Жаҳон | 08:09 / 29.11.2020
12968
2 дақиқада ўқилади

Туркия эронлик ядрочи олимнинг ўлдирилишини қоралади 

Туркия ташқи ишлар вазирлиги эронлик физик-ядрочи олим Муҳсин Фахризоданинг ўлдирилишини қоралаб чиқди ва бунинг ортида минтақада вазиятни кескинлаштирмасликка чақирди. 

Фото: REUTERS/WANA/Majid Asgaripour

Эрон ядровий дастури муаллифларидан бири бўлган олим 27 ноябр куни Теҳрон яқинида ҳужумга учраганди ва олинган жароҳатлардан шифохонада кўз юмганди. 

“Эронлик олим Муҳсин Фахризода Теҳрондаги қуролли ҳужум оқибатида ҳалок бўлганидан афсусдамиз. Биз ушбу қотилликни қоралаймиз, Эрон ҳукумати ва олим оиласига ҳамдардлик билдирамиз. Туркия минтақада тинчлик ва осойишталикни издан чиқаришга ҳар қандай уринишга ҳамда жиноятчи ким ва қандай мақсад кўзланганидан қатъи назар, террорчиликнинг ҳар қандай турига қарши чиқади. Биз барча томонларни теран ва босиқлик билан ҳаракат қилишга ҳамда минтақада вазиятнинг кескинлашувига олиб келадиган қадамларни амалга оширмасликка чақирамиз”, деб айтилган Туркия ташқи ишлар вазирлигида.       

Вазирликда ушбу ҳужумга алоқадор барча аниқланиши ва суд олдида жавоб беришига умид билдирилган.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний олимнинг ўлдирилиши жавобсиз қолдирилмаслигини айтган. Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф олимни ўлдиришда Исроилнинг қўли борлигига ишора қилган ва халқаро ҳамжамиятни иккилик стандартларини бас қилиб, “давлат террорчилигини”ни қоралашга чақирган. Исроил бош вазири девонхонасида Эроннинг бу баёнотига изоҳ берилмаслиги айтилган.      

Аввалроқ Европа иттифоқининг ташқи ишлар хизмати ҳам Фахризоданинг ўлдирилишини қоралаб чиққанди. Шунингдек, Германия ташқи ишлар вазирлиги ҳужумдан кейин Форс кўрфазида вазият кескинлашиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид