Ўзбекистон | 21:35 / 30.11.2020
22356
4 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда 52 минг тонна пахта қўшиб ёзилган бўлиши мумкин — бу вилоят режасининг 21,3 фоизига тенг

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳисоботига кўра, Сурхондарё вилоятида пахта хомашёсини топшириш бўйича режа 82,3 фоизга бажарилган. Аслида, пахта топшириш режасига амалда йўқ 21,3 фоиз пахта қўшиб ёзилгани маълум бўлмоқда.

Фото: REUTERS/Stringer/Files

Бу ҳолат Сурхондарё вилоят прокуратурасининг Kun.uz таҳририяти ихтиёрига келиб тушган 2020 йил 30 октябр санасидаги № 11/1.1-20 сонли топшириғида ўз аксини топган.

Вилоят прокурори ўринбосарларидан бири имзолаган ушбу топшириқда «Таҳлиллар, [Сурхондарё] вилоят бўйича жами 52 121 тонна пахта хомашёсини қўшиб ёзиш ҳолатларига йўл қўйилганлигини кўрсатмоқда», дея таъкидланади.

Қайд этиб ўтиш жоизки, Сурхондарё вилоятида 2020 йилда пахта хомашёсини тайёрлаш бўйича шартномавий режа 244 минг 800 тонна қилиб белгиланган эди. Қўшиб ёзилгани тахмин қилинаётган 51 121 тонна вилоят йиллик пахта топшириш режасининг 21,3 фоизини ташкил этади.

Топшириқ матнида вилоят туманларида қанчадан пахта қўшиб ёзилганига ҳам аниқлик киритилган. Жумладан:

  • Қумқўрғон туманида — 10 538 тонна;
  • Ангор туманида — 9 488 тонна;
  • Жарқўрғон туманида — 9 183 тонна;
  • Музработ туманида — 8 526 тонна;
  • Денов туманида — 6 111 тонна;
  • Олтинсой туманида — 1 470 тонна;
  • Шўрчи туманида — 1 716 тонна;
  • Қизириқ туманида — 1 477 тонна;
  • Термиз туманида — 1 470 тонна;
  • Сариосиё туманида — 540 тонна;
  • Узун туманида — 539 тонна;
  • Шеробод туманида — 508 тонна;
  • Бандихон туманида — 307 тонна пахта хомашёсини қўшиб ёзиш ҳолатларига йўл қўйилган.

Шунингдек, вилоятдаги 535та фермер хўжаликлари пахта хомашёси тайёрлаш ва топшириш режасини 50 фоизга ҳам бажармагани аён бўлмоқда. Шеробод туманида — 205та, Қизириқ туманида — 166та, Шўрчи туманида — 50та, Бандихон туманида — 37та, Узун туманида — 29та, Денов туманида — 19та, Ангор туманида — 13та, Жарқўрғон туманида — 10та, Музработ ва Олтинсой туманларида 3тадан фермер хўжаликлари амалда режани 50 фоизга ҳам уддалашмаган.

Пахтачилик кластерлари ҳисобланадиган «SHOSHMOXKASHOB» МЧЖ, «Сурхондарё агро хизмат» МЧЖ, «Termiz Jayxun Cluster» МЧЖ, «Surxon sifat Tekstil» МЧЖ, «Инденим Кластер» МЧЖ, «Ангор Сурхон Ғурури» МЧЖ, «Muzrabat Indenim klaster» МЧЖ, «Bandixon Agroxizmat» МЧЖ кабиларнинг ҳисоботларида аслида терилмаган пахта хомашёсини қўшиб ёзишгани ҳам маълум бўлмоқда.

Энг ажабланарлиси, ёғингарчилик кунлари ҳам Сурхондарёнинг пахта «хирмон»ларига хомашё кирим қилинган.

Сурхондарёдаги туман прокурорларига йўлланган топшириқда қайд этилган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан зудлик билан прокурор назорати ҳужжатларини қўллаб, амалга оширилган ишлар ва кўрилган чоралар ҳақида вилоят прокуратурасига 5 ноябрга қадар ахборот бериш сўралган.

  • Маълумот учун: 2020 йил 29 ноябр куни Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани Боймоқли қишлоғи ҳудудидаги, халқ тилида «Жума бозор» номи билан таниқли бозор ёнидаги Қумқўрғон пахта заводида пахта ёниб кетган. Расман тасдиқланмаган хабарларга кўра, ёнғин «Termiz Jayxun Cluster»га тегишлилиги айтилаётган пахта хирмонида келиб чиққан.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистонда 2020 йилда қанча пахта ҳосили йиғиб олингани тўғрисида берган маълумотига кўра, Сурхондарё вилояти энг ёмон натижани қайд этган. Бундан ташқари, Бухоро, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларида ҳам пахта режаси бажарилмаган.

Мавзуга оид