини ажратиб, бир спектакл устида иш олиб бораётган экан. Бу уларда доимий анъана экан. Спектакл тайёр бўлгандан кейин қариндошларини, ишчиларини чақириб, саҳнада раҳбарлар рол ижро қилар экан.
Бу нима беради? Булар илгарилаб кетганини қаранг. Биринчидан, китоб ўқишга мажбур бўласиз. Китоб ўқиганингиздан кейин одамнинг фикри теранлашади. Иккинчидан, кино ва санъат – одам юрагининг филтри бўлади. Одамни покланишга олиб келади. Бизда шу нарсалар йўқ ҳозир, мактабда ҳам йўқ, боғчада ҳам йўқ.
Биласизми, туманларда кинотеатрлар йўқ. Олдин бўларди. Тўғри, биз ҳозир айтишимиз мумкин, у даврда «Маҳаллада дув-дув гап» пайтида интернет йўқ эди, у эди, бу эди, лекин бу баҳона бўлолмайди. Бутун Европада одамлар дам олиш куни фрак, смокингларни кийиб, операга, кинога боради. Уларда анъана бўлиб қолган. Ваҳоланки уларда техника биздан ривожланган, интернет тезлиги биздан яхши. Уйда бемалол кўрса бўлади. Йўқ! Уларда шу маданият ҳали-ҳануз сақланиб қолган.
Масалан, ўзим сайланган округим – Бўка туманини оладиган бўлсак, айрим мактабларда мусиқа хоналари йўқ. Айрим боғчаларда санъат бўйича бурчаклар йўқ. Қанақа кино кўриш керак, деган масалани қўядиган ҳеч нарса йўқ. Педагогларни шу соҳада дарс бериши ҳам ҳеч қандай қолипларга тўғри келмайдиган даражада бўлиб қолган-да.
Айтмоқчиманки, бу нарсани биз асталик билан одамларга сингдириб боришимиз керак.
Иккинчи жаҳон урушида, Уинстон Черчилл [Буюк Британия бош вазири]нинг олдига молия вазири смета олиб киради. 1943 йил – уруш энг юқорига чиққан пайти. Сметага қарайди, унда ҳаммаси ёзилган: қурол-яроққа фалон фунт стерлинг, дори-дармонга, озиқ-овқатга... Черчил қарайди-да: «Маданият қани?» деб сўрайди.
«Қанақа маданият? Уруш бўляпти. Эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Биз жар ёқасига келиб қолдик», деган вазирни Черчилл чиқариб юборади. Вазир 10 фоиз қўйиб келади,.10 фоиз кам, деб яна чиқариб юборади. 50 фоиз қўйгандан кейин, қўл қўйиб беради. «Нимага бундай қилдингиз? Биз уруш давридамиз ҳозир. Бутун дунёда уруш». Черчил жавоб беради: «Йўқ, биз фронтни эгаллашимиз мумкин. Балки ютишимиз мумкин. Лекин одамларнинг маданиятига ҳозирдан эътибор бермасак, эртага бизга йиллар керак бўлади бу маданиятни оширишимиз учун. Шу сабаб мен бу нарсани киргиздим», деган.
Бугунги кунда бадиий кенгашларда ўтирган одамлар билмайман қандай одамлар, кимнингдир шахсиятини ёмонотлиқ қилмоқчи эмасман. Балки ақлли одамлардир, балки жуда ҳам кўп ўқигандир. Лекин улардан ўтаётган нарсалар бугунги кунда ҳеч қайси талабга жавоб бермайди.
– Улардан ўтаётган нарсаларга қараб, «худсовет»ларга баҳо бера оламиз.
– Агар «худсовет»да шундай ақлли, ўқимишли, келажакни кўра биладиган одамлар, кадрлар ўтирганда, киномиз ҳозир бу даражага келиб қолмасди. Бугунги кунда Ўзбекистонда кино йўқ…
– Ечим қандай?
– Ўзимнинг таклифим, албатта, шахсий фикрим, кинони Маданият вазирлигига қўшиб бериш керак.
Маданият вазирлиги – Ўзбекистонда маданият бўйича ягона сиёсатни юргизадиган ташкилотми, демак ҳаммасини мувофиқлаштирадиган ташкилотга айланиши керак. Бу – биринчиси.
Иккинчиси, биз санъатда маркетинг деган тизимни йўлга қўйишимиз керак. Маркетингни йўлга қўймас эканмиз, биз узоққа бора олмаймиз.
Давлат ҳар доим ҳам кино ёки санъат соҳасини бюджетдан молиялаштириши – қийин масала. Давлат раҳбарига миннатдорлик билдиришимиз керак, ҳали-ҳануз шу нарсага эътибор бериб, молиядан пул ажратиб, ушлаб турибди. Ваҳоланки, тескариси бўлиши керак. Биз маркетингни ривожлантиришимиз керак.
Учинчиси, бизнинг жуда катта меросимиз бор. Жуда катта тарихий санъатимиз бор. Кино ҳам шунинг ичида. Маданият институти бор бизда, Консерватория бор. Маданият институтида талабалар ҳали-ҳануз эски даврда қолган бир йўналишларда ўқитиляпти-да кўпчилиги. Ижодкор билан гаплашадиган бўлсам, камерани олдига келса, ҳаяжонланиш бор, дейди. Эски тизимда ишлаш принципи шунақа бўлган-да.
Биз таълимни, хусусан санъат соҳасидаги таълимни ҳам ислоҳ қилишимиз керак. Менинг фикрим, продюсерлик факултети очишимиз керак. Маркетинг деган факултет очишимиз керак. Киноларни мана шу йўл билан дунёга олиб чиқиш имконияти бўлиши учун.
Ўзимизнинг ким эканимизни, қандай санъатимиз бор, қандай ижодкоримиз бор, деган масалани мана шу йўл билан ҳал қилсак бўлади.
«Худсовет»лар масаласига келадиган бўлсак, яна бир фикрим – уларни алоҳида қайтадан кўриб чиқишимиз керак. Тарбияда кинонинг, умуман санъат соҳасининг ўрни катта. Биринчи навбатда, маданият, кино ва санъат – тарбиявий жиҳатдан ҳаммага таъсир кўрсата оладиган соҳалар.
Яхши-яхши кинолар олинсин, бунга анча-мунча ҳаракат бўляпти. Секин-секинлик билан, балки кинонинг ичида, санъатнинг ичида бўлган инсонларнинг ҳам фикри, дунёқараши ўзгарар. Дунёқараш ўзгаришига ва шу соҳадаги одамларнинг халқимизга яхши кино беришига тилакдошман.
Бобур Акмалов суҳбатлашди.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.
Мавзуга оид
20:30 / 10.05.2025
“Кино ва театр аҳмоқларни тарбиялайдиган жой эмас, ақлли инсонлар дам оладиган жой” – Санжар Шодиев
16:54 / 12.02.2025
Россия билан кино соҳасида ҳамкорлик қилинади
16:18 / 16.01.2025
Венгрияда Ўзбекистон кино ҳафталиги бўлиб ўтади
11:32 / 28.12.2024