Янгийўлдаги газ портлаши. Аҳоли аввалроқ метан газ қуйиш шохобчасига уланган қувур бўйича хавотир билдирганди
30 ноябр куни Янгийўл тумани, Қирариқ МФЙ, Истиқлол кўчаси, 80-уйнинг остидан ўтган юқори босимли газ қувуридан сизиб чиққан газ хонадонга тарқалиб, ҳаво аралашмаси билан қўшилиб, уйда электр чироғининг ёқилиши натижасида портлаш содир бўлди. Мазкур воқеа оқибатида икки киши ҳалок бўлгани хабар қилинди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бирламчи маълумотига кўра, чақнашнинг асосий сабаби сифатида табиий газдан фойдаланиш қоидалари бузилиши тахмин қилинмоқда.
Маҳаллий аҳолининг айтишича эса, хонадон яқинида ерости полиэтилен газ қувури ўтган бўлиб, у орқали метан газ қуйиш шохобчасига ёқилғи етказиб берилган. Ушбу маълумотни «Ҳудудгазтаъминот» АЖ Янгийўл туман филиали раҳбари Умид Тўйчиев ҳам тасдиқлади.
Портлаш юз берган пайтда уйда бўлмай, тезкор хабардан сўнг зудлик билан ортга қайтган Фазлиддин Усмоновнинг Kun.uz’га маълум қилишича, қувурдан сизиб чиқаётган газ иси хонадон эгаларини безовта қилган ва бир неча марта мутасаддиларга шикоят қилинганди.
«Бу ердан газ чиқиб турганини анча аввалдан билардик. Анча жойга мурожаат ҳам қилганмиз. Тезкор хабардан сўнг, етиб келсам, одамлар марҳумнинг турмуш ўртоғи ва қизини ошхонадаги вайроналар остидан олиб чиқишаётганди. Марҳумнинг жасадини эса бетон босиб қолганди. Аввалига ўғлини тополмадик. Бир соатлардан сўнг ФВВ ходимлари боланинг жасадини бетонлар орасидан топишди», — дейди ушбу хонадонга ён қўшни бўлган Фазлиддин Усмонов.
Ўтган йили 11 ноябр куни Қуйи Чирчиқ туманининг Сурум маҳалласидаги намунали уй портлаши оқибатида бир оиланинг 3 аъзоси вафот этган ва 3 киши бутун умрга мажруҳ бўлиб қолганди. Ўшанда ҳам портлашга намунали лойиҳа асосида қурилган уйлар яқинидан ўтказилган ерости полиэтилен газ қувури сабаб бўлганди.
Қирариқ МФЙ раиси Лола Шоназарованинг айтишича, Қуйи Чирчиқдаги воқеадан сўнг, маҳалла фаоллари мутасаддиларга мурожаат билан чиққан.
«Ҳеч ким келмаган, ижобий ҳал этилмаган. Шу елим қувур билан тортилган газ аслида метан газ қуйиш шохобчасига етказиб берилади. Аҳоли учун қишда газ йўқ, лекин тадбиркорлар фойдаланади. Оқибатда аҳолига мана шундай зиёни тегяпти. Битта оила пароканда бўлиб кетди», — деди маҳалла раиси.
«Ҳудудгазтаъминот» АЖ Янгийўл туман филиали раҳбари Умид Тўйчиев эса қувурдан газ сизиб чиқиш тўғрисидаги аҳоли мурожаатидан бехабарлигини билдирди.
«Мурожаатларни кўтардим, уларнинг шикоятида газ босими паст, деб берилган. Газ ҳиди чиқяпти деган мазмундаги мурожаат йўқ. Ҳар бир мурожаатни ўзим кўраман. Агар уларда мурожаат нусхаси бўлса, берсин», — деди у.
Тўйчиевнинг айтишича, еростидан метан газ қуйиш шохобчасига ўтказилган полиэтилен газ қувурига «Ҳудудгазтаъминот» эмас, балки «Ўзтрансгаз» АЖ хизмат кўрсатади. Портлаш юз берган хонадонда эса газ жиҳозлари бус-бутун турибди, яъни уй ичидаги газ жиҳозларидан газ сизиб чиқмаган.
Тошкент вилояти прокуратураси маълумотига кўра, ҳолат юзасидан Янгийўл туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 258-моддаси 2-қисми, а,б бандлари билан жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов якуни бўйича барча дахлдор шахслар доираси қамраб олиниб, жавобгарлик масаласи ҳал қилиниши Тошкент вилоят прокуратураси томонидан назоратга олингани айтилади.
Мавзуга оид
20:35 / 07.11.2024
2 туп чинорни кесган шахс табиатга 199 миллион сўм зарар етказди
23:26 / 06.11.2024
Бошқирдистонда кўмир ортилган 22 та вагон релсдан чиқиб кетди
16:12 / 05.11.2024
Янгийўлда “дом” қурилиши ишлар сифатсиз бажарилгани учун тўхтатилди
17:04 / 22.10.2024