Жамият | 13:08 / 02.12.2020
7460
2 дақиқада ўқилади

Уч ўғилнинг отаси даволаниши ва операция қилиниши керак: улар яхшиларнинг ёрдамига муҳтож

Қашқадарё вилояти Касби туманида истиқомат қилаётган уч ўғилнинг отаси Эркин Усмонов 34 ёшда. У 7 йилдан буён жигар хасталигидан азият чекмоқда. Оиласи биз билан боғланиб, ногирон эрининг даволаниши учун хайрия акцияси ўтказиб беришни илтимос қилгач, биз Усмоновлар хонадонида бўлиб, вазият билан яқиндан танишдик.

Эркин Усмоновнинг қорни шишиб кетган. Киндиги ҳам муштидек шишиб турибди — унга чурра азоб бермоқда. Ўзининг айтишича, дард уни 7 йилдан бери қийнаб келади. Ҳозир у иккинчи гуруҳ ногирони, ҳеч жойда ишламайди. Ногиронлик нафақаси билан кун кўради. Унинг оиласи ҳам ишсиз.

Маҳаллий ҳокимлик пандемия даврида оилага озиқ-овқатдан ёрдам кўрсатган. Оила бошлиғи меҳнатга лаёқатсиз, вояга етмаган уч фарзанд ўсаётганлиги туфайли ҳокимлик икки хонали уй ҳам ажратиб берибди.

Бир муддат аввал мамлакатимиз марказий телеканалларидан бирида ҳам бу беморга кўмак йиғиш мақсадида хайрия акцияси ўтказилган. Бироқ ноинсоф фирибгарлар йиғилган пулларни уларнинг картасидан алдаб ўғирлаб олишгани маълум бўлди.

Айни пайтда оилага даволаниш учун пул керак. Беморнинг дардига фақат Ҳиндистонда трансплантация операцияси ўтказиш йўли билангина ёрдам қилиш мумкин. Операцияга 35 минг АҚШ доллари ҳисобида маблағ кетади. Бироқ жорий даволанишлари учун ҳам оилада маблағ йўқ.

Ҳозир беморни имкон қадар ҳолатини яхшилаб, комага тушиб қолишининг олди олиниши керак. Чунки беморнинг ҳолати оғир, бу кома охиргиси бўлиши ҳам мумкин.

Биз саховатпеша ҳамюртларимиздан бу жафокаш оилага баҳоли қудрат кўмак кўрсатишларини сўраб қоламиз.

Эркин Усмонов номига очилган пластик карточкалар:

UzCard: 8600 0424 7621 3078

Humo: 9860 0303 0386 5510

Мавзуга оид