Ўзбекистон | 18:17 / 30.11.2020
7811
2 дақиқада ўқилади

Сўнгги икки йилда Ўзбекистонда нечта янги газ кони аниқлангани маълум қилинди 

2015 йилдан бугунгача 32 та янги кон очилган. «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раисининг геология бўйича ўринбосари Қoбул Тўхтаев Ўзбекистонда сўнгги йилларда очилган конлар ҳақида маълумот берди.

Қoбул Тўхтаев

«Ҳақиқатдан ҳам 2000 йилларгача кўп конлар очилган, захира бўлган. Кейин геологияга эътибор сал сусайди. Шунинг орқасидан катта-катта конларимиз табиий тушиб, захира камайган. 2015 йилда геологияга эътибор кучая бошланди. 2017 йилда президентимиз чақириб, йил бошидан топшириқ бердилар. 

2015 йилдан бугунгача ҳисобласак, 32 та кон очилди. Янги йўналиш бошладик. Янги йўналишда 16 та кон очилди. Булар қанақа? Устюртда шу пайтгача «Сургил», «Шарқий»да 2500-2600 метргача чуқурлик очилганди. Биз кейин янада пастга тушишни бошладик. Охирги кунларда 4000 метрдан ҳам газ олдик. Устюрт йўналишида 6 та кон очилди. 

Иккинчи йўналишимиз – «Шўртан», «Памук», «Ўртабулоқ» катта конларимиз бор. Бир пайтлар очилган-у, юқорида газ камайганидан кейин чуқурроқ тушишни бошладик. Бурғилаш бу ҳудудда сал қийин. Ўртабулоқдан керакли натижа олдик. Кейинги йил режамизга «Шўртан», «Кўкдумалоқ»да пастга кетяпмиз. Бу иккинчи йўналиш.

Учинчи йўналиш, «Газли» ҳудудида янги йўналишда иш бошлаб, 7 та кон очдик. Энди йўналишимиз шу – тобора чуқурроқ кетишимиз керак. Ҳақиқатан қудуқнинг ўзини пармалаш оғир жараён. Чунки геологик мушкулликлар, катта босим, ҳарорат чиқади. Иложимиз йўқ, имкон қадар пастга тушиб иш олиб боряпмиз. 

2019 йил 18 ноябрда президентимизнинг «Нефт ва газ геология-қидирув ишларини ташкил этиш ва олиб бориш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 4522-сон қарорлари чиқди. Шундан бошлаб, истиқболли структуралар тайёрлаш Давлат геология қўмитасига ўтди. Бу дегани давлат томонидан назорат бўлади», – деди Қoбул Тўхтаев нефт-газ кимё саноатидаги истиқболли лойиҳаларга бағишланган матбуот анжуманида.

Мавзуга оид