Жаҳон | 21:45 / 06.12.2020
21174
5 дақиқада ўқилади

«Биз барибир ғалаба қиламиз». Трамп сайловдаги мағлубиятдан кейинги илк митингини ўтказди

АҚШ президенти Доналд Трамп президентлик сайловларида ютқазганидан кейинги илк митингини ўтказди. У митингда республикачи номзодларни ташвиқот қилиши керак эди, аммо икки соатни ўзига ва ўзининг «ўғирланган ғалабаси»га бағишлади.

Фото: Reuters

Жоржияда ўтказилган акция январда Сенат учун ўтказиладиган сайловлардан олдинги кампаниянинг бир қисми эди, бўлажак сайловда юқори палатада ким устунлик қилиши масаласи ҳал бўлади.

Жо Байден - ушбу штатда президентлик сайловларида 1992 йилдан буён ғолиб чиққан илк демократ номзод бўлди.

Трамп ҳамон ўз мағлубиятини тан олгани йўқ ва сайловлардаги қоидабузарликлар ҳақида гапиришда давом этмоқда, аммо у бу сўзлари учун бирор далил келтирмаяпти. Аммо АҚШ судлари бирин-кетин республикачилар штабининг даъволарини рад этмоқда, штатлар эса сайлов натижаларини расман тасдиқлашмоқда.

Митинг арафасида у твиттердаги саҳифасида Жоржия губернатори - республикачи Брайан Кемпни овозларни ҳисоблаш натижаларини дарҳол эълон қилмагани учун кескин танқид қилди. Бунга жавобан Кемп натижаларни қайта ҳисоблашга чақирганини эслатиб ўтди (унда сайлов натижаларини эълон қилиш ваколати ҳам йўқ).

Шундан сўнг Трамп губернаторни штат қонунчилик мажлисининг махсус чақириғини ташкиллаштиришга чақирди.

CNN ва Washington Post маълумотларига кўра, Трамп губернаторга қўнғироқ қилган ва уни сайловчиларнинг танловига таъсир кўрсатишга ундаган.

Трамп нима деди?

Фото: Reuters

Валдостда чиқиш қилган Трамп яна бир марта сайловлардаги фирибгарлик ҳақида гапирди ва губернатор Кемпга босим ўтказишда давом этди.

Трампнинг талқинига кўра, бу сайловларда почта орқали юборилган бюллетенларнинг сони ҳаддан зиёд юқори бўлгани кенг кўламли сохталаштиришга олиб келган.

Қарийб икки соатлик нутқида у аслида қайта сайланиш учун номзодини қўйган республикачи сенаторларни қўллаб-қувватлаши керак эди — у эса йиғилган тарафдорларига ҳали ҳам ғалаба учун имконият борлиги ҳақида гапирди.

Ўзининг айбловларини такрорлар экан, у шундай деди: «Улар сайловларимизда фирибгарлик ва сохтакорликка қўл уришди, аммо биз барибир уларни енгамиз». Бунинг учун Кемп «янада қатъийроқ бўлиши кераклиги»ни қўшимча қилди.

Шундан сўнг митингга «Американи яна буюк қиламиз» («Make America Great Again») шиори туширилган байроқларни кўтариб келганлар қуйидаги сўзларни айтиб ҳайқира бошлашди: «Ўғриликни бас қилинг» ва «Яна тўрт йил».

Шу билан бирга, Трамп шанба кунги чиқишида мағлубиятини билвосита тан олиб қўйган, у халқаро сиёсат бобидаги ютуқларини тез орада демократлардан сайланган президент йўққа чиқариши ҳақида гапирди.

АҚШ конституциясига кўра, Байден Трамп ўз мағлубиятини тан олиш-олмаслигидан қатъи назар 20 январ куни Оқ уйга кириши керак.

Республикачилар Жоржияда нима учун курашмоқда?

Жоржиянинг ҳозирги республикачи сенаторлари Келли Леффлер ва Дэвид Пердю Трампнинг чиқишини тинглашмоқда

Бу штат Сенатдаги икки ўрин учун сайловлар қайта ўтказилиши туфайли яна диққат марказида турибди. Ноябрдаги овоз беришда Сенатда бу ўринларни ким эгаллаши ҳал бўлмаганди, номзодларнинг ҳеч бири бу штатда етарли овозни (50 фоиз) ололмаганди. Иккинчи тур 5 январга белгиланган.

Жоржияда икки ўрин ҳам демократларга насиб этса, республикачилар Сенатдаги устунликни бой беришади. Демократлар республикачилар билан тенг ўринга эга бўлишади, овозлар тенг келган ҳолатда қарор қабул қилиш ҳуқуқи демократ Байденга ўтади.

Жоржиянинг ҳозирги чақириқдаги икки сенатори ҳам республикачилар. Улардан бири Дэвид Пердюга биринчи турда ғолиб бўлиш учун бир фоиздан камроқ овоз етмади. Унинг рақиби, журналист Жон Оссофф 47,9 фоиз овоз тўплади.

Яна бир ўрин учун курашда эса демократ Рафаэля Уорнок 33 фоиз, республикачи Келли Леффлер 26 фоиз овоз тўплаган.

Митингда ҳукмронлик қилган эйфорияга қарамасдан айрим республикачилар Трампнинг асоссиз айбловлари туфайли сайлов тизимига ишончи сўнган республикачилар партияси тарафдорлари сайловга келмаслигидан ташвишланишмоқда.

Чоршанба куни Жоржия штати давлат котиби, республикачи Брэд Раффенспергер Трампнинг сайловдаги фирибгарликлар ҳақидаги гаплари исботланмаганини маълум қилганди.

Бошқа бир республикачи, сайлов комиссияси вакили Гэбриэл Стерлинг президентни сайлов бўйича тасдиқланмаган айбловларни тўхтатишга чақириб, бундай чиқишлар зўравонликка туртки бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Мавзуга оид