Ўзбекистон | 14:20 / 28.11.2020
12819
4 дақиқада ўқилади

«Бизда бундай маълумот йўқ» – ИИВ вакили Андижон бозорларида пичоқларнинг тўмтоқлаштирилиши ҳақида

27 ноябр куни АОКАда Ички ишлар вазирлиги ва Олий суд вакиллари иштирокида «Жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун мазмун-моҳиятига доир матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тадбирда ушбу қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс фуқаровий қуролни, совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юрганлик учун жавобгарлик назарда тутувчи 185-2-моддаси билан тўлдирилгани, унга кўра, совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни улардан касбий фаолиятда, спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ҳолларда, жамоат жойларида очиқ (ғилофсиз) ҳолда олиб юрганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши маълум қилинган.

Ички ишлар вазирлиги ППХ ва ЖТСББ бўлим бошлиғи, подполковник Даврон Қосимов 2020 йил 28 январ куни Андижон ўтказилган «Тиғ» профилактик тадбирлари доирасида бозорлар ва савдо мажмуаларидаги фуқароларнинг пичоқ ва бошқа совуқ қурол туридаги ашёлари уч қисмининг тўмтоқлаштирилишига оид саволга изоҳ берди.

“Ҳақиқатдан «Тиғ» тадбири ўтказилган, тўғри. Лекин, уларни [совуқ қурол туридаги ашёларни] учини думалоқ қилингани ҳақида бизда маълумот йўқ. Биз ундай маълумотга эга эмасмиз.

Даврон Қосимов

Бизда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни олдини олиш учун тиғ тадбири ўтказилади. Асосан тунги клублар, таълим муассасалари ва жамоат жойларида вояга етмаганлар орасидаги шундай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ўтказилган. Бозорларда бу тадбир ўтказилмайди, чунки бозор ичидаги фаолият айни пичоқ ёки шунга ўхшаш ашёлар билан боғлиқ. Менимча, агар бозорларда ўтказилса мантиқсиз бўлса керак. Косиблар ва ҳунармандларнинг касби ҳам айни шу каби ашёларни тайёрлашга қаратилган” – дея подполковник Даврон Қосимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шу йилнинг 28 январ куни Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати томонидан “Андижонда «Тиғ» профилактик тадбирлари доирасида 350 дан ортиқ пичоқлар тўмтоқлаштирилди” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Хабарда Андижон шаҳрида тиғли предметлар ёрдамида содир этилиши мумкин бўлган оғир турдаги жиноятларни барвақт олдини олиш юзасидан Андижон шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан бир қатор профилактик ишлар амалга оширилгани ёзилган.

“Хусусан, Андижон шаҳри, Ёрбоши МФЙда жойлашган «Жаҳон буюм бозори» ҳудудига хизматга бириктирилган ходимлар бозор, савдо мажмуаларида ўткир тиғли жисмлар орқали содир этилиши мумкин бўлган жиноятларни олдини олиш юзасидан профилактик тушунтирув ишларини олиб бормоқдалар. Ўтказилган тадбирлар давомида бозорларда очиқ муомалада бўлган ва касби корига кўра тиғли предметларни тўмтоқ ҳолда фойдаланиши мумкин бўлган 350 дан ортиқ пичоқларнинг учлари тўмтоқ ҳолатга келтирилди.

Худди шу каби профилактик тушунтирув ишлари Андижон шаҳрининг Бобур МФЙ ҳудудида жойлашган «Эски шаҳар деҳқон бозори» ҳудудида ҳам ўтказилиб, ўткир тиғли жисмлар тўмтоқ ҳолатга келтириляпти. Бундан ташқари ўтказилаётган «Тун» тадбирлари давомида бемақсад юрган шахсларнинг ёнидан 18 та тиғли предметлар олинди. Жиноятларни барвақт олдини олиш юзасидан олиб борилаётган бу каби профилактик тадбирлар давом эттирилмоқда”, – дейилган хабарда.

Шунингдек, ушбу хабар Kun.uz сайтида ва Ўзбекистондаги деярли барча интернет нашрларида ИИВ матбуот хизматига асосланиб чоп этилган.

Мавзуга оид