Спорт | 22:15 / 02.12.2020
36105
8 дақиқада ўқилади

«Жанжални мухлислар эмас, «Нефтчи» футболчилари бошлашди». Диёр Имомхўжаев Фарғонадаги воқеа, ҳакамлик ва кутилаётган жазо ҳақида

Фарғонадаги «Нефтчи» - «Турон» (0:1) учрашувидан кейинги воқеалар ҳафтанинг энг шов-шувли воқеаларидан бирига айланди. «Истиқлол» стадионидаги тартибсизликларни томоша қилган ҳар қандай инсон бундай зўравонликни қоралайди. Учрашувдан кейин «Турон» Суперлигага йўлланма олган бўлса, «Нефтчи» жиддий жазога тортилиши кутилмоқда. Tribuna.uz мухбири Фарғонадан қайтишда шу кунги воқеаларни бевосита стадиондан кузатган ПФЛ директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев билан суҳбатлашди.

«Фарғонадаги ўйин 20-30 йил давомида ҳеч кимнинг эсидан чиқмайди»

— Учрашувни ўзингиз ҳам стадиондан туриб кўрдингиз, жонли баҳс бўлди. Ўйиндан кўнглимиз тўлди. Чунки биз икки йилдан буён Про лига иштирокчилари сонини камайтириб бўлса-да, интригани ошириш ҳаракатида бўлдик. Мавсум давомида эса Про лига савиясини кўтара олганимизга гувоҳ бўлдик. Аввалги йилларда қуйи лигада қайси жамоалар, қандай ҳолатда турнирни ютиб чиққани кўпчиликнинг эсида қолмаган. Фарғонадаги баҳс эса камида 20-30 йил давомида ҳеч кимнинг эсидан чиқмайдиган ўйин бўлди.

Масаланинг ёмон томонини ҳамма кўриб бўлди, лекин яхши томонини ҳам эсимиздан чиқармаслик керак. Биринчидан, Про лига обрўси ошди. Бу турнирни ҳам «Узрепорт» телеканалида жонли эфирга олиб чиққанимиз, Фарғонадаги учрашувнинг финал баҳсидек ўтгани, қолаверса «Динамо» ва «Шўртан» ўртасидаги кураш сўнгги ўйинни дербига хос ўтишига хизмат қилди. Ўйинни бошида футболчиларнинг майдондаги ўзаро кескинлиги ҳам хурсанд қилдики, зерикарли футбол бўлмади. Чунки ўйиндан олдин «Турон» ўйинни «бериши», «Нефтчи» чиқиши аниқ» қабилидаги гаплар шунчаки миш-миш экани ойдинлашди. Ўйинда икки жамоа ҳам фақат ғалабани ўйлади. 90 дақиқа учун икки жамоага ҳам раҳмат дейман.

«Нефтчи»да ҳали плей-офф ўйинида имконият бор эди...»

— Ўйин охирида эса «Нефтчи» футболчиларига профессионаллик етишмади. Чунки содир бўлган воқеани биринчи бўлиб мухлислар бошлагани йўқ. Бу ҳолда мухлисларни тўғри тушунаман. Агарда мезбон жамоа футболчиларида профессионаллик бўлганида, улар ўйиндан кейин мухлисларга қарсак чалишарди. Чунки «Нефтчи»да ҳали плей-офф ўйинида имконият бор эди. Мағлубиятни тан олиб, мухлисларни тинчлантириб, рақибни ҳурмат қилганида томошабинлар ҳеч қачон бундай ишлар қилишмасди. Футболчилар эса аксинча ҳакамни олдида бу ишни қилганларидан кейин мухлислар ҳам кўтарилди.

Шунга қарамай, Фарғона вилоят ҳокимиятига раҳмат айтаман. Чунки яқин-яқингача Фарғонада футбол озгина орқага чекинганди. Ҳозирда эса жамоалар яна «Истиқлол» стадионига қайтишди, мухлислар ҳам трибуналарга қайтишмоқда, вилоят ҳокимининг ўзи бефарқ эмас. Фарғонадаги ўйин олдидан вилоят ҳокими Хайрулло Ҳайитбоевич Бозоров билан учрашиб, қарийб бир соат суҳбатлашдик. Унда стадион чимини яхшилаш, ёриткичларни талаб даражасига етказиш ва «Нефтчи»ни келажаги бўлган клуб академиясини ташкил қилиш бўйича фикримиз бир жойдан чиқди.

«Ҳакамларга ҳеч қандай эътироз йўқ»

— Ўйинни ҳамма кузатиб бориш имкониятига эга бўлди, ҳакамлар ўйинни жуда яхши бошқаришди. Уларга ҳеч қандай эътирозимиз йўқ. Аксинча, ҳакамларга бу ўйин учун мукофотлар ҳам қилиб берамиз. Энди бу воқеаларни унутиб олдинга интилишда давом этиш керак. Шукурки, оғир жароҳатларга сабаб бўлган ёки ўлим ҳолати бўлгани йўқ.

Албатта, Фарғонадаги ўйиндаги воқеаларни шунчаки унутиб бўлмайди. Биринчидан, бу дарс бўлиши керак. Ўзбекистон футбол ассоциациясининг тегишли органлари буни албатта кўриб чиқади. Бусиз иложи йўқ. Аммо мухлислардан ҳам, бошқалардан ҳам сўраб қолардимки, ўйинни фақат ёмон томонини олиб чиқиш керак эмас. Бизда футбол жонланаяпти ва ҳаммаси яхшиланишда давом этади.

Фото: УзА

«Нефтчи»га қандай жазо берилади?

—  Юқоридаги гапим билан «Нефтчи»га юмшоқроқ жазо берилади, демоқчи эмасман. «Нефтчи» жазоланади. Айниқса, бу ишни бошлаганлар. Эътибор беринг, тартибсизликда иштирок этганларнинг аксарияти ёш футболчилар — 21-22 ёшли болалар. Улар ҳақиқатан ҳам ёшлик қилишди. Бу ишни ЎФА кўриб чиқиб, қарор чиқаради. Аммо 2-3 нафар футболчининг иши учун бутун жамоа жавоб беришига қўшилмайман. Чунки улар орасида жанжалда ажратмоқчи бўлганлар ҳам бор. Кўрамиз, ЎФА қандай қарор чиқараркан. Шунга қарамай, «Нефтчи»га омад тилаб қоламан. Стадионга рухсат беришди, мухлисларга рухсат беришди. Энди буларни оқлаш ўрнига бундай ишлар қилиш жамоани фақат орқага тортади. Бу йил чемпионатимиз «Пахтакор» ва «Навбаҳор» ўйин билан жонли бошланганди ва мана бу баҳс билан анча жонли тугаяпти. Биз шундан хурсандмиз. Аммо ҳаммамиз ҳам ўз эҳтиросларимизни жиловлай олишимиз шарт.

«Ҳоким ўйиндан кейин жамоа билан суҳбатлашди...»

— Ўйиндан кейин шахсан вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг ўзлари «Нефтчи» кийиниш хонасига кириб, жамоа билан суҳбатлашдилар. У ерда «ўзларинг ҳеч нарса қила олмадиларинг» қабилида яхши гап бўлди. Чунки ҳақиқатан ҳам муносиб бўлганида бир тур олдин «Динамо»ни мағлуб этиб чиқиши мумкин эди. Ўзи вазиятни шу ҳолатга олиб келди. Бетараф мухлис сифатида ўйинни кузатган бўлсак-да, «Турон» 2-3 вазиятда «Нефтчи»ни аяди, дейиш мумкин. Бўш дарвозага уролмади, пенальтидан гол киритилмади. Аслида, ўйинда йирик ҳисоб қайд этилиши ҳам мумкин эди.

Ҳозирда бизда тўлиқ ўйин видеотасмаси, жуда ҳам кўп видео лавҳалар бор. Инспекция тўлиқ иш бошлади. Мана ҳозир вокзалда турган бўлсак-да, кеча кечаси билан кўпчилик ухламай, ҳамма вазиятлар ўрганилаяпти. Ҳар ким ҳар бир ҳолат бўйича албатта жавоб беради. Ҳеч кимни қилмиши шунчаки қолиб кетмайди.

«Нефтчи» плей-офф ўйинини ўтказадими?

— Умид қиламанки, бу воқеалар жамоанинг плей-офф ўйинига зарар кўрсатмайди. Бу ишни қилганлар жазоланиши керак, аммо клубни 1-2та аҳмоқ мухлиси деб бутун бошли жамоани жазолашга қўшилмайман. Аммо айтишим керакки, бу ерда менинг қарорим ҳеч қандай аҳамият касб этмайди. Бу ерда тегишли органлар, катта одамларимиз бор, улар ҳал қилишади. Хоҳлардимки, Суперлига учун плей-офф баҳси ҳам ўтказилсин, у баҳс ҳам чиройли ташкил қилинсин, ким кучли бўлса, ўша жамоа лигада ўйнасин. Биз ПФЛ ходими сифатида интрига бўлиши тарафдоримиз. Қўмита томонидан жазо мана шундай воқеалар бошқа бўлмаслиги учун берилади. Ҳаттоки жанжалда қатнашган фан-клуб аъзоларигача ўз жазосини олади.

Бобур Акмалов суҳбатлашди.

Усмон Ибодов
Тайёрлаган Усмон Ибодов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид