Жамият | 13:38 / 01.12.2020
78872
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда хотинини таҳқирлаган эр иши бўйича суд ҳукми ўқилди

Самарқандда хотинини боласининг таглигини ейишга мажбурлаган ва бир неча йилдан буён уни таҳқирлаб келгани айтилган Ш.К.га суд ҳукми ўқилди.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди Ш.К.ни 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш бўйича ҳукм чиқарди. Жазони ўташ 2020 йил 24 августдан бошлаб ҳисобланади.

Айбланувчига Жиноят кодексининг 103-моддаси 2-қисми (ўзини ўлдириш даражасига етказиш), 105-моддаси 2-қисми «г» банди (ўта шафқатсизлик билан баданга қасддан жароҳат етказиш) билан айблов эълон қилинди.

Ш.К. сўнгги сўзида суддан узр сўраб, бундай ишларни қайтиб қилмаслигини, уч ой ичида кўзи очилганини маълум қилди. У ўзига эълон қилинган айбловлардан рафиқасини ўз жонига қасд қилишга олиб бориш қисмини тан олмаслигини, уни калтаклаганини эса тан олишини айтди.

Судда қатнашган жабрланувчи Мустаҳкам Ваҳобова судга ишонишини ва чиқарилган ҳукмдан розилигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, август ойида ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрида эри томонидан аёвсиз калтакланаётгани акс этган аёл видеоси тарқалганди. Кейинроқ эр аёлни мунтазам хўрлагани ва мажбурлаб памперс едиргани маълум бўлди. Айнан шу ҳолат ишнинг бутун мамлакат бўйлаб муҳокама қилинишига сабаб бўлди.

Эр хотинини ургани тасвирланган видео интернетда тарқалгач уйидан қочиб кетган. 23 август куни у Тошкент шаҳрида қўлга олиниб, Самарқандга олиб кетилган. Кейинроқ Сенат мазкур аёл билан боғлиқ вазиятни ўз назоратига олганди.

12 ноябр куни ушбу иш бўйича суд бошланди. Дастлабки суд мажлисида Ш.К судда ОАВ иштирок этмаслигини сўраган бўлса, жабрланувчи Мустаҳкам Ваҳобова мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг ёритилгани ва муҳокама қилингани учун судда ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар иштирокига қаршилик қилмаслигини билдирганди.

23 ноябр куни ўтказилган суд мажлисида Самарқанд шаҳри прокурори ўринбосари Умид Ҳакимов судда давлат айбловчиси вазифасида қатнашиб, Ш.К.га 8,5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланишини сўраган эди.

Мавзуга оид