Иқтисодиёт | 12:15 / 02.12.2020
56527
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекнефтгаз» 2021 йилдан автомобил ёнилғиси нархлари ошиши ҳақидаги хабарларга изоҳ берди

«Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда 2021 йилдан автомобил ёнилғиси нархлари ошиши ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан изоҳ берди.

Ташкилот матбуот котибининг Kun.uz'га маълум қилишича, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасида (АЁҚШ) автомобил ва дизел ёқилғисининг чакана нархи эркин шаклланган бўлиб, унга биржа савдолари орқали харид қилинган улгуржи нарх, АЁҚШнинг сотиш билан боғлиқ харажатлари ва фойдаси ҳамда амалдаги қонунчиликда кўрсатилган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ҳам қўшилади.

Молия вазирлиги томонидан автомобил ва дизел ёнилғисига тўланадиган акциз солиғи 2021 йил 1 февралдан ошиши тўғрисидаги солиқ қодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилган. Ушбу қонун лойиҳасига кўра, қуйидаги нефт маҳсулотларига ва якуний истеъмолчига сотилувчи товарларга солинадиган акциз солиғи ставкаларига ўзгартириш ва қўшимча киритилиши кўзда тутилмоқда:

Нефт маҳсулотлари:

  • 1 тонна Аи-80 бензини: амалда – 200 000 сўм, таклиф – 240 000 сўм;
  • 1 тонна Аи-80, Аи-92, Аи-93 ва Аи-95 бензини: амалда – 250 000 сўм, таклиф – 275 000 сўм;
  • 1 тонна дизел ёнилғиси: амалда – 200 000 сўм, таклиф – 240 000 сўм;
  • 1 тонна ЭКО дизел ёнилғиси: амалда – 180 000 сўм, таклиф – 216 000 сўм.

Якуний истеъмолчига сотилувчи товарларга солинадиган акциз солиғи:

  • 1 тонна бензин: амалда – 378 480 сўм, таклиф – 465 530 сўм;
  • 1 тонна дизел ёнилғиси: амалда – 346 275 сўм, таклиф – 425 918 сўм.

Юқоридаги ўзгаришлар республикада оммабоп бўлган Аи-80 бензини мисолида 1 тоннаси 127 050 сўмга (ҚҚСни ҳисобга олганда 146 108 сўмга) ёки 1 литри 95 сўмга (ҚҚСни ҳисобга олганда 110 сўмга) ошиши мумкин.

Автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари учун газ «Ўзтрансгаз» АЖ ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖ томонидан етказиб берилади.

Агар муҳокамага қўйилган қонун лойиҳаси муҳокамадан ўтмаса, автомобил ва дизел ёнилғисига тўланадиган акциз солиғи 2021 йил 1 февралдан оширилмайди.

Мавзуга оид