Хотинини хўрлаган эр қамалди. Аҳвол нега бунчаликка борди?
Турмуш ўртоғи томонидан калтаклангани акс этган аёл воқеаси мана тўрт ойдирки ҳамон жамоатчилик муҳокамасида. Ҳатто ҳеч бир қотиллик ёхуд бошқа улкан жиноятлар ҳам бу қадар муҳокама этилмагани бу воқеа юзасидан кенгроқ мушоҳада юритишга ундайди. Юқоридаги ҳолатдан шундай хулоса чиқариш мумкинки, демак оиладаги шафқатсизлик фақат М.В. ҳаётидаги воқеа эмас...
«Мен ваҳший одам эмасман»
Тасаввуримизга аниқлик киритиш учун узоқ давом этган суд мажлисларида томонларнинг фикрларига эътибор қаратайлик. Жумладан, аёлини узоқ йил хўрлаб келгани айтилган Ш.К. ўтган суд мажлисларида шундай фикрларни билдирди:
— Шу кунга қадар суд жараёнларида жуда кўп бўлмаган гаплар ҳам айтилди. Аммо мен у ишларни қиладиган даражада эмасман. Аёлимни калтаклаганимни тан оламан, бу рашк сабабли эди, турмуш ўртоғимни яхши кўрганим учун рашк қилганман. Қолаверса, ўша вақтда кучли стрессда эдим. Тўғри, мен жиноят қилдим, аммо бу даражада ваҳший эмасман, мен ҳақимда тармоқларда бўлмаган гаплар тарқалиб кетди.
Шунингдек, турмуш ўртоғи билан яшаш ниятида экани, фарзандлари тақдири муҳим эканини бир неча бор таъкидлади. Ш.К ўз сўзида ўтган уч-тўрт ой мобайнида бутунлай бошқа одамга айлангани, қилган ишларининг хато эканини энди тушунганини айтмоқда.
Бу гапларни ёзаётганимизнинг сабаби шуки, айбланувчи вақтинчалик қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилгач, бир неча ойда барча хатоларини тушунганини айтмоқда. Хўш, бизда оиладаги зўравонликлар иштирокчиларининг қамоққача бўлган даврда ўз хатоларини кўрсатадиган тизим йўқми? Нима учун айбланувчи жиноий иш қўзғатилгандан кейингина хатосини англаб етмоқда? Оилавий низоларнинг барчаси шу йўсинда давом этиши керакми?
Тўғри, бизда оилавий низоларни ўрганиш, бартараф этиш учун маҳалла тизими мавжуд. Аммо мазкур суд иши шуни кўрсатдики, маҳалла тизими ҳам бу борада кутилган натижани бермаган! Чунки суд жараёнида мазкур хонадондаги аксарият воқеалардан маҳалла фуқаролар йиғинининг хабардор эмаслиги айтилди ва прокурор суддан маҳалла фуқаролар йиғинига ҳам хусусий ажрим чиқаришни сўради. Суд маҳалла фуқаролар йиғинига ҳамда жиноятни квалификация қилишдаги йўл қўйилган хато ва камчиликларни муҳокама қилиб тегишли чора кўриш мақсадида тергов органига ҳам хусусий ажрим чиқарди.
Хуллас, узоқ йиллар давомида оиладаги ҳолатни ҳеч ким бартараф эта олмаган, бу ишларнинг хато эканини билиш, чуқур англаш учун на тизим ва на муҳит бўлган. Бизни эса афтидан жамиятнинг ана шу камчилиги кўпроқ ўйлантириши керакка ўхшайди.
«Фарзандларим отасини бу ҳолатда кўриш менга ҳам осон эмас»
Жабрланувчи, М.В. бир неча бор суд мажлисларида бу воқеа, турмуш ўртоғига бериладиган жазо бошқаларга ҳам сабоқ бўлиши ҳақида гапирди. «Турмуш ўртоғим икки боламнинг отаси. Менга осон эмас бу одамни шу ерда кўриш. Шунча вақт ҳурмат қилиб келганман. Ўйлайманки, ақллари кириб... Мен Худодан бу кишига инсоф сўрайман».
М.В. ҳар гал суд мажлисларида бу воқеа бошқаларга ҳам сабоқ бўлиши ҳақда гапирди. Бу эса эътиборни тортмай қолмайди. Демак у ўзига ўхшаган жабрдийдалар жамиятда оз эмас деб ҳисоблайди.
Мазкур воқеа кенг жамоатчиликка тарқалгач, ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бу каби ҳолатлар юзасидан маълумот берганди. Жумладан, 2020 йилнинг дастлабки 8 ойида ички ишлар органларига хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари юзасидан жами 4 744 та мурожаат ва хабар келиб тушгани айтилганди. Агар бизнинг жамиятда аёл киши учун «уйдаги гапни кўчага олиб чиқиш» энг ёмон иллат деб баҳоланиши, фақат чидаб бўлмас даражага етгач, қаергадир мурожаат қилинишини ҳисобга олсак, юқоридаги рақамлар даҳшати кўз олдимизга келади. Ва табиий бир савол туғилади: биз қаерда хатога йўл қўйяпмиз?
Бизнинг халқ аёлларни хўрлайдиган, уларга паст назар билан қарайдиган халқми? Агар ундай бўлмаса юқоридаги рақамлар қаердан келиб чиқмоқда? Ва энг муҳими бу иллатнинг келиб чиқиш сабаби энди ўрганиладими? Чунки жазо жиноятчиликка мутлақо барҳам берадиган омил эмас. Унинг сабабларини ўрганиш энг муҳими. Ишонамизки, бу борада ҳам чуқур ўрганишлар олиб борилади ва самарали тизим ишлаб чиқилади.
Анвар Мустафоқулов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси Жаҳонгир Алибоев
Мавзуга оид
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024
Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
11:44 / 31.10.2024