Жаҳон | 14:13 / 03.12.2020
5797
2 дақиқада ўқилади

ОАВда Япония собиқ бош вазирининг қонунбузарлиги ҳақида маълумот пайдо бўлди

Яқин ўтмишнинг муҳим сиёсий фигураларидан бири Синдзо Абэ ўз тарафдорлари учун уюштирган базмлари учун сўроқ қилиниши мумкин. Прокуратура базм учун қилинган чиқим меҳмонлардан йиғилган йиғимдан ортиб кетган деган гумонда.

Фото: Franck Robichon / Getty Images

Токио прокуратураси собиқ бош вазир Синдзо Абэнинг либерал-демократик партияси аъзолари учун 2015-2019 йиллар оралиғида уюштирилган базмлари ҳисоботи юзасидан сўроқ қилмоқчи. Бу ҳақда Kyodo ахборот агентлиги хабар берди.

Агентлик хабарига кўра, собиқ бош вазирга чақирув қоғози жўнатилган. NHK телеканали Абэни сўроқ қилиш келаётган шанба кунидан кейин бўлиши кутилаётганини маълум қилган.

Синдзо Абэнинг котибларидан бирига қарши иш қўзғатилган. У Абэнинг тарафдорлари учун уюштирилган базмларга кетган харажатларни яширишда гумон қилинмоқда. Буни сайлов қонунчилигига зид деб топишлари мумкин. Гумон қилинаётган котиб тадбирларни ташкил қилувчи гуруҳга раҳбарлик қилган.

Базмга кириш киши бошига 5 минг иена (тахминан 46 АҚШ доллари) қилиб белгиланган. Бироқ базмлар уюштирилган меҳмонхоналар юқори классга оид бўлган ва киши бошига тўловлар одатга кўра анча баланд, деб ёзади The Japan Times. 2015 йилдан бери уюштирилган базмларга 191 минг доллардан ортиқроқ маблағ сарфланган. Прокуратуранинг фикрича, бу сумма меҳмонлардан йиғилган пуллардан анча кўп. Меҳмонларнинг аксари Абэ туғилиб ўсган Ямагути префектурасидаги сайлов участкаларидан бўлган. 2019 йилнинг ноябрида мухолиф партиялар базмларга сарфланган ва меҳмонлардан йиғилган сумма орасида фарқ борлигини иддао қилишганди.

Эслатиб ўтамиз, Синдзо Абэ шу йилнинг августида истеъфога чиққанди. У ҳукумат бошқарувига илк бор 2006 йил келган, 2007 йил вазирларига билдирилган ишонч тушиб кетгани учун амалдан кетганди. Давлат бошқарувига иккинчи бор 2012 йил келган Абэ, Японияни бу сафар 7 йилдан ортиқ бошқарди. Иккинчи истеъфосини у саломатлигидаги муаммолар билан изоҳлаганди. Синдзо Абэ ҳукумат бошқарувида рекорд даражада узоқ ишлаган.  

Мавзуга оид