Жаҳон | 22:41 / 30.11.2020
50218
6 дақиқада ўқилади

Фахризода нима учун ўлдирилди: парда ортида қандай сабаблар бор?

Эронлик ядрошунос олим Муҳсин Фахризода гарчи ўлдирилгунига қадар унчалик машҳур бўлмаган бўлса-да, Эроннинг ядро дастури билан боғлиқ доираларда муҳим инсонлардан бири саналар эди.

Фото: Reuters

Ғарб хавфсизлик манбалари ҳам унинг ядро дастурида нуфузли шахс бўлганини таъкидламоқда. Эрон матбуоти эса Фахризоданинг нақадар муҳим инсон экани ҳақида кутилганидан кўра камроқ хабарлар эълон қилмоқда ва унинг номини асосан маҳаллий Covid-19 тестини ишлаб чиқаришга ҳисса қўшган олим сифатида тилга олмоқда.

«Эрон ядро дастури бир кишига боғлиқ бўлган давр ўтмишда қолди», дейди Эрон ядро дастурини диққат билан кузатиб борувчи Лондондаги Халқаро стратегик тадқиқотлар институти мутахассиси Марк Фитцпатрик.

Шундай бўлса-да, Фахризоданинг кўплаб тансоқчилар билан юриши унинг хавфсизлигига жиддий эътибор берилганини кўрсатади. Шу боис, ушбу қотиллик ортидаги сабаблар Эроннинг ядровий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган сиёсий мотив бўлиши мумкин.

Икки эҳтимол бор: улардан бири – АҚШда ҳокимият тепасига келиши кутилаётган Байден маъмурияти ва Эрон ўртасидаги яқинлашувнинг олдини олишга уриниш. Иккинчи эса Эронни яна қасос олишга мажбур қилишдир.

«Душманларимиз оғир ва асабий кунларни бошдан кечиришмоқда. Улар глобал вазият ўзгариб бораётганини билиб туришибди ва шунинг учун ҳам минтақада нотинчлик келтириб чиқаришга интилишмоқда», деди Эрон президенти Ҳасан Руҳоний суиқасд билан боғлиқ илк баёнотида. Руҳоний «Эроннинг душманлари» деганда, одатда, Трамп маъмурияти, Исроил ва Саудия Арабистонини назарда тутади.

Исроил ва Саудия Арабистони Жо Байденнинг инаугурацияси ортидан АҚШнинг Яқин Шарқдаги сиёсати ўзгаришидан ва бу ўзгариш уларга таъсир қилиши мумкинлигидан хавотирда. Чунки Байден ўзининг сайловолди кампаниясида 2015 йилда Эрон билан имзоланган ва Трамп бекор қилган ядровий келишувига қайтишини айтганди.

Исроил оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Исроил бош вазири Беньямин Нетаньяҳу ва Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон 22 ноябрь куни Саудия Арабистонининг Неом шаҳрида яширинча учрашиб, Эрон билан боғлиқ режалар ҳақида суҳбатлашган.

Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги бундай учрашув бўлмаганлигини билдирди. Исроил оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Нетаньяҳу ушбу учрашув пайтида Салмонни икки давлат ўртасидаги муносабатларни нормаллаштиришга кўндира олмаган.

23 ноябрь куни Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийчилар Саудия Арабистонининг Жидда шаҳридаги Aramco нефть заводига ҳужум қилишди. Эроннинг ҳукумат назорати остидаги оммавий ахборот воситалари эса «ҳусийчиларнинг Қудс-2 баллистик ракетаси билан қилган қаҳрамонлик ҳужумини» юқори баҳолади.

«Ушбу стратегик қадам Саудия-Исроил учрашувидан сўнг амалга оширилди ва бу уларга нотўғри қадам қўймаслик ҳақида ўзига хос огоҳлантириш бўлди», деб айтган «Меҳр» агентлиги.

Ушбу ҳужумга Саудия Арабистони билан бир қаторда АҚШ ҳам ўз муносабатини билдирди.

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон жорий йилда нашр этилган китобида Эроннинг ҳусийчиларни қўллаб-қувватлашини Трамп маъмурияти «АҚШнинг Яқин Шарқдаги манфаатларига таҳдид» деб билишини айтганди.

Қайд этиш жоиз, Неомдаги учрашув Қатар ва Бирлашган Араб Амирликларига ташрифи чоғида Эрон бўйича музокаралар олиб борган АҚШ давлат котиби Майк Помпео томонидан ташкил этилган, деган даъво ҳам илгари сурилмоқда.

АҚШ матбуотининг ёзишича, Трамп маъмурияти икки ҳафта олдин Эрондаги ядро иншоотларига ҳужум уюштириш эҳтимоли хусусида текширув ўтказган.

Трамп ўз ваколат муддати тугашидан олдин Эронга қарши қилинган сўнгги операцияси орқали яна дунё кун тартибига чиқмоқчи экани ҳақида фикр билдираётганлар ҳам бор.

Таъкидлаш лозимки, январь ойида Дональд Трамп Эроннинг Ироқдаги энг муҳим ҳарбий қўмондонларидан бири бўлган Қосим Сулаймонийни авиазарба орқали ўлдиришга буйруқ берган ва гарчи БМТ буни «ноқонуний» деб эълон қилганига қарамай, бу операциядан фахр туйиши ҳақида баёнотлар берганди.

Шунга асосланган ҳолда, Трамп суиқасдларга қарши бўлмаган, деган фикрни айтиш мумкин.

Эрон эса Фахризода суиқасдида Исроилни айбламоқда.

Исроил бош вазири Беньямин Нетаньяҳу 2018 йилда телекўрсатувлардан бирида Фахризоданинг исмини тилга олиб, «Бу номни эсдан чиқарманг» дегани ҳам эътиборни жалб қилмоқда.

АҚШ Яқин Шарқда ўзини ҳимоя қилишда давом этишига ишонч билдирса-да, Байден Антони Блинкенни Давлат департаментига номзод қилиб кўрсатгани Исроилни ташвишга солмоқда. Чунки Блинкен Эрон билан ядровий келишувни очиқ-ошкора қўллаб-қувватлайди.

Яқин Шарқдаги сиёсат фаластинликлар учун ижобий натижаларга олиб келиши мумкин. Блинкен Трампнинг Исроил элчихонасини Ал-Қудсга кўчишини танқид қилмоқда. Аммо Байден ушбу ҳаракатни орқага қайтармаслигини очиқлади. 

Эрон олий диний раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоминаий Фахризода суиқасди айбдорларини жазолашга чақирди.

Эрон келишув кенгаши котиби Муҳсин Ризоий мамлакатнинг хавфсизлик ва разведка бўйича бўшлиқларига ишора қилди. «Эрон разведка бўлинмалари жосуслар ва чет эл агентларини аниқлаб, суиқасд бўлинмаларининг шаклланишига йўл қўймаслиги керак», деди у.

Суиқасддан сўнг, ҳукумат ҳарбий ва разведка соҳасида жуда кучли экани ҳақида баёнот берган бўлса-да, кўплаб эронликлар ижтимоий тармоқларда жуда яхши ҳимояланган бир шахснинг куппа-кундузи қандай қилиб ўлдирилгани ҳақида савол беришмоқда. Шунингдек, мамлакат ичидаги кўплаб одамларни ҳибсга олиш учун суиқасддан баҳона сифатида фойдаланилишидан хавотирланаётганлар ҳам бор.

Трамп маъмуриятининг ваколат муддати тугамоқда, Исроил ва Саудия Арабистони энг катта тарафдорларини йўқотмоқда. Эрон эса Байден маъмурияти АҚШни ядровий битимга қайтаргач, баъзи санкциялардан қутулиш ва иқтисодий муаммолардан бироз енгиллашни умид қилмоқда. Бундай вазиятда эса Эроннинг қасос ҳаракатини уюштириши мантиқсиз танлов бўлади.

Мавзуга оид